Туяқуш боқишга ҳаракат қилиб кўринг
Ўтган асрнинг бошларида европалик сайёҳлар Африка ва Австралия қитъаларидан туяқуш тухумини кўпайтириш мақсадида ватанларига олиб келадилар. Олиб келинган тухумларнинг фақатгина 22 фоизидан жўжа очиб чиқади. Қизиғи шундаки, улардан 16 фоизи Африка туяқушларининг жўжаси бўлган. Чунки Африка туяқушларининг нафақат жўжалари, балки тухумлари ҳам иссиқ ва совуқ ҳавога чидамли бўладилар. Уларнинг мазали гўшти ўтган асрда ва ҳозир ҳам тансиқ таомлардан бири бўлиб келмоқда. Туяқушнинг патидан аёллар учун шарф ва бошқа кийим-бош тайёрланади.
Замонавий паррандачиликда Европа, Осиё, Лотин Америкаси ва айниқса, Австралия давлатларида туяқуш кўпайтириш динамикаси кун сайин ошиб бормоқда. Чунончи, 2003 йилда дунё бўйича етиштирилаётган Африка туяқушлариниг сони 50 минга яқин бўлган бўлса, бугунги кунга келиб, 70 мингдан бошдан ошиб кетди. Бунинг асосий сабаби деб, жаҳон паррандачилари туяқуш гўштининг ўзига хос парҳезбоплиги, терисининг майинлиги, ҳатто баъзи аъзоларини инсонга трансплантация қилиш мумкин-лигини таъкидламоқдалар. Яқин келажакда эса, туяқуш кўзидан, кўзи ожиз кишиларни даволашда фойдаланиш мумкинлиги жаҳон офтальмологлари томонидан илмий-назарий жиҳатдан исботлаб берилди. Бунга шифокорларнинг кўп йиллик тиббий изланишлари натижасида эришилди. Бу эса ушбу паррандани янада кўпроқ етиштиришда муҳим моддий омиллардан бирига айланади, десак асло муболаға бўлмайди.
Туяқушларни кўпайтиришда Африка қитъасида кенг тарқалган “Struthio camelus” зотидан фойдаланилади. Чунки бу зот нафақат +60 С иссиққа балки, -25-30 С совуққа ҳам бемалол бардош беради. Африка туяқуши дунёда мавжуд фермаларда етиштирилаётган ана шу парранда турининг 70 фоизини ташкил этади. Негаки, у нафақат ферма, балки уй шароитига ҳам енгил кўникади.
Дунё озиқ-овқат бозорида туяқуш гўшти ўта мазали, ёғи деярли бўлмагани учун холестирини кам, парҳезбоплиги билан ажралиб туради. Унинг терисидан қимматбаҳо кийимлар (куртка, қўлқоп, пойафзал, ҳамён, сумкалар) тайёрланади. Шунингдек, юмшоқ мебелларни қоплашда қимматбаҳо хом ашё сифатида фойдаланиланади. Битта 12-14 ойлик туяқушнинг вазни 100-120 кг. гача бўлиб, ундан 20-25 кг. лаҳм гўшт, 1,2-1,8 м2 тери олинади. Унинг пай томири ҳозирда инсон аъзосига трансплантация қилишда жаҳон шифокорлари томонидан кенг қўлланиб келина-япти.
Туяқуш тўрт йилда репродуктив ёшга етади ва паррандачиликда бундай туяқушлар “БРИДЕР” деб юритилади. Уларнинг ўртача тухум қўйиш ёши 10-15 йил, мута-хассисларнинг таъкидлашича, зотдор туяқушлар 40 йил давомида ҳам тухум қўяверади. Битта мода туяқуш 10-12 йил давомида қўйган тухумидан чиққан жўжалардан олинган гўштнинг миқдори ўртача 72 тоннани ташкил этиши мумкин. Умуман туяқушлар 70 йилгача умр кўришлари мутахассислар томонидан кузатилган. Катта ёшдаги туяқушнинг бўйи 2,7 метр, оғирлиги 150 кг. дан оғир бўлади.
Туяқушларни кўпайтиришда 2+1, яъни 1 та нар ва 2 та мода қушдан фойдаланилади. Бундай қуш оиласи 1 мав-сум (10 ой) давомида 80-100 тагача жўжа очиши мумкин. Жўжалар 14 ойлигида 100-120 кг. ча вазнга етадилар.
Таъкидлаш жоизки, 1 бош туяқушдан 40-45 фоизгача гўшт олинади. Бу эса йирик ва майда шохли моллардан, ҳаттоки бошқа етиштирилаётган парранда гўштидан ҳам кўпдир. Дунё бозорида туяқуш гўштининг ўртача нархи 12-15 еврони, ишлов берилмаган хом териси 60 еврони ташкил этиб келяпти. Совуқ ва ўртача иссиқ иқлимда етиштирилган туяқуш патининг сифати унчалик юқори эмас. Шу сабабли иссиқ иқлимда етиштирилган туяқуш патидан арзон баҳоланади. Лекин ушбу арзон пат ҳам бошқа саноат даражасида етиштирилиб келинаётган парранда патидан юқори ҳисобланади.
Юқорида таъкидланганлардан кўриниб турибдики, туяқуш боқиш даромадли соҳа экан. Сиз ҳам туяқуш боқишга ҳаракат қилиб кўринг. Сиздан фақатгина тўғри бизнес режаси тузиб, уни амалга ошириш талаб этилади, холос.