Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сигирларда учрайдиган мастит турлари

24/Noyabr/2024 00:45
  1185

Касалликнинг оғир кечиши ва клиник кўринишига кўра, сигирларда қуйидаги турдаги маститлар кузатилади:

1.     Субклиник мастит. Махсус таҳлиллар ўтказмасдан бу касалликни аниқлаш анча қийин. Сут безларнинг яллиғланиши сезилмай ўтиб кетади, сут эса меъёрдагидек кўринишда бўлади. Ташқи аломатларига кўра сигирлардаги яширин маститга ташхис қўйиб бўлмайди. Ташхисни аниқ қўйиш учун соматик ҳужайраларни ҳисоблаш ва сигир елинидан сут билан ажралиб чиқадиган флорани (бактерияларни) таҳлил қилиш керак бўлади. Агар субклиник мастит ўз вақтида аниқланмаса, бу касаллик бир неча ойдан кейин клиник маститга ўтиб кетади. Субклиник мастит келиб чиқишига сабаб бўлган қўзғатувчидан келиб чиққан ҳолда, бу касаллик клиник маститга таққослаганда подаларда 2-10 баробар кўпроқ учрайди. Лактация давридаги субклиник маститнинг экспресс-ташхиси сутдаги соматик ҳужайраларнинг сонини аниқлашга асосланган, шунингдек, диагностика реактивларининг (мастидин 2%ли эритмаси, димастин, мастопримларнинг 5% ли эритмалари, мастотестнинг 2%ли эритмаси, калифорния тести, кенотест) сут билан реакцияга киришишини баҳолаш орқали олинади. Диагностик реакция сут назорат пластинкаси (СНП)дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Шу мақсадда сут безининг ҳар бир сўрғичидан тегишли СНПларга 1 мл дан сут соғиб оламиз, сўнгра шиша таёқча ёрдамида юқорида кўрсатилган реактивлардан биридан 1 мл дан қўшамиз ва аралаштирамиз. 15-20 сония ичида қуюқроқ масса ҳосил бўлиши ёки аралашма ранги ўзгариши билан реакция натижаларини ёзиб борамиз. Агар сут безларида яллиғланиш мавжуд бўлса, қуюқлиги бир хил шаклга келган (ўртачадан то зич ҳолатгача бўлган) желесифат модда ҳосил бўлади, бунда у қуйқа моддани аралаштирилганда пластинкадан таёқча ёрдамида олиб ташлаш осон. Субклиник маститни экспресс ташхиси 48 соатлик оралиқ билан ўтказилади, чунки машинада соғиш технологиясининг бузилиши, ташқи таъсирнинг қатор нохуш омиллари сабабли сут безларининг қисқа муддатли реакцияси 48 соат ичида қайтади. Агар икки марта шундай диагностика ўтказилганда ҳам ижобий реакция олинадиган бўлса, бундай сигирлар мастит билан касалланган бўлади.

Маститга текширишнинг қўшимча усули сифатида тиндиришни келтириш мумкин ва унда ижобий реакция олинадиган бўлса бу сигирда маститнинг яширин кўриниши борлигини билдиради. Бу тажрибани ўтказиш учун мутахассис мастит тестига ижобий реакция берган сут олинган сўрғичлардан пробиркага 10-15 мл сут олади ва бу пробиркаларни совутгич ёки 4-10 градусли совуқ жойда штативга маҳкамланган ҳолда 16-18 соат қолдиради. Сутли пробиркаларни қуёш нурида текшириш йўли билан тажриба натижаларини оламиз. Соғлом сўрғичлардан олинган сут оқ ёки кўкиш оқ тусда бўлиб, чўкиндиси бўлмайди. Яширин мастит билан оғриган сўрғичлардан олинган сут эса, пробирка тубида чўкинди қолдиради, бунда қаймоқ қатлами камайган бўлади, у қуюқ, шилимшиқ, парча-парча кўринишига келиб қолади.

subklinik-mastit-aldbm-264djd.jpg (37 KB)

 

2.     Ўткир серозли мастит. Сигирлардаги серозли мастит туғруқдан кейин юзага келиши мумкин. Бу ҳолатда сигирнинг елини қизариши, шишиши ва бўртиб қолиши кузатилади. Сут безининг хасталанган қисми сиқилган ва иссиқ бўлиб қолади. Туққан сигирнинг маститит сут маҳсулдорлигини камайтириб юборади. Сут суюқ, бир жинсли бўлмай қолади ва таркибида оқ лахталар бўлиши мумкин.

seroz-mastit-qaz520qwe.jpg (74 KB)

 

3.     Катарал мастит. Сигирларда катарал мастит бутун лактация даври давомида ривожланиши мумкин, бироқ кўпинча у жониворни соғишнинг биринчи ҳафталарида юзага келади. Бу ҳолда сут безининг фақат битта сўрғичида яллиғланиш бошланади. Бунда елин соғлом кўринишда: елин ва сўрғичлар ушлаб кўрилганда меъёрдан четга чиқиш ҳолатлари билинмайди. Бироқ мастит ривожланишининг 3-5 кунлари сўрғич асосида кичкина, нўхатдек тугунчалар кўриш мумкин. Баъзида сўрғичлар яқинидаги тугунчалар каптар тухумича бўлиб кетиши мумкин. Улар сут чиқарувчи йўлларининг сут шилимшиғининг тиқилиб қолишидан ҳосил бўлади. Жониворнинг умумий ҳолати тўла қониқарли бўлади. Соғиладиган сут миқдори камаяди, сут эса суюлиб кетади ва таркибида казеин лахтаклари бўлиши мумкин. Баъзида сутда сўрғич каналлари орқали зўрға чиқадиган шилимшиқлар ҳам пайдо бўлиб қолиши мумкин.

kataral-mastit-dkfd63dl.jpg (249 KB)

 

4.     Йирингли мастит. Сигирлардаги йирингли мастит елиннинг касалланган қисми ҳажмининг катталашиб кетиши билан кечади. У оғрийди ва ҳарорати ортади. Йиринг қўшилгани учун сут сувли, шўр ва сарғиш тусга киради. Жонивор ҳолсиз бўлиб қолади, озиқланмай қўяди. Сигирнинг тана ҳарорати 40-41 градусгача етиши мумкин.

 

Хабибулло Хамдамов,

ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти

Улашиш: