Пахта теримчилари учун яратилаётган шароитлар
Пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш учун кўмаклашаётган ҳашарчилар, барча дала меҳнаткашларига маданий, маиший, савдо ва бошқа сервис хизмати кўрсатиш борасида Сирдарё вилоятида ҳам намунали ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Хусусан, вилоят пахта далаларида “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган жаҳон ва ўзбек адабиёти намуналаридан сараланган асарлардан иборат китоб ярмаркаси ташкил этилмоқда. Унда китобларнинг нашриёт нархида савдоси ташкил қилинмоқда
Мутасадди идоралар томонидан ҳашарчилар даврасида ўтказилаётган ижодий учрашув, маданий-маърифий тадбирларда шоир, ёзувчи, санъаткорлар иштирок этаётир.
Пахта терими давом этаётган ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларидаги турғун савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти жонлантирилди. Бундан ташқари, теримчилар ҳузурига бориб савдо хизмати кўрсатаётган кўчма дўконлар ташкил этилмоқда.
Савдони тўғридан-тўғри пахта даласида ташкил этиш мақсадида 35 кўчма дўкон ташкил этилган. Жойлардаги турғун савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда кўчма дўконлар орқали 12 турдаги озиқ-овқат ва 22 турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган. Бу ишларни амалга оширишга 14 улгуржи ва савдо хизмати кўрсатиш корхоналари бириктирилган. Савдо нақд пул ва пластик карточкалар орқали амалга оширилиши таъминланаётир.
Манба: www.uza.uz