Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Картошка касалликлари. Фитофтороз

24/Noyabr/2024 03:24
  1745

Сабзавот экинлари қаторида картошка ҳам инсон ҳаётида катта аҳамиятга эга ва озиқ-овқат рационида муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга кўп ҳолларда экин ўсув даврида ва кейинчалик ҳосилни омборхоналарда сақлаш пайтида, ҳар хил касалликлар таъсирида, картошка ҳосилининг анча қисми нобуд бўлади ва сифати кескин пасаяди. Ҳимоя чоралари ва бошқа тадбирларни мунтазам қўлламаслик натижасида касалликлар, айниқса шахсий томорқаларда, кўп учрайди ва катта зарар келтиради.

Юқори ва сифатли картошка ҳосили етиштиришни таъминлашнинг асосий шартларидан бири экинларни касалликлардан ҳимоя қилишдир. Бунинг учун эса касаллик қўзғатувчисини тўғри аниқлаш, унинг ривожланиши, тарқалиши, бир мавсумдан иккинчисигача қандай сақланиши ҳақида маълумотларга эга бўлиш ва шулар асосида экинни ҳимоя қилишнинг самарали муддатларини билиш ва усулларини қўллаш лозим бўлади.

Фитофтороз касаллигини Phytophtora infestans оомицет замбуруғи келтириб чиқаради. Бу касаллик ўсимликни икки хил шаклда, яъни баргларни зарарлаш ва туганакларни зарарлаш билан намоён бўлади. Зарарланган баргларнинг четларидан ѐйилган қўнғир доғларни кўриш мумкин. Баргнинг орқа қисмидаги доғларнинг устида оқиш ғуборларни кўриш мумкин. Зарарланган туганакларнинг устки қисмида турли шаклдаги қўнғир доғларни кузатиш мумкин. Касаллик қўзғатувчилар ўлик ўсимлик қолдиқларида ооспора ҳолида сақланади.

Касаллик ривожланиши учун тез-тез ёмғир ёки шабнам, ҳаво ҳарорати 10 даража ёки юқорироқ бўлиши зарур, 20-25 даража ҳарорат қулай шароит ҳисобланади. Замбуруғ тупроқда, тупроқ устидаги ўсимлик қолдиқларида қишлайди. Зарарланган картошка туганаклари асосий инфекция манбаи бўлиб хизмат қилади. Касаллик экинга қўшни далалардаги картошка ва помидордан ҳам тарқалади. Қўзғатувчи замбуруғнинг ҳар хил ирқлари мавжуд ва картошка навлари улар билан ҳар хил даражада зарарланади. Фитофтороз таъсирида ҳосилнинг 70% гачаси, Ўзбекистонда 30-40 фоизи йўқотилиши мумкин.

Кураш чоралари (агротехник). Тупроққа соғлом туганакларни экиш, алмашлаб экиш қоидаларига риоя қилиш, NPK ўғитларни меъёрида қўллаш, микроэлементлар эритмаси билан ишлов бериш, картошка хосилини қуруқ ҳавода йиғиштириб олиш, сақлаш режимига амал қилиш, чидамли навларни экиш, ўсимликларни қуритиш ва уларнинг қолдиқларини даладан чиқариб, йўқотиш тавсия қилинади.

Кураш чоралари (кимёвий). Ўсимликларга ўсув даврида кимѐвий ишлов бериш: 1% ли бордо суюқлигини, 90% ли мис хлорид эритмасини 1 га ерга 500 - 600 л миқдорда ҳар 10-15 кунда сепиш, превикур 60,7% с.э. (1,5 л/га), Ридомил Голд 68% н.кук. (2,5 кг/га).

У. Раҳимов


Улашиш: