Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қайси ҳолларда мевали дарахт шохлари ёзда кесилади?

23/Noyabr/2024 21:40
  1299

Ёзда кесишнинг турли услублари бор. Улардан кўзланган умумий бир мақсад бу тузатилиши керак бўлган ерларни аниқлаш.

Мавсумдан ташқари кесиш бўлишига қарамай ёзги кесишнинг боғда ўз ўрни бор. Масалан, шикастланган шохларни кесиш зарурати пайдо бўлганда қўл келади. Шамол ёки ҳосил оғирлигида эгилиб синган шохларни тўғри кесиш, зарарланган ерини тез ва яхши битиб кетишига сабаб бўлади.

Янги новдаларни кесиш ёки чилпиш кучли вегетатив ўсишга мойил бўлган дарахтлардаги ўсиш шиддатини сусайтиради. Бу ўз навбатида узун ва нозик шохларни ҳосил бўлишининг олдини олади. Ёзги чилпиш дарахтнинг умумий катталигини назорат қилишда ҳам ёрдам беради, бу айниқса пакана дарахтларни шакллантиришда қўл келади.

Қачон кесиш керак?

Июндан августгача. Кузга келиб, дарахт ривожланиши секинлашади ва бу даврга қадар, яъни фаол ўсиш мавсумида ёзги кесиш амалга ошириш керак. Қиш ва баҳори совуқ иқлимларда янги новдаларнинг ривожланиши кечикканлиги сабабли, ёзда кесиш инобатга олиниши лозим.

Одатда ёзда кесиладиган дарахтларга шафтоли ва олхўри мисол бўла олади. Бу дарахтлар кучли ўсишга мойил бўлиб, қувватининг катта қисмини вегетатив ўсишга сарфлайди. Бошқа турдаги дарахтларга нисбатан, улар энг юқори баландликка, пишиқ ва мустахкам шохлар эвазига тезроқ етишади. Ўз навбатида бу шохлар ёруғлик ва шамол ўтиши муаммоларини туғдириши мумкин.

Кесишдан мақсад

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш. Юқорида айтилганидек узун ва нозик ўсган новдалар чилпилади. Уларни учидан 7-10 см узунликда чилпиш ёки кесиш керак.

Агар кейинчалик ундан ён шохлар ўсиши жадаллашса кеч ёзда яна бир бор амалга оширилади.

Ёзда кесишнинг дарахтларга фойдаси

Ёруғлик яхши тақсимланади. Ёш дарахтларда мева куртаклари шаклланишида ёруғликнинг аҳамияти катта. Ҳосилга кирган дарахтларда, ёруғлик мева катталиги ва сифатини ошишига сабаб бўлади. Ҳар қандай ёшдаги дарахтларда, етарли ёруғлик ва ҳаво айланиши улардаги замбуруғ касалликлари билан касалланиш эҳтимолини камайтиради.

Мустаҳкам навдалар шаклланади. Кесиш натижасида дарахтда мустаҳкам ва пишиқ навдалар қолади. Бу ўз навбатида дарахтнинг келажакдаги ҳосилни ушлаб туришига замин яратади.

daraxtlarni-kesish-874dls2.png (782 KB)

Дарахт ҳолатини назорат қилиш имкониятини беради. Хали катта муаммога айланмасидан, касаллик ва зараркунандаларни топиб, уларга қарши курашиш керак. Тик ўсган асосий новдалар эгиб чиқилади. Илдиздан чиққан ва тикка ўсиб кетган эркак новдалар ҳам кесилади.

daraxtni-osishini-nazorat-q-328.png (1006 KB)

Қачон кесиш тавсия этилмайди

Кесгандан кейин ёмғир ёғадиган бўлса. Ёмғир замбуруғ споралари каби касал ташувчи воситаларни, янги кесилган ерлардан тарқалишига сабаб бўлади. Кесиш учун яхши об-ҳаво кутилади.

Кучли кесиш керак бўлганда. Ёзда кучли кесиш тавсия этилмайди. Бунга зарурат пайдо бўлганда, уни дарахтнинг тиним даври (қиш/эрта баҳор) да амалга ошириш лозим.

Кесиш вақти ўтганда. Кесиш янги навдалар ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Кеч кесилиб, қишгача пишиб улгурмай қолган навдалар совуқда зарарланади.

Азамат Гулямов,

Интенсив боғнинг агроном консультанти

 

Улашиш: