Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бой берилган наслчилик анъаналари тикланмоқда

28/Mart/2024 12:50
  684

Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи чоғида бой берилган наслчилик ишлари анъаналарини тиклаш, қоракўлчилик билан шуғулланувчи чўпонлар ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Ҳозирги пайтда  жаҳоннинг эллик мамлакатида 31 миллиондан зиёд қоракўл қўйлари боқилади. Шундан  Афғонистонда 6,5 миллион, Ўзбекис­тонда 6 миллион, Туркманистонда 1,8 миллион, Эронда 1,5 миллион, Қозоғистонда 700 минг, қолган қисми бошқа мамлакатларда. Дунё бўйича ҳисоблаганда ушбу мамлакатларда йилига 9-10 миллион донагача қоракўл тери (сур терилар) етиштирилади. Янги туғилган қўзичоқлар териси қимматбаҳо маҳсулот саналади. Ҳажмининг катталиги, қалинлиги, нақшлари ва майинлиги қоракўл териларининг қимматини белгиловчи муҳим омиллар сирасига киради. Улар қора, сур ранг, кумуш ранг, қаҳрабо ранг каби ранг-баранг тусга эга бўлади. Энг қимматли ранг Сурхондарё сур ранг қоракўл терилари бўлиб, улар платина ранг, қаҳрабо ранг ва тилла ранг тусларни ўзида уйғунлаштиргандир. Энг кам учрайдиган рангли терилар эса оқ рангли бўлиб, бундай қоракўл терилари фақат Намибияда етиштирилади. Қоракўл қўйлари боқишнинг асосий афзалликлари шундан иборатки, улар табиий яйловларда ўсадиган 800 хил ўсимликларнинг 400 дан ортиқ турлари билан озиқланади (йирик шохли моллар эса фақат 150 турдаги ўсимликлар билан кифояланади), қаттиқ совуқ ва иссиққа чидамли экани билан ҳам ажралиб туради. Асосан Финландия, Германия, Италия, Буюк Британия, Россия, АҚШда қоракўл терилари бозори жуда чаққон. Жаҳондаги қоракўл териларининг 60 фоизи Копенгагендаги кимошди савдо уйида сотилади, 35 фоизи Хельсинкида, 2 фоизи эса Санкт-Петербургдаги халқаро мўйна бозорида, қолган қисми дунёнинг бош­қа аукционларида сотилади. Афғонистон қоракўл қўйларини етиштириш соҳасида жаҳонда етакчи саналади. Эътиборга молик жиҳати шундаки, Бухородан олиб кетилган қоракўл наслли қўйлар Афғонистонда қоракўлчилик ривожланишига замин яратган. 1907–1912 йилларда Бухоро амирлиги ҳудудидан қарийб бир миллион бош қоракўл қўйлари Афғонис­тонга ҳайдаб кетилган. Мўйна федерацияси таркибида жаҳоннинг қирқдан ортиқ давлатидан эллик олтита тармоқ аъзолари бор. Мазкур федерация қоракўлчилик соҳаси манфаатларини жаҳон бозорида ифодаловчи ва йўналтирувчи ягона ташкилотдир. Ҳозир Афғонистоннинг 19 та вилоятида қоракўл қўйлари боқилади, ўртача 502 минг дона қоракўл териси ва 14 минг тонна юнг экспорт қилинади. Қоракўл сур терилари Финландия (50%) ва Европа мамлакатларига етказиб берилади. Норасмий маълумотларга кўра, афғон сур терилари йилига 50 миллион доллардан ортиқ қийматда экспорт қилинади. Афғонис­тон қоракўлчилик институти Халқаро мўйна федерациясининг аъзоси ҳисоб­ланади. Жаҳон бозорида юқори талабга эга Афғонистон қоракўл қўйлари юқори маҳсулдорлигининг асосий омилларидан бири она қўйлардан самарали фойдаланишдир. Совлиқлар йил бўйи яйловларда боқилгани учун ўн йилгача яшайди. Ҳар 100 бош совлиқдан 130-140 та қўзи олинади. Бундан ташқари, Афғонистонда қоракўлчилик билан шуғулланувчилар қўйлардан кўп насл олиш мақсадида кимёвий моддалар ва гормонал рағбатлантирувчи воситалардан фойдаланмайди. Юқоридаги омиллар туфайли афғон қоракўли қовурғасимон-ясси нақшлари ва ипакдай майинлигини, ўзига хос жингалаклигини ҳозирга қадар сақлаб қолган. Афғон қоракўл териларининг яна бир ўзига хос жиҳати ўзбек қоракўл териларидан фарқли равишда анча йирик  бўлади. Афғонис­тон сур ранг қоракўл тери етиштириш бўйича жаҳонда биринчи ўринни (50-60%) эгаллайди. Экспортга етказиб берилаётган афғон сур қоракўл терилари энг талабчан саралашга ҳам жавоб беради. Бироқ қайта ишлаш соҳаси яхши ривожланмагани, маркетинг сиёсати заифлиги боис сур терилар экспорти билан асосан Эрон компаниялари шуғулланади. Улар сур териларининг ҳар бир донасини 30-40 доллардан харид қилади. Ҳолбуки, жаҳон бозорида афғон сур терисининг ҳар бири ўртача 100 доллардан сотилади. Намибия ҳам жаҳонда қоракўл тери етиштирувчи етакчи мамлакатлар жумласидан. 1907 йилда Бухородан 12 бош қорақўл қўйнинг Германия орқали Намибияга жўнатилиши мана шундай зотли қоракўл қўйлари яратилишига замин яратган. Бухоро ва Жанубий Африка қўй зотларининг муваффақиятли чатиштирилиши натижасида ярим чўл шароитида ўзига хос свакара – қоракўл қўйи зоти яратилади. Бу қоракўл терилари бошқа терилардан қоракўлчага жуда ўхшаши билан ажралиб туради ва фақат Копенгагендаги кимошди савдосида сотилади. Намибия ясси-қовурғасимон свакара қоракўл териси қора ранг, кумуш ранг, жигар ранг, сур ранг, бронза ранг бўлади. Свакара терилари дунёда энг қимматбаҳо ва сифатли саналади. Битта шундай терининг нархи савдода 60 дан 200 долларгачани ташкил қилади. Ҳозир бундай терилардан “Prada”, “Gucci”, “Valentino”, “LouisVuitton”, “RobertoCavalli” каби машҳур брендлар фойдаланади. Намибияда йилига 140 мингдан ортиқ тери етиштирилади ва йиллик экспорт ҳажми 9 миллион долларни ташкил қилади. Айни пайтда Ўзбекистонда етиштирилаётган қоракўл териларининг ўлчами 11 дицеметр квадратни ташкил қилади. Бунинг сабаби шундаки, 1967 – 1985 йилларда республикада қўйлар маҳсулдорлигини ошириш мақсадида сунъий биорағбатлантирувчилардан кўп фойдаланилган. Бу ҳозирги пайтгача енгил вазнли ва терисининг юзаси кичик қўзичоқлар туғилишига, қоракўл терилари сифати кескин пасайишига олиб келди. Бинобарин, ҳозир республикамиз мутахассислари олдида йирик ва рақобатбардош қоракўл терилари етиштириш юзасидан селекция-­наслчилик ишларини яхшилаш вазифаси турибди. Айни пайтда олимларнинг таҳлилларига биноан бошқа зотли қўйлар билан чатиштириш усулини қўлламасдан яна ҳам йирик ва сифатли қоракўл терилари етиштириш учун 30 йилгача селекция ишларини ўтказиш талаб қилиниши мумкин.

Санжар Маҳмудов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими.

Манба: "Қишлоқ ҳаёти" газетаси

Улашиш: