Қишлоқ хўжалик экинларини суғориш усуллари ва суғориш техникаси
Суғориш усуллари ва техникаси
Суғориш усули – суғориш сувини суғориладиган майдонларга тақсимлаш ва сувни оқим шаклидан тупроқ ва атмосфера намлигига ўтказиш учун қўлланиладиган усуллар ва тадбирлар мажмуасидир.
Суғориш техникаси - сувни оқим шаклидан тупроқ ва атмосфера намлигига ўтказиш технологияси ва техник воситалардир.
Суғориш усуллари:
1. Ер устидан;
2. Ёмғирлатиб;
3. Тупроқ ичидан;
4. Томчилатиб;
5. Тупроқ остидан (субирригация);
6. Аэрозоль (туман ҳосил қилиб, майда дисперсли)
1-расм. Суғориш усулларининг схематик кўринишлари
Суғориш усули ва суғориш техникасига қўйиладиган талаблар
1. Суғориш сувининг суғориш даласи узунлиги ва тупроқ фаол қатлам чуқурлиги бўйлаб бир текис тақсимланиши;
2. Суғориш сувининг тупроқ фаол қатлам остига сизилишига, ҳавога буғланишига ва ташламаларга ташланишига йўл қўймаслик;
3. Тупроққа ва экинларга ишлов беришни механизациялаш;
4. Суғориш тизимида сув тақсимлаш ва суғоришни механизациялаш ва автоматлаштириш, суғоришда юқори иш унуми ва сифатига эришиш;
5. Тупроқнинг зичлашуви ва структурасини бузилиши ҳамда ирригация эрозиясига йўл қўймаслик;
6. Қишлоқ хўжалик экинларидан мунтазам юқори ҳосил олишга эришиш.
Ер устидан суғориш
Ер устидан суғориш усулида сув далага тупроқ устидан тақсимланади. Бунда сув горизонтал ҳаракат қилиш жараёнида тупроққа вертикал ва ён томонларга йўналган ҳолда шимилади.
Ер устидан суғоришнинг турлари:
- эгатлаб суғориш;
- йўлаклаб (пол олиб) суғориш;
- бостириб (чек олиб) суғориш.
2-расм. Эгатлаб суғориш
3-расм. Йўлаклаб (пол олиб) суғориш
4-расм. Бостириб (чек олиб) суғориш
Ёмғирлатиб суғориш
Ёмғирлатиб суғориш – сувни тупроқ сатҳи ва ўсимликка махсус машина, қурилма ва агрегатлар ёрдамида сунъий ёмғир шаклида етказиб беришдир. Ёмғирлатиб суғоришнинг афзалликлари:
- суғориш меъёрини камайтириш ёки кўпайтириш орқали тупроқнинг намиқиш чуқурлигини ўзгартириш;
- ҳавонинг ер усти қатламининг нисбий намлигини ошириш ва ҳароратини пасайтириш, экинларни совуқ урмаслигини таъминлаши;
- сувни дала бўйлаб текис тақсимланиши ва унинг рельефига талаб қўйилмаслиги;
- суғориш эгатлари ва ўқ ариқларни қуришга хожат йўқлиги;
- суғориш суви билан минерал ўғитларни бериш мумкинлиги;
- сув тежамкор усуллиги;
- ЕФК нинг юқори бўлиши.
Тупроқ ичидан суғориш
Тупроқ ичидан суғоришда сув 40-60 см чуқурликда жойлаштирилган намиқтирувчи қувурлар тизими орқали ўсимлик илдизи жойлашган қатламга етказилади ва тупроқ капиллярлари ҳисобига намлантирилади.
Тупроқ ичидан суғоришнинг афзалликлари:
- суғориш меъёрининг 15-40% га камлиги;
- сувни буғланишга исроф бўлишини кескин пасайиши (0,98-0,99);
- бегона ўтларнинг чиқмаслиги;
- очиқ суғориш тармоқларининг йўқлиги, ЕФК нинг юқорилиги;
- суғориш суви билан минерал ўғитларни бериш мумкинлиги;
- тупроқнинг зичлашмаслиги, қатор орасига ишлов берилмаслиги;
- ҳосилдорликнинг 20-40% гача ошиши ва б.
Томчилатиб суғориш
Томчилатиб суғориш-махсус фильтрлар ёрдамида тозаланган сув томчилатгичлар орқали томчи шаклида тупроққа берилиб, ўсимликнинг илдиз тизими жойлашган қатламини ўзини (локал) намиқтиришдир. Томчилатиб суғоришнинг афзалликлари:
- сув тежамкорлиги (40-50%);
- сувни фильтрацияси ва буғланиши камлиги, оқава чиқармаслиги;
- қатор ораларининг зичланмаслиги, ирригация эрозиясининг йўқлиги;
- ўғитларни тупроққа сув билан локал киритилиши;
- мураккаб рельефларда қўллаш мумкинлиги;
- ҳосилдорликнинг 50% гача ошиши ва б.
Тупроқ остидан суғориш (субирригация)
Тупроқ остидан суғориш (субирригация) - сизот сувлари сатҳини кўтариш орқали суғориш бўлиб, тупроқнинг ўсимлик илдизи жойлашган қатламига сизот сувлари тупроқ капиллярлари орқали кўтарилади.
- Коллектор-зовур тармоқларига тўсиқлар қўйиб, минерализацияси 1-3 г/л бўлган сизот сувлари сатхи кўтарилади ҳамда ўсимлик тури ва тупроқ шароитидан келиб чиқиб, 0,7-1,5 м чуқурликда ушлаб турилади.
Тупроқ остидан суғориш (субирригация) нинг афзалликлари:
- дарё сувини иқтисод қилиш;
- қўшимча сув манбаси сифатида сизот сувларидан фойдаланиш имконини яратилиши;
- қатор ораларининг зичланмаслиги, ирригация эрозиясининг йўқлиги;
- тупроқнинг ҳаво ва озуқа тартибининг яхшиланиши;
- атроф-муҳитнинг ифлосланмаслиги.
Аэрозоль (туман ҳосил қилиб, майда дисперс) суғориш Аэрозоль (туман ҳосил қилиб, майда дисперс) суғориш усулида қишлоқ хўжалиги экинлари учун қулай микроиқлим шароити яратилади. Ҳавонинг ер усти қатламининг нисбий намлиги оширилади, ўсимлик ер устки органларининг ҳарорати 6-120С га пасайтирилади.
Бу усулда суғориш меъёри 0,8-1,0 м 3 /га бўлиб, куннинг иссиқ пайтида ҳар икки соатда амалга оширилади ва сув махсус мосламалар ёрдамида диаметри 400-600 ммк бўлган майда томчиларга айлантириб берилади.
Бу усулдан ҳавоси қуруқ ва иссиқ шамоллар (гармсел) бўлиб турадиган ҳудудларда боғ, сабзавот, ем-хашак техник экинларни суғоришда фойдаланилади.
Аэрозоль суғориш усулининг афзалликлари:
- ўсимликлар фотосинтезини яхшилайди;
- экинлар ҳосилдорлиги ошади;
- етиштирилаётган маҳсулот сифати яхшиланади;
- cув сарфи 40-50% га камайтирилади.
1-жадвал. Суғориш усулларининг вазифалари
Суғориш усуллари | Тупроқни намлантириш | Ҳавони намлантириш | Тупроқда нам йиғиш | Шўр ювиш | Тупроқ емирилишининг олдини олиш | Ўғит киритиш | Чиқинди сувлар билан суғориш | Ўсимлик намланишини бошқариш | Провакацион суғориш |
Ер устидан | + | - | + | + | - | х | х | - | + |
Ёмғирлатиб | + | + | х | - | х | х | х | + | + |
Тупроқ ичидан | + | - | + | - | + | + | + | - | - |
Томчилатиб | + | - | х | - | + | + | - | - | - |
Субирригация | + | - | + | - | + | - | - | - | - |
Аэрозоль | х | + | - | - | + | - | - | + | + |
Изох: + қўллаш мумкин; - қўллаш мумкин эмас; x - қисман қўллаш мумкин.
2-жадвал. Суғориш усулларини қўллаш шароитлари
Сугориш усуллари | Шўр тупроқларда | Енгил тупроқларда | Оғир тупроқларда | Мураккаб рельефларда | Катта нишабликда | Шўр сизот суви якин жойлашганда | Сув захиралари етишмаганида | Шўр сув билан суғорганда | Кучли шамолда |
Ер устидан | + | х | + | х | х | х | х | х | + |
Ёмғирлатиб | - | + | х | + | + | + | + | - | х |
Тупроқ ичидан | - | х | х | х | + | - | + | - | + |
Томчилатиб | - | х | + | + | + | - | + | - | + |
Субирригация | - | х | + | - | - | - | - | - | + |
Аэрозоль | + | + | + | + | + | + | + | - | + |
Изох: + қўллаш мумкин; - қўллаш мумкин эмас; x - қисман қўллаш мумкин.
Матяқубов Бахтияр Шамуратович