Қуёнчиликни ривожлантирмоқчи бўлаётган норинлик тадбиркор
Қорамолчилик ва паррандачилик каби сердаромад соҳалар қаторида бугун хонадонларда қуён парваришлаш ҳам кенг оммалашяпти, деб ёзади “Оила даврасида” газетаси.
Тадбиркорлар наслдор қуёнларни ўзимизда кўпайтириш орқали, гўшти ва терисидан фойда оляпти. Норинлик тадбиркор Темур Умиров қуёнчиликка қизиққан ёш тадбиркорлардан.
— Норинда ҳозиргача ҳеч ким қуёнчилик фермасини ташкил этмаган, — дейди Темур Умиров. — 2016 йили уйда қуён боқа бошладим. Турли қуён наслларини олиб келиб, парваришладим. Шу соҳада тажрибаси бор кишилардан маслаҳат сўрадим, ўргандим. Баъзи қуёнлар касалликдан, тажрибанинг етарли эмаслигидан ва бошқа сабаблар билан нобуд бўларди. Икки йил давомида қуён насллари, кўпайиши, қандай боқилса, фойда келтиришини ўргандим, тажрибам анча ошди. Ниҳоят, энг самарали ҳисобланган «Калифорния», «Паннон» ва «Янги Зеландия» зотларини кўпайтиришга қарор қилдим.
— Қуёнларни қаердан келтиргансиз?
— Наслли қуёнлар Украина ва Россиядан келтирилган. Ҳозирда Белорусдан «Паннон» зотини олиб келишни мўлжаллаяпмиз. Бир бош қуённинг мамлакатимизга етиб келиш нархи 150 АҚШ долларигача етади. Агар тўғри кўпайтирилса, даромади тезда қоплайди, албатта.
— Қуён қандай шароитда боқилиши керак?
— Ёзда қуёнларни боқиш бироз қийинчилик туғдиради. Сабаби, ҳароратнинг кўтарилиши қуёнларнинг иштаҳасизлигига сабаб бўлади. Бундай пайтда қуён семирмайди, болалаганда ҳам қуёнчалари нимжон бўлади. Айниқса, иссиқда қуёнларни жойидан кўчириш хавфли. Жонивор нобуд бўлиши мумкин. «Паннон» зотини олиб келишга шошмаётганимизнинг ҳам сабаби шу. Шароит ва иқлим мос бўлганида келтирсак бўлади.
— Бир йилда неча марта насл олиш мумкин?
— Агар қуён фақат насл олиш мақсадида парваришланса, буни бир йилда ўртача беш марта амалга оширган маъқул. Аслида етти мартагача насл олса бўлади. Бироқ она қуён чарчайди ва бир йилдан сўнг гўштга топширишга тўғри келади. Соғлом насл олиш учун она қуённинг оғирлиги белгиланган меъёрда бўлиши зарур. Болалагандан сўнг дам олдириб, керакли витаминларни бериш, касалликларга қарши эмлатиб туриш керак. Ана шунда урчиган қуён бир мартанинг ўзида ўртача 7-12 тагача болалайди.
— Қуёнларнинг меъёридаги озуқа миқдори қанча?
— Бир кунда ўртача 250 граммдан ем берилади. Бу махсус гранула бўлиб, таркибида маккажўхори, арпа, буғдой, сули, кунжара, суяк уни, балиқ суяги уни, кальций моддалари бўлади. Харажат, асосан, қуёнларнинг овқати учун кетади. Бир килограмм гранулани 220 сўмдан сотиб оляпмиз. Фермада ҳозирда 150 қуён бор. Бироқ улар жуда тез кўпаяди.
— Қуёнларнинг тез кўпайиши сабабли тезда қўшимча жой топиш масаласи пайдо бўлса керак?
— Ёшлар иттифоқи Норин тумани бўлими томонидан фойдаланишимиз учун жой берилди. Бироқ бу жой 150 қуён билан тўлди. Уларни кўпайтиришга мос, салқин шароит қилиш ҳамон муаммо бўляпти. Қолаверса, туман ҳокимлигидан шу йилнинг февраль ойида бир гектар экин майдони ажратилишини илтимос қилган эдик. Мана, беш ойдирки, натижа йўқ. Агар ер берилса, керакли озуқаларни ўзимиз етиштирардик ва бунда анча маблағ тежаларди. Фермани кенгайтиришга қурилиш майдонидан ер беришга рози бўлишди. Бироқ 1 сотих ер учун 690 минг сўм тўлов қилишимиз керак экан. Бу 1 гектар ер учун 69 миллион сўм дегани.
Тадбиркор билан суҳбат чоғи унинг ер масаласида ёрдам сўраб кўп остоналарга бош ураётгани, аммо бирор натижага эриша олмаётганини билдик. Аслида туманда Темур Умиров каби тадбиркорлик қиламан, деган ёшлар кўп. Улар қўллаб-қувватлашга муҳтож. Бироз ёрдам берилса, туманда тадбиркорлар сони ортиб, янги иш ўринлари яратилган бўларди.
Манба: od-press.uz. Муаллиф: Ноилахон Аҳадова