Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Балиқларни озиқлантиришда зурур бўлган озуқавий моддалар ва маҳсулотлар

23/Noyabr/2024 22:28
  1150

Балиқларга қандай озуқавий моддалар керак?

Умуман олганда балиқларга бошқа жонзотларга керак бўладиган оқсиллар (протеинлар), ёғлар, углеводлар, витаминлар, минерал моддалар керак. Лекин, аквакультуранинг озуқага бўлган талаби бошқа етиштириладиган жонзотларга қараганда анча фарқ қилади, шунинг учун ҳам турли хил балиқларнинг озуқасига бўлган талаблар ҳам хилма-хилдир. Протеинлар – тирик материянинг асосий таркибий қисми бўлиб,  балиқ танасидаги органик моддасининг катта қисмини ташкил этади. Протеинлар балиқ органлари ва тўқималарининг ўсишидаги энг муҳим материалдир. Улар ҳаёт циклининг барча босқичларида жуда кераклидир. Протеинлар ферментлар ва гармонлар манбаи сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Балиқларнинг протеинларга бўлган эҳтиёжи бошқа қишлоқ ҳўжалиги ҳайвонларига қараганда анча юқори. Карп балиқларига бериладиган протеин миқдори 30-38 фоизни, майда балиқлар эса 50 фоизгачани ташкил қилиши керак. Ёғлар - энергиянинг асосий манбаи бўлиб, балиқлар организмида бир қатор физиологик жараёнларнинг кечишида иштирок этади. Озуқада ёғларнинг етишмаслиги балиқлар ўсишининг пасайишига, физиологик функцияларнинг бузилишига, жигарнинг бузилишига, мушак тузилиши ва буйракда паталогик ўзгаришларга ва нобуд бўлишга олиб келади. Углеводлар - балиқларнинг ўсиши учун анча арзон ва қулай манба ҳисобланади. Минерал моддалар - турли физиологик жараёнлар кечишини таъминлайди. Балиқлар  организмига кальций, фосфор,  магний, калий, олтингугурт, хлор, темир, йод, мис, марганец, кобальт, цинк, молибден, селен, хром, қалай каби моддалар керак. Бу моддаларнинг катта қисмини. балиқлар нафақат озуқа билан, балки ойқулоқлари, оғиз бўшлиғининг шиллиқ пардалари ва тери орқали сувдан ҳам олади. Витаминлар - турли хил структурали органик моддалар бўлиб, тўқималар ҳужайраларидаги кимёвий реакциялар кечишида биокатализатор ролини бажаради. Улар жумласига А1, В1, В2, В3, В6, В12, ВС, С, Е, Н, К витаминлар киради. Балиқлар танасида оқсиллар кам миқдорда биосинтез бўлади ва у ҳаёт учун етарли эмас. Шунинг учун балиқлар витаминларнинг асосий қисмини озуқа билан олади.

Балиқларни боқишда қандай озуқа маҳсулотларидан фойдаланилади?

Ем ўз таркибидаги озуқа моддаларнинг йиғиндисига қараб оддий ва комплекс бўлади. Осиёнинг аграр мамлакатларида одатда турли хил кепаклар (гуручли, ўтли) аралашмаларидан ва кунжаралардан (хантал, ер ёнғок, жўҳори, зиғир) оғирлиги бўйича 1:1 нисбатда фойдаланилади. Оқ амурни озиқлантириш учун турли хил ўсимликлар – беда, жўҳори пояси ва бошқалардан фойдаланилади. Рационал озиқлантириш учун ўсимликларни кесиб, майдалаб, янчиш ва шу ҳолда ҳовузга солиш керак. Баъзида, балиқларни озиқлантиришда умумий овқатланиш тармоқларининг қолдиқларидан, пиво ва вино ишлаб чиқиш корхоналарининг чиқитларидан ҳам фойдаланилади. Балиқлар учун мувазанатлаштирилган омухта емларни тайёрлаш нисбатан ривожланган ва арзон технология ҳисобланади. Бундай емларни тайёрлашда маҳаллий озуқа маҳсулотларидан ҳам фойдаланилади. Уларга витамин комплекслари (премикслар) ва керакли минералларни қўшиш катта самара беради. Озуқалар келиб чиқиши жиҳатдан иккита катта гуруҳга – ўсимлик ва ҳайвонот  озуқаларига бўлинади. Ўсимлик озуқалари. Карп балиқларни озиқлантиришда ёғи олинган чигит, жўҳори, ер ёнғоқ, хантал, зиғир, соя ва бошқа ўсимлик уруғларининг кунжара ва шротларидан кенг фойдаланилади. Улардаги протеинлар миқдори 30-40 фоизни, ёғлар 7-8 фоизни ва углеводлар 30-40 фоизни ташкил қилади.

Гуруч, буғдой ва бошқа бошоқли дон ўсимликлари унлари углеводларга жуда бой бўлиб, карп балиқларини озиқлантиришда кўпинча кунжаралар билан биргаликда қўлланилади. Шунингдек, озуқа сифатида углеводларга бой буғдой ва бошқа бошоқли донлар унидан фойдаланилади. Айниқса соя уни жуда яхши озуқа ҳисобланади.Гуруч, буғдой, жўҳори оқшоғи, нисбатан қиммат бўлса-да, жуда сифатли озуқа ҳисобланади. Ҳайвонот озуқалари - ичида омухта емнинг энг кенг тарқалгани ва юқори сифатли таркибий қисми ҳисобланган балиқ уни, шунингдек гўшт саноати чиқиндилари (ҳайвонларнинг ички аъзолари), суяк уни, тут ипак қуртининг личинкалари, қуртлар ва ҳоказолардан кенг фойдаланилади. қатор давлатларда озуқа базаси сифатида қуртлар, олигохетлар, ойқулоқоёқлилар, хиронимида личинкаларини кенг миқёсда кўпайтириш усули кенг қўлланилади.

Манба:

Камилов Б.Г. (2017). Карп туридаги балиқларини поликультура усулида етиштириш асослари.Тошкент.

Улашиш: