Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Энди ихота ўрмонзорлари кенгайтирилади

24/Noyabr/2024 02:44
  1240

Маълумки, атроф-муҳит софлигини таъминлашда дарахтзор, ўрмонларнинг аҳамияти беқиёс. Мисол учун, республикамизнинг катта қисми чўл майдонидан иборатлиги туфайли қишлоқ хўжалиги экинлари кучли қум кўчиш ва иссиқ шамол (гармсел)дан зарар кўрмоқда.

Бунинг шу тарзда давом эти­ши ҳосилдорликка жиддий тала­фот етказиши табиий. Шу жиҳатдан олганда турли эрозия­лардан зарар кўрган ер майдон­ларини қайта тиклаш, қишлоқ хўжалиги экинларини шамол ва гармселлардан сақлаш мақса­дида ҳимоя (ихота) ўрмонзор­ларини барпо қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 июнда эълон қилинган "Суғориладиган ерларни шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қар­ши ихота дарахтзорлари барпо этиш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғри­си­да"ги қарори айни масалада қилиниши зарур бўлган асосий вазифаларни белгилаб берди. Унга кўра, ҳудудларда ихота да­рахтзорларини барпо этиш учун зарур бўлган кўчатлар мавжуд кўчатхоналарда ўрмончилик та­лаби асосида иқлим шароитига мос ҳолда танланиб етишти­рилди.

Бу борада Навоий вилоятида ҳам бир қанча ишлар олиб борил­моқда.

— Воҳамизнинг асосий қисми чўллардан иборатлиги ихота дарахтзорларининг кенг май­донда барпо этилишини тақозо қилади, — дейди вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси етакчи мутахассиси Д. Қаршиев. — Қа­рорга кўра, 200 гектар май­донда ҳимоя дарахтзорлари ташкил қилиш мақсадида ҳуду­ди­мизда келаси йили қиймати 3 миллиард 200 миллион сўмлик бўлган лойиҳа амалга оширили­ши белгиланган. Бундай дарахт­зорлар пахта, ғалла, қишлоқ хўжалиги экинлари экиладиган майдонлар атрофида барпо этилиши кўзда тутилган. Хусу­сан, Кармана туманидаги "Нар­пай", "Чап қирғоқ" каналлари сув истеъмолчилари уюшмалари, "Янгиобод" сувчи ҳудудларида, Қизилтепанинг "Тўдакўл нур", "Ўртачўл юлдузи", шунингдек, Хатирчи, Конимех, Навбаҳор ту­манларининг бир нечта манзил­ларида ихота ўрмонзорлари яра­тилади. Уларда жами 400 минг­дан ортиқ Элдор сосна, туя ком­пакт, Шарқ туяси, айланд, клён, амарфа, ясин, каталпа, каштан каби манзарали, олма, ўрик, ён­ғоқ, ток, анор, писта, бодом ва бошқа мевали дарахт кўчатлари ўтқазилади. Бу билан 1500 гек­тарга яқин майдонда шамол эро­зияси ҳолати барқа­рор­лашуви­нинг таъминланишига эришила­ди. Айни пайтда келгу­си йил ҳимоя ўрмонлари учун бошқарма тизимидаги хўжалик­ларда 542 минг дона манзарали ва мевали кўчатлар етиштирил­моқда.

Таъкидлаш жоизки, қўмита­нинг ўрмончиликда илғор дав­латлар тажрибаси асосида иш­лаб чиқилган "Ўзбекистон Рес­публикаси ўрмон хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси"да ҳам турли эрозиялардан зарар кўрган ер майдонларини қайта тиклаш, ҳимоя ўрмонзорларини барпо қилиш, ерлардан фойдаланишга имтиёзли шароитлар яратиб, аж­­ра­тиб бериш тизимини жо­рий этиш ташаббуслари илгари сурилган эди. Шунингдек, ҳуж­жат орқали республикамизда "Да­рахт экиш куни"ни белгилаш такли­фи халқимиз эътиборига ҳаво­ла қилинди.

Хулоса ўрнида айтганда, қарор ижроси концепцияда билдирил­ган фикрларнинг амалий ифо­даси бўлади. Бу табиатни ас­раш, қишлоқ хўжалиги маҳсулот­лари ҳосилдорлигига путур ети­шининг, сув хўжалиги объектла­рини қум босишининг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Манба: "Дўстлик байроғи" газетаси

Улашиш: