Соғин сигирлар кетози: сабаблари ва аломатлари
Охирги ўн йилликда соғиладиган чорвага қараш шарт-шароитлари кескин ўзгарди. Чорвачилик комплекслари ва фермаларда ҳайвонларни боқиш ишлари авж олганда соғин сигирларни анъанавий тартибда озиқлантириш ҳам ўзгарди. Соғин сигирларнинг генетик имкониятлари ва берадиган сут миқдори ошиб кетди. Сигир кўп миқдорда сут берса, организмида модда алмашинув жараёнлари ҳам тезлашади. Кичик молхонада кўп чорва сақланиши улар организмига нохуш таъсир кўрсатиб, гиподинамияни (кам қимирлашни/юришни) ривожлантиради.
Соғин сигирларнинг асосий озуқаси сифатида сенаж, силос, омухта емларни кўп бериб, пичан ва илдизмевали ўсимликлар ҳаддан ташқари кам берилса, жониворларда модда алмашинуви бузилади ва серсут сигирлар кетозга чалинади.
Кетоз – моддалар алмашинувининг бузилиши бўлиб, серсут сигирларнинг организмида кетон таначалари (бета-окси ёғ, ацетосирка кислотаси, ацетон) тўпланиб қолиши билан кечади. Бир вақтнинг ўзида эндокрин тизим, жигар, юрак, буйрак зарарланади, организм аутоинтоксикацияси (захарланиши) кузатилиб кўпайиш (жинсий аъзолар) функцияси бузилади.
Даставвал, ацидоз пайдо бўлиб, организмда кислоталилик ортиб кетади. Организм мувозанатловчи акс таъсирини кўрсатгач, яъни захира ёғ глюкозага парчалангач, кетон таналари юзага келади. Бу жараённи ламинит (туёқ териси асосининг асептик яллиғланиши) оғирлаштириши мумкин. Бу патология туёқ ўсиш жараёнини ишдан чиқарадиган (модда алмашинуви бузилиши сабабли келиб чиқувчи) оғир метаболик касалликдир.
Ҳозирги вақтда катта қориндаги pH (кислота-ишқор мувозанати) пасайиши билан оёқлар касалланиши орасидаги боғлиқлик исботланганлиги ҳақиқат. Рацион мувозанатининг бузилиши, ем микотоксинлари, клетчатка таркиби камлиги (йирик қорамоллар рационидаги муҳим углевод) ҳазм бўлиш жараёнини бузади, грамсалбий бактериялар ўлади, экзо- ва эндотоксинлар юзага келади. Бу ўз навбатида оёқлар учидаги томирлар қисилишига олиб келади, натижада туёққа зарар етиб мол қаттиқ оқсоқланади, ўтказиб юборилса, туёқ мугузи қуриб қолиши ҳам мумкин. Ламинитда бир ёки ундан кўп туёқларининг остидан кичик қон кетишлари мумкин. Туёқ таги ёрилиши некробактериоз қўзғатувчилари учун йўл очади (Fusobacterium necrophorum). Некробактериозда оёқлар учидаги тўқималар, тери тўқималари, овқат ҳазм қилиш тракти ва ички аъзоларнинг (жигар, ўпка, оғиз бўшлиғи, жинсий аъзолар в.б.) шиллиқ қавати йиринглайди.
Кетозни касаллик сифатида ўтган юз йиллик бошларида таърифлашган, аммо охирги ўн йилликда бу касаллик тарқалиб кетди. Олимлар маълумотларига кўра серсут сигирларнинг 12-80 фоизида кетоз учрайди. Касаллик, асосан, бир сут бериш даврида 4000 кгдан ортиқ сут берувчи серсут сигирларда туққанидан 1-2 ой ўтиб қайд қилинади. Аммо сутдан чиққан даврда касалликка чалиниш ҳолатлари ҳам тез-тез учрайди. Соғин сигирлар қонида кетон таначалари таркиби 1-6 мг% учраши меъёрий ҳолдир. Кетозда эса 7 дан тортиб то 50 мг% кўтарилиб кетади. Сигирларнинг ацидоз ва кетозини аниқлашнинг оддийгина математик йўли бор. Бунинг учун сут таркибидаги ёғ фоизини оқсил фоизига бўлиш керак. Агар натижа 1,25-1,35 чиқса бу меъёрий; 1-1,25 чиқса, ацидоз; 1,36-1,5 натижа эса кетозни англатади.
Соғин сигирлар кетозга чалинганда ҳайвоннинг сут бериши 10-15 фоизга қисқариб кетади, кўпайиш тизимнинг функцияси бузилади, сигирлар нобуд бўлади, сермаҳсул сигирлардан фойдаланиш муддати қисқариб улар гўштга топширилади, бузоқчалар ўлади. Бунинг натижасида эгалари катта иқтисодий зарар кўрадилар.