Қамашига Италиядан қуён келтирилди
Қашқадарёда “Қамаши момиқ қуёнлари” масъулияти чекланган жамияти иш бошлади, дея хабар бермоқда “Биржа” газетаси.
Бу корхона амалга оширадиган лойиҳа замон талаблари асосида ишлаб чиқилган ва беозор жониворларни саноат усулида боқишга мўлжалланган. Уни ҳаётга татбиқ этиш учун 7 миллиард сўм миқдорида инвестиция жалб қилинган. Шундан 6 миллиард сўми тижорат банки кредити, қолгани тадбиркорнинг ўз маблағидир.
– Биз аввалдан наслли қуёнлар парваришлаб, кўп миқдорда гўшт ва тери етиштиришга ихтисослаштирилган мажмуа барпо этишни режалаштириб юргандик, – дейди МЧЖ раҳбари Бахтиёр Ғофуров. – Лойиҳамизни Президентимизнинг вилоятимизга 2016 йил февраль ойидаги ташрифи чоғида намойиш этдик. Давлатимиз раҳбари ташаббусимизни маъқуллади. Биз дарҳол уни амалга оширишга киришдик. Бўш ётган ҳудуддан 10 гектардан зиёд ер олиб, зарур бино-иншоотлар қурдик. Улардаги шароитлар талаблар даражасида бўлишига алоҳида эътибор қаратдик. Ҳозирча ҳар бирида 2 мингдан зиёд наслли қуён боқиладиган 4 та блокни ишга туширдик. Улар шамоллатиш тизими, сув узатиш ускуналари, махсус қафаслар билан жиҳозланди. Замонавий технологияларнинг аксарияти хориждан келтирилди. “Янги Зеландия” наслига мансуб, тез ўсиб, қимматбаҳо тери ва момиқ берадиган 1500 та қуённи эса Италиядан олдик.
Қуёнлар қафасларнинг алоҳида-алоҳида бўлмаларида парваришланади. Кўпайиши кутилаётганлари махсус жойда боқилади. Улар бир йилда уч-тўрт марта болалайди, ҳар сафар 8 тагача туғади. Болалари 20 кундан сўнг бошқа бўлмага ўтказилади.
Қуёнлар автомалаштирилган жўмракдан сув ичади, емишлари гранулаланган махсус озуқадан иборат бўлади. Бу усул чет элда кенг оммалашган. Самарадорлиги ҳам шунга яраша бўлади. Белгиланган меъёрга амал қилинса, 80 кун ичида қуённинг тирик вазни 3 килограммдан ошади. Бу 2 килограммдан ортиқ гўшт олиш мумкин деганидир!