Бир килограмм майиз тайёрлаш учун қанча узум сарфланади?
Минтақамиз аҳолиси узумни асосан ҳўл мева ёки майиз ҳолатида истеъмол қилади. Узумдан қиём, шарбат концентрантлари ва бошқа кондитер маҳсулотлари тайёрланади. Шунингдек, узумни қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўлган чиқиндилардан кенг фойдаланиб, этил спирти, шароб кислотаси, рангловчи моддалар, мойлар ишлаб чиқилади.
Халқ орасида майиз тайёрлаш кўпроқ оммалашган. Август ойи қуёшли, иссиқ бўлганда узумдан майиз тайёрлаш учун 15-20 кун етади. Сентябрда эса об-ҳавога қараб, бу муддат чўзилиши мумкин.
Майизнинг икки тури бўлиб, сояки (сояда қуритилган) юмшоқ ва офтоби (қуёшда қуритилган) бироз қаттиқ бўлади.
Қайд этиш жоизки, узумнинг сояки нави ҳам бўлиб, у энг қадимий маҳаллий навлардан ҳисобланади. Асосан Тошкент вилоятининг Паркент туманида етиштирилади.
– Одатда тўрт килограмм узумдан бир килограмм майиз чиқади, – дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Камолитдин Султонов.– Аслида майизнинг кўпроқ чиқиши узум таркибидаги қанд миқдорига ҳам боғлиқ. Мисол учун, кишмишбоп навларда қанд миқдори 25-30 фоиз бўлиб, 4 килограмм узумдан 1 кило майиз тушади. Қанд даражаси 30 фоиздан юқори бўлса, 3 килограммдан бир кило, агарда 20 фоиздан кам бўлса, 5 кило узумдан бир килограмм майиз тайёрланади. Яна бир гап баҳоси ҳам навига қараб бўлади. Мисол учун, сояки қуритилган суғдиёна, гигант майизлари 300 минг сўмгача баҳоланса, офтобилари 20-30 минг атрофида бўлади. Майизнинг яхши томони ― мавсум танламайди. Фақат сақлашни эпласангиз, бўлди.
Дунёда энг кўп майиз тайёрловчи ва истеъмол қилувчи мамлакат -Туркия ва АҚШ ҳисобланади. Учинчи ўринга 2000 йилдан Хитой чиқиб олди. Кейинги йилларда майиз экспортида асосий ўсиш Чили, Ўзбекистон, Туркия ва Эронда кузатилмоқда.
Муаллиф: Сайёра Шоева. Манба: ЎзА