Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Цитрус экинларига пайвандтаг танлаш ва уларни етиштириш

24/Noyabr/2024 02:01
  1142

Цитрус экинлар пайвандтагларига қўйиладиган талаблар ҳам бошқа мевали экинлардаги сингаридир: пайвандтагнинг пайвандуст билан мустаҳкам бирикиб кетиши (яхши мос келиши), ҳосилга эрта кириши, юқори маҳсулдорлик ва узоқ умр кўриши. Бундан ташқари, цитрусларнинг пайвандтаглари совуққа чидамли, пайвандустни совуқ уриб кетган ҳолларда бачки чиқара оладиган, қурғоқчиликни яхши ўтказа оладиган, айрим ҳолларда эса пакана ўсимлик бера оладиган (бу айниқса лимон ўстириш учун жуда муҳимдир) бўлиши лозим. Пайвандтагларни танлашда энг аввало уларнинг шу жойнинг тупроқ ва иқлим шароитларига мослаша олишига катта эътибор берилади. Айрим турлар паст ҳароратлар, тупроқ шўри ва қурғоқчиликка чидамлилиги бўйича бир-биридан кескин фарқ қилади. Куртак пайванд қилинган навларнинг совуққа чидамлилиги пайвандтагга боғлиқ равишда ўзгаради. У айниқса трифолиатага куртак пайванд қилинганда энг юқори бўлади. Қолган пайвандтаглар мазкур кўрсаткич бўйича қуйидаги тартибда жойлашади: трифолиата, нордон апельсин, Клеопатра, ширин апельсин, дағал лимон.

Кўп йиллик тажрибалар ва цитрусчиларнинг илғор тажрибалари шуни кўрсатадики, оғир шароитли субтропик боғларда лимон, мандарин ва апельсин учун понцирус трифолиата энг яхши пайвандтаг бўла олади. Мазкур пайвандтагда навлар яхши тутиб кетади, кўчатлар паст ҳароратлар ва касалликларга анча чидамли бўлади, улар секин ўсиши ва мўл ҳосил бериши билан ажралиб туради. Бундан ташқари трифолиата ҳар хил тупроқ шароитларига мослашиши бўйича катта диапозонга эга ҳисобланади. Кучли совуқларга чидамли (ҳароратнинг -200С гача пасайишини кўтара олади) ўсимлик сифатида трифолифата ўсув даврини қисқартиради ва меваларнинг пишишини тезлаштиради. Совуққа чидамлилигидан ташқари трифолиата меваларида жуда кўп уруғ бўлади, бу эса экиш материали етиштиришда қимматли кўрсаткич ҳисобланади. Бинобарин, 1 кг уруғ олиш учун 6-7 кг мева талаб этилади.

Бироқ, мамлакатимизнинг ишқорий тупроқларида трифолиата яхши самара бермайди. Шу боис республикамизда цитруслар учун Мейер лимони ёки апельсин уруғкўчатлари асосий пайвандтаг сифатида кенг қўлланилади.

Меваларни териб олиш октябр-ноябр ойларида, яъни улар сарғайиб табиий равишда тўкила бошлаган даврда амалга оширилади. Кичик миқдорда уруғ керак бўлганда улар мевалардан қўлда ажратиб олинади. Катта партиядаги мевалар эса майдалагичдан ўтказилади, ювилиб мезгадан ажратилади ва иссиқ жойда қуритилади. Уруғлар қуритилиб бўлган заҳоти кўчатзорларга 3-4 см чуқурликда экилади. Агар тайёрланган уруғлар шу заҳоти экилмайдиган бўлса, уларни тоза нам дарё қумида +7+80С ҳароратда сақлаш лозим. Уруғлар кузда (ноябр) ёки эрта баҳорда (мартда) экилади. Кузда экилган уруғлардан анча бақувват ниҳоллар ривожланади.

Кичик кўчатзорларда уруғ қўлда экилади, бунда экиш чуқурлиги 3-4 см, қатор оралиғи 20 см ва қатордаги ўсимликлар оралиғи 3-4 см. Саноат асосидаги кўчатзорларда бир қаторли усулни (қатор оралиғи 75-80 см) қўллаш мақсадга мувофиқдир. Бунда уруғ экишни оддий дон сеялкаларида амалга ошириш мумкин, ниҳоллар униб чиққач эса енгил яганалашда ўсимлик оралиғи 2-3 см бўлишига эришиш лозим. Парваришлаш бўйича барча тадбирлар ўсимликларнинг тез ривожланиши ва стандарт пайвандтагларнинг кўп чиқишини таъминлашга қаратилади. Ниҳоллар пайдо бўлгач, қатор ораларидаги тупроқ ҳар ойда камида икки марта юмшатилади, талабга кўра суғорилади ва гектарига 60-80 кг меъёрда азотли ўғит берилади. Уруғ кўчатларни қазиб олиш кузда ёки баҳорда қўлда ёки махус қазувчи машина воситасида амалга оширилади. Стандарт пайвандтаглар 1 м га 1000 та кўчат қия жойланган ҳолда кўмиб қўйилади.

Манба:

Гулямов Б., Исламов С., Нормуратов И.(2018). Цитрус экинларини етиштириш технологияси. Ўқув қўлланма, Тошкент.

Улашиш: