Заминга ўт қўяётганлар
Айрим кишиларнинг лоқайдлиги ва масъулиятсизлиги оқибатида Она ерга мислсиз жабр-ситам етмоқда, деб ёзади “Оила даврасида” газетаси.
Жазирама тафтига олган айни кезларда чор-атроф тандирдан чиққан ҳовурдай қизиб кетмоқда. Бундай шароитда барчамиз ёнғиндан, нохуш ҳолатдан эҳтиёт бўлишимиз зарур. Ғалла ҳосили ўриб олинган ерга такрорий экин сифатида мош, кунгабоқар, соя, тариқ, шолғом, сабзи, картошка, турп, карам сингари ўсимликлар экиляпти. Бунда, энг аввало, ер буғдой поясидан тозаланади. Сомони эса, махсус техника ёрдамида йиғиштирилади.
Айрим фермерлар ғалласи ўриб олинган майдонлардаги сомон ва унинг пояларини дарҳол йиғиб олиб, ерни суғориб, шудгорлаб, текислаб, экин экмоқда. Афсуски, баъзилар бу муҳим масалага бутунлай бефарқ. Сомон вақтида йиғиб олинмасдан қоляпти. Бу, ўз навбатида, экин экишни кечиктиради. Ачинарлиси, айримлари ерни сомон ва поядан тозалашга эриниб, ўт қўйиб юборишни афзал билмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида Наманган вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ғалладан бўшаган майдон ҳамда сомонни ёқиш бўйича 13 ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан салкам 7 миллион 500 минг сўмлик маъмурий жарима қўлланилган эди. Аммо бу чора-тадбирларга қарамасдан бугун ҳам сомон қолдиқларини ёқиб юбориш ҳолатлари кузатилмоқда.
Жизғанак полапонлар
...Фермер хўжалиги раҳбари қўл остидаги ишчиларга айтиб, ғалласи ўриб олинган майдонга ўт қўйдирди. Унинг мақсади, буғдойпояни осонгина, харажатсиз тозаласа-ю, тезроқ такрорий экин экса. Катта майдондаги буғдойпояга ўт қўйилди. Шамол алангани янада кучайтирди. Олов тафтини сезган ҳашаротлару судралиб юрувчилар ўзини ҳар ёнга ура бошлади. Лекин ёнғин барибир уларни ўз домига тортди. Ишонасизми-йўқми, жизғанак бўлган ўнтача полапонни ҳам кўрдик...
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларида, аҳоли ва фермер хўжаликлари иштирокида сомон пояларини ёқиб юбормаслик ҳақида 257 дан зиёд давра суҳбати ўтказилган эди. Бироқ шунга қарамасдан, сомон пояларига ўт қўйиш ҳолатлари учраб турибди. Шу йилнинг 18 июлига қадар республикамиз бўйича 236 ҳолатда 866 гектар майдонда сомон поялари ёқиб юборилган. Масалан, Тошкент вилоятида 419 гектар, Сурхондарё вилоятида 190 гектардан ошиқроқ, Сирдарё вилоятида 119 гектар, Андижон вилоятида 137 гектар майдондаги сомон поялари ёқиб юборилган.
— Заминга ўт қўйиб, чор-атрофни ифлослантираётганларнинг аксар қисмини фермер хўжаликлари ташкил этади, — дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг сув, ер ресурслари ва ерости бойликларини муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нўъмонжон Шакиров. — Бир гектар майдондаги сомон пояси ёқилганда ҳавога 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 килограмм кул, 20 килограмм ис гази ва углерод оксиди каби заҳарли газлар чиқиши туфайли аҳоли орасида турли касалликлар пайдо бўлади. Бундан ташқари, тупроқ тузилмаси бузилиб, эрозия кучаяди ва натижада ҳосилдорлик камайишидан ташқари, шу ҳудуддаги мавжуд жониворлар нобуд бўлади, дала четидаги ўсимлик дунёсига зарар етади.
Катта ўзбек тракти бўйлаб машинада кетяпмиз. Йўлнинг икки четидаги ғалласи ўриб олинган майдонларга назар ташладим. Ачинарлиси, айрим пайкалларга атай ўт қўйиб юборилган. Ер қоп-қорайиб ётибди.
Мутахассисларнинг айтишича, ёқиб юборилганда тупроқнинг устки 5-10 сантиметр қатламидаги зарур микроорганизмлар нобуд бўлиб, куйиб кетади. Бу шу қатламда ҳаёт нобуд бўлди, дегани. Бу келгуси экинлар ривожи ва ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Маълумотларга кўра, жорий йил 18 июлгача сомон ёқиш бўйича 196 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Натижада 31 нафар мансабдор шахсга 105,4 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган, 38 та иш прокуратура идораларига жўнатилди. Тупроққа, заминга етказилган зарар учун 125 нафар шахсга жами 145,5 миллион даъво ҳисобланиб, 3 миллион сўмдан ошиқ миқдорда жарима ундирилди. Далаларда сомон пояларини ёқишнинг олдини олиш бўйича экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ва ички ишлар бўлимлари билан ҳамкорликда профилактика ишлари олиб борилмоқда.
Инсон соғлиғига зиён
Ёнғинлар сабаб майдонлар атрофига экилган дарахтлар олов таъсирида қуриб қоляпти. Кўтарилаётган тутун инсон соғлиғига зиён етказиб, атроф-муҳитнинг заҳарланишига олиб келмоқда.
— Умрим далада ўтган, — дейди 98 ёшли отахон Олим бобо Каримов. — Ҳосил берадиган ерни онага қиёслаш керак. Негаки, она ўз фарзандидан меҳрини, бор нарсасини аямайди. Ғалладан бўшаган ерга ўт қўйишни батамом тўхтатиш зарур.
Шулар ҳақида фикр юрита туриб, кўз ўнгимда болалигимда кечган бир воқеа жонланди. Ўша кезлари уйимиздан етти-саккиз чақирим наридаги адирда еримиз бўларди. У ерда деҳқончилик қилардик, чорва боқардик. Бир куни юз эллик метрча наридаги қир тепасидаги буғдойпоя ёнаётганига кўзим тушди. Комбайнчилар томонга югурдим. Лекин мендан олдин ер ҳайдайдиган трактор ёрдамга етиб келди. У дарҳол ерни шудгорлаб, ўтнинг бошқа майдонга ўтиб кетишига йўл қўймади.
Кейин маълум бўлишича, ўт бошқа бир трактордан чиққан экан. Яъни, унга учқунсўндиргич қўйилмагани учун учқун ғаллазорга тушган. Ва каттагина майдондаги буғдойзор ёнди. Ёнган жойга дарров ўлаксахўр қушлар етиб келаркан.
Ўшанда қишлоғимиздаги Вали ака деган киши йиғлаганди. Бунинг сабабини йиллар ўтиб улғайгачгина тушундим. Ўшанда элнинг ризқи куйган экан. Аммо бугун айрим кимсалар ўз ихтиёри билан, кўра-била туриб, ерга ўт қўймоқда. Кўз ёш у ёқда турсин, бир туки ҳам қилт этмай қилади бу ишни!..
Лоқайд кимсалар
Аслида ер ресурсларидан самарали, оқилона фойдаланиш, уни келгуси авлодлар учун сақлаш ва бойитиш чора-тадбирларини кучайтириш барчамизнинг вазифамиз. Ҳар йили бундай кишиларга нисбатан маъмурий чора кўрилади. Очиғи, бу ерда гап жазолаш ва жаримага тортишда ҳам эмас. Энг оғири, она ер кул бўлмоқда, одамлар заҳарланмоқда, экинлар қовжирамоқда. Бу ишда жамоатчилик ҳам ёрдам бериши лозим. Лоқайд кимсаларнинг нотўғри иши жабрини она ер, қолаверса, ўша ерда яшайдиган аҳоли тортмаслиги керак.
Айни пайтда ёз жазирамасидан товадек қизиган далаларда ризқ-рўз, қут-барака яратиш фасли давом этяпти. Деҳқон учун ҳеч бир фасл осон кечмаган. Айниқса, мамлакатимизнинг баъзи бир ҳудудларида бу йил сув танқислигининг сезиларли бўлгани бор гап. Сомон нархининг ошиб бораётгани эса, аҳолини ташвишга солмоқда.
Сомон нега қиммат?
Сомон — чорва моллари учун асосий озуқалардан бири. Шу боис қўрасида чорваси борлар бир иложини қилиб, қорли-қировли кунлар учун етарли миқдорда сомон жамғаришга киришади. Айримлар сомонни фалон пулдан сотиб олишга мажбур. Агар эринчоқлик қилиб, сомон тойини жамғармаса чорваси эртага қишда қийналиб қолади. Қолаверса, шусиз ҳам, омихта емнинг нархи сезиларли баланд. Бугун бозорда бир той сомоннинг нархи 23 минг сўмдан 25 минг сўмгача экан. Масалан, Тошкент шаҳрида 23 минг сўм, пойтахт вилоятида 20 минг сўм, Самарқанд вилоятида 13-15 минг сўм, Навоий вилоятида 6-13 минг, Наманган вилояти Чуст туманида 10 минг сўмдан сотилмоқда. Нархларнинг эртага бундан ҳам кўтарилиб кетмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Очиғи, нархнинг баландлаб кетаётгани сабаби турлича. Биров сув танқислигини рўкач қилса, бошқаси лалми майдонларда ғалла яхши бўлмаганини, учинчиси, гўшт нархининг ошгани, ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб кетганини айтади. Тўғри, уларнинг гап-сўзларида ҳам жон бор. Аммо гўштнинг нархи бунданда ошиб кетса, қандай вазият юзага келишини ҳеч қайсимиз билмаймиз...
— Ҳовлимда боқаётган бешта буқамга ем-хашак ва сомонни бозордан сотиб оламан, —дейди фуқаро Олим Оқилов. — Шу кунга қадар эпини қилиб боқиб турувдим. Буни қаранг, бирдан тойланган сомон нархи кўтарилиб кетди. Бу нарх ҳар қандай бақувват чўнтакка ҳам оғирлик қилади. Мол боқиб, даромад олиш тобора қийинлашиб боряпти. Назаримда, бу масалани юмшатишнинг вақти келган.
Манба: od-press.uz. Муаллиф: Улуғбек Жумаев