Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қулупнай қачон экилади ва қандай парваришланади?

24/Noyabr/2024 05:15
  1287

Қулупнай кўп йиллик ўтсимон ўсимлик бўлиб, суғориладиган ерда 2-4 йилгача мўл ҳосил беради. У аҳолини эртапишар сервитаминли маҳсулот билан таъминлаб консерва ва қандолат саноати учун қимматли хом ашё ҳисобланади.

Унинг навларини тўғри танлаб экилганда парваришлаш жараёнида агротехник қоидаларига тўлиқ амал қилинганда, ҳосилдорлиги 100-150 центнердан ҳам кўпроқ бўлади.

Ўзбекистонда қулупнай меваси жуда эрта, апрель ойининг охири май ойининг биринчи кунларида пишади.

Қулупнай экиш учун текис, унча нишаб бўлмаган сув билан яхши таъминланган майдонлар танлаб олинади.  Ушбу майдонларда ер ости сувларининг чуқурлиги ернинг юзасига нисбатан 1 м. пастда бўлиши керак.

Ҳайдалишдан олдин майдонларга тупроқ унумдорлигига қараб гектарига 40–60 т. ярим чириган гўнг 600-1000 кг. суперфосфат билан аралаштирилиб солинади. Сўнгра камида 30 см. чукурликда ерни ҳайдаб, кетидан текисланади ҳамда эгатлар олинади.

Ўзбекистонда қулупнай кўчатини баҳорда, ёзда ва кузда экиш мумкин. Кам қор ёғадиган ва қор қатлами беқарор бўлган ва кузда тез совуқ тушадиган ҳудудларда (Қорақалпоғистон республикаси, Хоразм) баҳорда, куз узоқ давом этадиган жойларда ёзда кўчат экса бўлади.

Ёзда экилган ўсимликлар кузгача яхши ривожланиб, ер устки қисми, яъни пояси, барглари яхши ривожланади, гул куртакларида ҳосил бўлиб, қишга яхши тайёрланиб, келаси йили тўлиқ ҳосил беришга тайёрланади.

Қулупнай кўчатларини экишда қатор оралари 70-90 см шағалли тупроқларда 60 см туп оралиғи 20-25 см қилиб экилади. Бунда 1 гектарга 44,4 мингдан 71,4 минг донагача ўсимлик (кўчат) экилади.

Кўчатлари қўлда 5-7 см чуқурга экилади. Бунда илдизларнинг букланиб ва учки куртаги тупроқ билан кўмилиб қолишга йўл қўймаслик керак. Кўчатлар тупроқда юқори экилиб қолса, илдизлари очилиб қолади ва ўсимлик қурийди.  Илдиз атрофида бўшлиқ қолдирмаслик керак, акс ҳолда у сўлиб, моғор босиб, чириб кетади. Намни яхши сақлаш мақсадида ёш ниҳол атрофига чиринди ёки курук тупроқ сепилади.

Республикада қулупнай экиш йилнинг иссиқ даврига тўғри келиши боис экиш олдидан олдиндан олинган эгатлар қондириб, суғорилади. Экиб бўлингач ҳаво ҳароратига қараб 2-3 кун давомида жилдиратиб сув бериб, тупроқ намлиги сақланади, тупроқ қурий бошлаши билан суғориш такрорланади.

Орадан 8-10 кун ўтгач экиш натижаси аниқланади, қуриган кўчат ўрнига янги кўчатни илдиз атрофидаги нам тупроғи билан олиб келиб навбатдаги суғоришга тўғрилаб экилади.

Кейинги суғоришлар ҳар 8-10 кунда ўтказилиб, кузга яқин ҳаво совий бошлагач ҳар 15-20 кунда бир маротаба сув берилади.

Кўчат ўтказилгандан сўнг 20-30 кун ўтгач биринчи ишлов берилади. Бунда кўчатлар атрофидаги бегона ўтлар олиниб, тупроқ катламлари ҳамда қатор оралари енгил юмшатилади. Тупроққа ишлов беришда ва суғориш ариқларини очишда илдизларини кесилиб, ўсимликнинг тупроқ билан кўмилиб қолишига йўл қўймаслик лозим.

Кузда қатор оралари чуқур ҳайдалиб, туп атрофлари кўчма чопиқ қилинади. Ёш ўсимликларнинг илдиз ва новдаларини қорсиз қишнинг совуқ кунларидан сақлаш мақсадида похол ёки чириган гўнг гектарига 10-15 т. солиб, ўсимликни қишки совуқдан сақланади.

Баҳорда қулупнай майдонларига солинган похол йиғиб олинади, кузги ишловда солинган ўғит тупроққа кўмиб чиқилади. Ҳосилдорлик асосан тупроқни кўкламги юмшатиш вақтига боғлиқ бўлиб, ишлов қанчалик эрта ўтказилса, ҳосил шунча юқори бўлади, кеч қолган сари ҳосилдорлик ҳам пасайиб боради, шу сабабли февраль-март ойларининг бошларида далада ишлаш имконияти туғилди дегунча қатор ораларини 10-12 см. чуқурликда юмшатиб, ишлов берилади.

Туплар эски, қуриган барглардан тозаланади, бунда қуриган баргларни четга олиб чиқиб ёқиб юбориш керак. Очилиб қолган илдизларга тупроқ солиб чиқилади, чўкиб қолган ёки чуқурроқ экилган тупларнинг ўсиш нукталари очиб қўйилади. Далани бегона ўтлардан холи, тупроғи юмшоқ, экин зичлиги нормал ҳолда ушланади.

Республика шароитида қулупнайзорнинг ҳосили йиғиб олингунча туп атрофи 1-2 маротаба чопиқ қилиниб, юмшатилади. Мевалар териб олингач, қатор ораси 8-10 маротаба юмшатилади,  4-5 маротаба чопиқ қилинади.

Ҳосилли майдонларда асосий ишловлардан бири- бу мева териб бўлингач, ўсимлик атрофини кўмма чопиқ қилишдир. Бу вақтда ўсимлик кейинги йил учун мева куртаги йиғади, янги ҳосил куртаклари ташкил топади,  янги илдиз системаси шаклланади.

Қулупнай нисбатан нозик экин, бироқ у озиқ моддаларга бой, ҳаво ўтказувчан тупроқларда яхши ривожланиб, юқори ҳосил беради. Республика шароитида қулупнай етиштиришнинг энг асосий шарти экинни сув билан таъминлашдир.

Республикамизнинг водий қисмидаги тез-тез ёғиб турадиган ёғингарчиликлар ҳам ўсимлик ўсув давридаги намга бўлган талабини қондира олмайди. Шунинг учун суғориш агротехника комплексининг ажралмас қисми ҳисобланади.  Ўзбекистонда қулупнай вегетация даврида 13-24 маротабагача суғорилади, бунда ҳар бир суғоришда гектарига 300-800 м3 сув сарфланади. Фарғона водийсининг шағалли ерларида ҳамда Республикамизнинг жанубидаги (Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё) вилоятларида тез-тез кам миқдорда суғорилади. Республика шимолидаги оғир тупроқлари ерларда Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистонда камроқ, лекин қондириб суғорилади.

Суғориш вақти, ҳаво ҳарорати ва тупроқ намлигига боғлиқдир. Биринчи суғориш мева туга бошлаганда апрель ойида агар баҳор куруқ келса март ойида суғорилади, май ойида 3-4 маротаба, июнда 2-3, июлда 3, августда 2, сентябрь ва октябрь ойларида бир маротабадан суғориш мақсадга мувофиқдир.

Озиқ моддаларнинг асосий кисмини кулупнай биринчи мева бераётган йили ўзлаштиради, озроқ қисмини иккинчи йили, жуда оз қисмини учинчи йили сингдириб олади. Калий, азот ва фосфор асосий озиқ моддалар ҳисобланади. Биринчи йили мева бераётган ўсимлик кўп миқдорда калий моддасини ўзлаштиради, иккинчи йили эса азот миқдори ортиб, фосфор ва калий истеъмоли камаяди.

Уғит солишда шуни ҳисобга олиш керакки, азот ва фосфор вегетация даврида ўсув бошидан ҳосил терилгунга қадар кўп ўзлаштирилади.

Тупроқ унумдорлигига қараб ерга соф ҳолда азотли ўғит 120-180, фосфорли 90-120 ва калий 30-60 кг миқдорда солинади.

Қулупнайнинг сершарбат, нозик меваларини ўз вақтида ва сифатли нобуд қилмай териб олиш керак. Териб олинган меваларни тўғри тушадиган қуёш нуридан сақлаш зарур. Мевалари 2-2,5 кг мева сиғадиган саватчаларга ёки 40×25,50×30 см яшикларга терилади. Касалланган ва шикастланган (эзилган) мевалар алоҳида идишга терилади. Агар терилган куни истеъмол қилинмайдиган ва қайта ишланмайдиган бўлса, маҳсулотни совутгичларга қўйиб, 2-3 кун сақлаш мумкин.

Ҳосил йиғиб олингандан кейинги парваришга алоҳида аҳамият бериш зарур. Бу даврда ўсимлик келгуси йил ҳосилига тайёргарлик кўради, ҳосил куртаклари шаклланади, илдиз системаси янгиланади, янги барглар, ер устки қисми (шохча ва новдалар) пайдо бўлади. Шунинг учун меваси териб бўлингач, қатор оралари дарҳол чуқур қилиб ҳайдалиши, ўтоқ қилиниб озиқлантириш зарур.

Р.Абдуллаев, Х. Абдуллаева

Манба: ekolog.uz

Улашиш: