Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сигирлардаги қисирлик: озиқлантириш ва парваришдаги хатолар

24/Noyabr/2024 02:42
  1144

Сигирлардаги қисирлик деб, туғруқдан сўнг 3 ой ичида самарали уруғлантирилмаслик ҳолати тушунилади. Қисирлик мавсуми, туғруқдан кейин 90 кундан сўнг (ғунажинларда наслчилик ёшига етгандан бошлаб 30-кунидан эътиборан) ҳамда, хомиладорлик ва туғруқ даврига қадар, деб ҳисобланади. Сигирлар ва ғунажинларнинг бепуштлиги, йилнинг барча даврида, гинекологик текширув орқали аниқланиб олинади. Жонивордаги куйга келмаслиги, уруғлантиришнинг самара бермаслиги ва ҳоказолар бепуштликнинг белгилари ҳисобланади. Одатда, туғруқдан бир ойдан сўнг 17 -23 % сигирлар, икки ойдан сўнг 48-55 %, учинчи ойдан сўнг 18 – 22 % сигирлар куйга келади. Туғруқ билан биринчи куйга келиш ўртасидаги интервал одатда 2 ойни ташкил қилади. Шу сабабли, 60 кун ичида қайта уруғлантирилмаган сигир бепушт деб ҳисобланади.

Подадаги молларнинг уруғлантирилиши ҳамда самарали кўпайиши тавсифининг асосий кўрсаткичи бу, сервис-даври– туғруқдан муваффақиятли уруғлантиришгача бўлган вақт оралиғи. Йирик шохли қорамолларнинг меъёрда кўпайишида, молларнинг сервис-даври 80 кундан ошмаслиги керак.

Поданинг қайта кўпайиши кўрсаткичлари ҳолати, ундаги бўғоз сигирларнинг туғруқдан кейин уруғлантирилган сигирларга умумий нисбати (физиологик вояга етган ғунажинлар билан бирга) сонига қараб аниқланади.

Бир маротаба уруғлантиришдан кейин оталаниш даражаси 51 – 60 % гача бўлса қониқарли натижа бўлади, 61 – 70 % яхши натижа, 71 % ва ундан юқориси аъло натижадир. Илк бора уруғлантирилган ғунажинларда оталаниш 90 % ни ташкил этиши мумкин. Қайта кўпайиш самарадорлигининг асосий кўрсаткичи - уруғлантириш индекси, яъни, сигир ёки ғунажинларнинг уруғлантириш сони. Уруғлантириш икки мартадан ошмаган тақдирда, натижа қониқарли ҳисобланади.

Сигирларнинг жинсий аъзолари фаолиятининг бузилиши сабаблари хилма хил. Энг кўп тарқалган сабаблари бу, озиқлантиришдаги хатоликлар ва чорва молларини нотўғри парваришлаш, жониворларнинг касалга чалиниши ҳамда жинсий аъзоларининг туғма ногиронликлари, сигирлар ва ғунажинларни уруғлантириш техникасидаги камчиликлари (ташкилий камчиликлар), туғруқдаги ва бузоқларни парвариш қилиш қоидалари бузилишлари ҳисобланади.

Қорамолларни озиқлантириш ва парваришидаги хатолар

Жониворларни тўйиб озиқланмаслиги, керагидан ортиқроқ озиқлантирилиши ва рационининг сифат даражаси пастлиги сабабли жониворларнинг репродуктив фаолиятининг бузилиши алиментар бузилиш, деб аталади. Қорамолларни етарлича озиқлантирилмаслик кўпроқ қишда кузатилади. Озуқанинг нотўғри таркиби, яъни, силос, барда, омухта емларнинг керагидан кўпроқлиги, пичан ва илдизмевали озуқаларнинг етишмаслиги ҳам салбий таъсирга эга (бундай ҳолат ацидоз ва кетозга олиб келади).

Озуқанинг доимий етишмаслиги жониворнинг оч қолиб кетишига олиб келади, бу эса ўз ўрнида унинг организмида модда алмашинувининг издан чиқишини, асаб ва эндокрин тизимини ишдан чиқарилиб, жонивор организмининг репродуктив фаолиятини тартибга солишга тўсқинлиқ қилади.

Етарлича озиқлантирмаслик оқибатидаги жинсий аъзоларининг фаолиятини бузилиши жинсий даврлар аритмияси, овуляциянинг бўлмаслиги, тухумдонлар атрофияси, йўлдош ушланиб қолиши, туғруқдан сўнгги жинсий аъзолар инволюциянинг ўз вақтида бўлмаслиги, яллиғланиш характеридаги гинекологик касалликларнинг келиб чиқишига (эндометритлар ва бошқалар) сабаб бўлади. Етарлича озиқлантирмаслик, айниқса, бўғозлик даври охири ва туғруқдан кейинги даврларда (уруғлантиришга қадар) сигирлар ва ғунажинларнинг репродуктив фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.

Организмга керагидан ортиқ озуқавий моддаларнинг келиб тушиши, айниқса, жониворнинг ички секреция безларининг фаолияти бузилган вақтда, шу жумладан гипофизда, кўпинча, тухумдонлар ва бачадон тўқималарида ёғ пайдо бўлишига (ёғли дистрофия) олиб келади.

Жинсий аъзоларнинг меъёрда фаолият кўрсатиши учун, организмда оқсил ҳамда шакарнинг аниқ нисбатини назорат қилиб бориш керак: 100 гр оқсилга 80 – 150 гр шакар тўғри келиши керак.

Жонивор озуқасида углеводларнинг салмоғи камайган пайтда ва оқсил миқдорининг ортиб кетиши, организмда модда алмашинувининг бузилишига ва бепуштликка олиб келади. Озуқада макроэлементлар (кальций, фосфор, магний, натрий ва бошқалар) ва микроэлементларнинг (темир, мис, рух, марганец, кобальт, йод ва бошқа) етишмовчилиги, энг аввало, жинсий аъзолар фаолиятининг сусайишига ва кўп ҳолларда эндометриялар ҳамда тухумдонлардаги морфологик, биохимик ўзгаришлар натижасида бепуштликка олиб келади. Жинсий циклларнинг норасолиги, жинсий хоҳиш, аритмия, жинсий даврларнинг тўлақонли бўлмаслиги ва уруғлантириш даражаси пасайииши кузатилади. Шунингдек, организмда йоднинг етишмаслиги оқсил, углеводлар, ёғлар, минераллар, витаминлар алмашинуви бузилишини келтириб чиқаради. Кальций антагонисти (инкор этувчи) бўлган йод, организмда фосфор-кальцийли алмашинувни меъёрда сақлаб туради, зеро сигирларда фосфорнинг етишмаслиги метрорагияга (бачадон қон кетиши) олиб келади. Урчиш жараёнига витаминлар катта таъсир кўрсатиб, айниқса, А, D, E витаминлари жуда муҳим рол ўйнашини айтиб ўтиш зарур.

Кўп ҳолларда қорамолларнинг ёмон шароитларда сақланиши, бинодаги ёруғликнинг етарлича бўлмаслиги, паст ҳарорат, юқори намлик, аммиакнинг ва бошқа зарарли газларнинг йиғилиши уларнинг репродуктив фаолиятини бузилишига сабаб бўлади. Юқорида айтилиб ўтилган омилларнинг салбий таъсири жониворларнинг моциони (сайр қилиши) ва сигирлардан фойдаланиш тартиби издан чиққанда янада кучайиб кетади.

Сигирларнинг нотўғри эксплуатация қилиниши (балоғатга етмай бевақт уруғлантирилиши, кеч сутдан чиқариш, соғиш аппаратларининг иш тартиби бузилиши), кун тартибига риоя қилинмаслик, сут соғувчилар малакасининг пастлиги сигирларнинг ва ғунажинларнинг жинсий аъзолари фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.

Хабибулло Хамдамов,

ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти

Манба: agromart.uz

Улашиш: