Наъматакни ўстириш технологияси
Наъматак турлари кўп уруғ ва мева бериши билан биргаликда поликарпик ўсимлик ҳисобланади. Адабиётларда кўрсатилишича ва олиб борилган тажрибалар натижалари наъматак уруғларини қийин унувчи уруғлар қаторига кириши аниқланган. Ҳақиқатан ҳам табиатда бу ўсимликни ёш ниҳоллари камдан-кам ҳолларда учраши кузатилган.
Наъматак уруғларини тайёрлашда Ўзбекистон шароитида август ойини биринчи ярмида ўсимлик меваси сарғиш-қизғиш рангга ўта бошлаганда йиғилади. Ўсимлик мевалари уруғидан ажратилиб, 1 қисм уруққа 3 қисм қум билан аралаштирилади. Аралашма 60—70 см чуқурликдаги ўрага солиниб усти ёпилган ҳолда, ҳар 10—15 кунда намлаб, иложи бўлса 1 ойда бир марта уруғларни чуқурдан олиб яна аралаштирилган ҳолда қайта кўмиб қўйилади. Уруғлар шу усулда стратификация қилинганда уларни унувчанлиги ортади. Тайёрланган уруғлар кузда 30—35 см чуқурликда ҳайдалган, гўнг ва фосфорли ўғитлар билан ўғитланган, бороналаб текисланган ерларга (эрта баҳорда), қатор оралиғи 65—70 см ли жўякларга сепилади ёки 55—65 см жўякларга кўчат оралиғи 10—15 см қилиб 3—4 тадан уруғлар 1,0—1,5 см чуқурликда экиб чиқилади. Экилган уруғларни устига 1 см қалинликда майда чиритилган гўнг ёки ёғоч қипиғи ҳам сепилса намликни сақлаб туришга ёрдам беради. Шу билан бирга ниҳолларни совуқ уришидан асрайди. Баҳорнинг келишига қараб, дастлабки ниҳоллар март ойининг биринчи декадасида ўсиб чиқади. Март ойида ўсимликни бегона ўтлардан тозалаб қатор ораларига ишлов берилади. Ҳар ойда 3—4 мартадан суғорилиб, культивация қилинади. Май-июнь ва июль ойларида гектар ҳисобига 50—60 кг азотли ўғитлар билан озиқлантириш ниҳолларни яхши ўсишига ёрдам беради.
Наъматак ўсимлигида замбуруғли ун шудринг касаллиги тез тарқалиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда апрель ойидан бошлаб ҳар ойда икки мартадан олтингугурт кукуни пуркаб турилади.
Айрим наъматак ўсимлигини пол-пол қилиб ҳам экиш мумкин. Бунинг учун юқоридаги усулда тайёрланган уруғларни кеч куз ноябрь-декабрь ойларида ёки февраль ойида узунлиги 5—8 м, эни 1,0—1,5 м пол қилиниб тупроқлари юмшатилиб, февраль ойларида уруғлар сепилади. Уруғни устига 1,5—2,0 см калинликда чиритилган гўнг ёки ёғоч қипиғи сепилади. Ёғингарчилик кам бўлган вақтларда уруғ экилган майдонлар суғорилиб турилади. Ниҳоллар униб чиққандан кейин ҳам азотли ўғитлар билан озиқлантирилиб, тез-тез суғориб турилади. Май ойида ниҳолларга олтингугурт кукуни пуркалади. Яхши парвариш қилинганда май ойининг биринчи декадаларида ниҳолларни бўйи 10—15 см, пояда 6—8 тагача барглар пайдо бўлади ва илдизлари 10—12 см га етади. Шу ниҳолларни илдизларини 1,0—2,0 см чилпиб, қатор оралиқлари 60—65 см, кўчат оралиғи 10—15 см қилиб сув қуйилиб захлатилган эгатларга экиб чиқилади ва тез-тез суғорилиб турилади.
Экилгандан 10—15 кундан сўнг кўчатларни қатор ораларига ишлов бериш, азотли ўғитлар билан ўғитлаш ва вақти-вақти билан олтингугурт препарати билан пуркаш ишлари олиб борилади. Кўчатларни июнь ва июль ойларида бегона ўтлардан тозалаб ҳар 10—12 кунда суғориб турилади. Кеч куз ойларига бориб кўчатлар тайёр бўлади.
Кўчатларни куз ойларида ёки эрта баҳорда қатор оралиғи 5—6 м, кўчат оралиғи 2—3 м қилиб ўтқазиб наъматакзорларни барпо этиш мумкин. Наъматак майдонларини қатор ораларини ишлаш билан биргаликда замбуруғли, вирусли касалликларига қарши кураш олиб бориш, азотли ўғитлар билан озиқлантириш ва куз ойларида органик ўғитлар билан ўғитлаш лозим бўлади.
Манба:
Б.Ё.Тўхтаев ва бошқалар (2017). Доривор ўсимликларни етиштиришнинг инновацион технологиялари модули бўйича ўқув-услубий мажмуа. Тошкент.