Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тошкент давлат аграр университетида “Узум-2018” кўрик-танлови бошланди

28/Mart/2024 23:08
  597

Тошкент давлат аграр университетида бугун узумлар байрами ўтказилмоқда, деб хабар берди ЎзА.

“Узум-2018” кўрик-танлови Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда юртимизнинг етакчи узум етиштирувчи боғбонлари-ю томорқа эгалари иштирок этмоқда.

– Бугунги танловда иштирок этиш учун Индонезиядан келдим, – дейди Аншос Хашим. – Бу қадар ширин ва табиий узумларни ҳеч қачон кўрмаганман. Ўзбекистон, унинг табиати ва мевалари ҳақида эшитмагандим. Ҳозир ҳаммасини ўз кўзим билан кўриб, мевалардан истеъмол қилгач, сизларга ҳавасим келди. Айниқса, менга қора ҳусайни жуда ёқди. Энг ширин танлови учун ана шу узумга овоз бераман.

Узум сайлига юртимизнинг турли ҳудудларидан келтирилган маҳсулотлар мутахассислар ҳамда иштирокчилар томонидан учта йўналишда баҳоланади. “Энг бозорбоп”, “Энг ноёб” ва “Энг ширин”.

– Биз Олтиариқдан келдик, – дейди Файзулло Холбоев. – Бу “Дили кабутар”ни энг ноёб узум нави номинациясига таклиф этаётирмиз. Қарсиллайди, баҳорга қадар туради. Ширинга “Ҳусайни”, бозорбопга “Ҳусайни каду” каби навларимиз жавоб бера олади. Ҳозир “Ҳусайни” таркибидаги қанд моддасини даражасини ўлчаб кўришди. 20,1 ни кўрсатди. Дунёда узумнинг кишмиш навлари 22 даража билан биринчиликда туради.

Танловда узум етиштириш, қайта ишлаш, совуқхонада сақлаш ҳамда экспорт қилиш бўйича тақдимотлар ҳам ўтказилмоқда. Унда ишлаб чиқариш, теримдан кейинги амалиётлар ҳамда маркетинг мутахассислари узум етиштириш соҳасининг ҳозирги ҳолати, ривожлантириш истиқболлари ҳамда узум бозоридаги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот бермоқда.

Муаллиф: С. Шоева. Манба: ЎзА

Улашиш: