Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Кўнгилли пахта теримчилари йўлга чиқишди

16/Aprel/2024 03:40
  701

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан иқтисодий манфаатдорлик асосида ихтиёрий пахта йиғим-теримига чиқиш истагида бўлган фуқароларни уюштирилган тартибда пахта майдонларига юбориш бошланди. Бу ҳақида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Пахта теримида ихтиёрий қатнашиш истагида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ишонч тармоқларига мурожаат қилган фуқароларнинг бир гуруҳи, яъни 96 нафари Хоразм вилояти Урганч шаҳридан Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига кузатилди. Кўнгилли фуқароларнинг аксарияти Шовот, Янгиариқ ва Урганч туманларидан мурожаат қилган.

Бу йилги пахта мавсумида аҳоли кам бўлган ҳудудлар учун алоҳида тартиб белгиланиб, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларининг барча туманларида, шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Нишон ва Касби, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Музработ туманларида қўлда терилган 1 килограмм пахта учун биринчи теримда – 950 сўм, иккинчи теримда – 1150 сўм ва учинчи теримда – 1300 сўм, бошқа ҳудудларда эса 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 650 сўм, иккинчи теримда 850 сўм ва учинчи теримда 1000 сўм тўланиши белгиланган.

Пахта теримида ихтиёрий тарзда қатнашиш истагини билдирган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари давлат томонидан ҳимоя қилинади ҳамда улар учун пахта мавсумида барча зарур шароитлар яратиб берилади.

Фуқаролар мурожаатлари бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан кўнгилли фуқароларни пахта теримига юбориш давом этмоқда.

Манба: www.mehnat.uz

Улашиш: