Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Узум плантациялари кўпайтирилиб, виночилик ривожлантирилади

24/Noyabr/2024 04:21
  1327

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни узум плантацияларини кўпайтириш, виночиликни ривожлантириш, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 28 февралдаги “Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамияти ҳам қайта ташкил этилиб, янги тузилмаси тасдиқланди ва раҳбарияти янгиланди. Узум плантацияларини кўпайтириш ва виночиликни ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгиланди.

Мамлакатимизда 73 минг гектар токзор мавжуд. Унинг 10 минг гектарида винобоп узум етиштирилади. Шундан “Ўзшаробсаноат” корхоналарига тегишли токзорлар 4,3 минг гектарни ташкил этади. Бу миқдор билан ишлаб чиқариш эҳтиёжларини қоплаб бўлмайди. Шу боис жорий йил февраль ойида “Ўзшаробсаноат” корхоналарига 2021 йилгача винобоп токзорларни 10 минг гектарга етказиш вазифаси қўйилган эди.

Йиғилишда таъкидланганидек, ҳозиргача фақат 390 гектарга винобоп узум кўчатлари экилган. Ҳокимликлар ажратган 6,8 минг гектар ер майдонининг 2,5 минг гектарида кузга бориб токзорлар ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Ҳосил, яъни хомашё камлигига “Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги агрофирмаларнинг сусткашлиги ва лоқайдлиги ҳам сабаб бўлмоқда. 21 агрофирмага қарашли ер майдонларининг фақат 1,1 минг гектари токзор бўлиб, қолган 1,3 минг гектари умуман ўзлаштирилмаган. Бу фирмалар 2017 йилни 3 миллиард сўм зарар билан якунлаган.

Шуларни ҳисобга олиб, мутасаддиларга узумчиликни ва узумни қайта ишлашни кескин ривожлантириш, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва янги қувватлар ташкил этиш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Дастурни тайёрлашда винобоп токзорлар ва замонавий кўчатхоналар ташкил этиш учун виночилик корхоналарига 10 минг эмас, 20 минг гектар ер майдони ажратиб бериш чораларини ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ароқ заводларига лицензия бериш шартлари қаторига винобоп токзорлар барпо этиш ва тайёр вино маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш талабини киритиш, “Ўзшаробсаноат” тизимидаги агрофирмалар фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, ўзлаштирилмаган ёки самарали фойдаланилмаётган ер майдонларини винобоп токзорлар ташкил этиш учун кластер усулида хусусий мулкдорларга бериш юзасидан манзилли чоралар ишлаб чиқиш зарур.

Янги ташкил этиладиган токзорлар ҳосилга кириши учун вақт керак бўлади. Уни бекор ўтказмасдан турли мевалардан вино, сирка ва сидр тайёрлашни йўлга қўйиш даркор. Шунда мамлакатимизда меванинг бир қисми қайта ишланмасдан нест-нобуд бўлишининг ҳам олди олинади. “Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамияти хорижий тажриба ва ички имкониятларни ўрганиб, янги тайёрланадиган дастурга мевалардан вино ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни жорий йилнинг ўзида ташкил этиш ва кейинги йилларда кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар қўшиши лозим.

Маълумки, Ўзбекистонда жаҳон талаблари даражасидаги вино ишлаб чиқариш имконини берадиган Пино нуар, Шардонэ, Совиньон-блан каби узум навлари етиштирилмайди. Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси уларнинг кўчатларини импорт қилишни тақиқлаган. Чунки бу филлаксера, яъни ток кўчатларини қуритиб юборадиган зараркунанда ҳашарот тарқалишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун мазкур навлар кўчатини эмас, қаламчасини келтириб, қатъий карантин шароитида кўчатхонада ўстириб, кўпайтириш керак. Шундан келиб чиқиб, Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига виночилик ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, сертификатланган узум навлари қаламчаларини олиб келиш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилди.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: