Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тиним даври ва дарахтларни совуқ ҳарорат йиғиндисига бўлган талаби

23/Noyabr/2024 11:10
  972

Тиним даврида дарахтлар ёз мавсумидаги захирани оз миқдорда сарфлайди. Дарахт танасида захира бўлган шакар, қиш мавсумида парчаланади ва дарахт бўйлаб тарқалади. Бу суюқлик дарахтни “антифриз” сифатида қишки совуқда зарарланишдан сақлайди.

Дарахт қиш давомида сақланиши учун кузда берилган ёки ёмғирдан олинган сув жуда муҳимдир.

Куртаклар тиним давридан чиқишлари ва баҳорда гуллашлари учун маълум бир совуқ ҳарорат йиғиндисини (соат) талаб этадилар. Бу нарса ҳар бир мева навига боғлиқ ҳолда турлича бўлиши мумкин.

Субтропик минтақаларда шафтоли дарахтларини етиштиришда асосий муаммолардан бири – бу шафтоли навларининг совуқ ҳароратга бўлган талабини юқорилиги. Дарахт қишки уйқудан уйғониши учун етарлича совуқ ҳарорат йиғиндисини олиши зарур, лекин бундай минтақаларда қишки ўртача совуқ ҳарорат 5 градусни ташкил этиши мумкин. Шунинг учун субтропик минтақаларда совуқ ҳарорат йиғиндиси тушунчаси жуда муҳим ҳисобланади. Совуқ ҳарорат йиғиндиси, ҳарорат 7 градусдан паст бўлганда ҳисобланади. Масалан, 7 градусдан паст ҳарорат қиш мавсумида бир кунда 15 соат давомида бўлиши мумкин.

Агар қиш илиқ келса ва совуқ ҳарорат йиғиндиси етарли бўлмаса, мевали дарахтлар кеч новда чиқаради ва гуллайди. Гуллаш муддати узаяди ва натижада ҳосил камаяди. Гуллаш муддатининг узайиши ва ноқулай об-ҳаво мева гуллари билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқаради.

Ўзбекистон Республикасининг жанубий вилоятларида совуқ ҳарорат йиғиндисини кам талаб этувчи шафтоли навларини етиштириш меваларни эрта етилишига олиб келади. Бундан ташқари, шафтоли дарахтини иссиқхоналарда етиштирганда ҳам бу нарсага эътибор қаратиш лозим.

Манба:

Б. Ғуломов, Ш. Аброров, И. Нормуратов (2013). Мевали дарахтларга шакл бериш, кесиш ва пайвандлаш. Иккинчи нашр. Тошкент, Baktria press нашриёти.

Улашиш: