Замонавий, қулай ва арзон иссиқхона
Аҳолини кеч куз, қиш ва эрта баҳор ойларида сабзавот маҳсулотлари билан таъминлашда энергия тежовчи иссиқхоналарнинг аҳамияти катта. Ҳозир иссиқхоналарнинг ҳам тури кўпайиб қолди.
Турли шаклдаги иссиқхоналар ва ҳимояланган майдонларни ёпишда полиэтилен плёнкадан фойдаланиш, айниқса, кенг урф бўлмоқда. Чунки унинг сифатли ва пишиқларини 3-5 йилгача ишлатиш мумкин. Бундан ташқари, ҳозирги кунда иссиқхоналарни ёпишда ойна ўрнига ундан анча арзон ва етти марта енгилроқ пластик ойналардан фойдаланилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, энергия ва харажатни тежаш, иш унумдорлиги ва маҳсулот сифатини янада ошириш имконини беради.
Пассив қуёшли иссиқхона
Совуқ кунлари кечаси 60 фоизга яқин иссиқлик иссиқхона шифти орқали чиқиб кетади. Бу муаммони пассив қуёшли иссиқхонага муқобил усулни татбиқ этиш орқали қисман ечиш мумкин. Пассив қуёшли иссиқхоналарнинг ўзига хос томонлари қуйидагилардир:
— улар қуёшдан фотосинтез учун етарли ҳажмда нур торта олади;
— тунда том устини ёпадиган иссиқликни изоляция қилувчи суриладиган қоплама кундузи тўпланадиган иссиқликни иссиқхона ичида сақлайди;
— йилнинг иссиқ ва совуқ даврида сабзавот ўстиришга қулай микроиқлим яратиши мумкин;
— иссиқхонанинг уч тарафи кесак (ёки пахса) девор билан ўралиши ҳисобига иссиқлик йўқотилиши сезиларли даражада камаяди;
— иссиқликни сақловчи материаллардан қилинган ва полиэтилен плёнка устидан тортилган термоадёл (масалан, брезент) қуёш ботганидан сўнг иссиқхона ичидаги иссиқликни сақлаб қолади.
Замонавий ёндашув
Дастлаб, бундай энергия тежовчи иссиқхонани қурадиган жойни танлаш талаб этилади. Сизот сувлари камида 3,5-4 метр ёки ундан чуқурроқ бўлган ерни танлаган маъқул. Улар яқин бўлса, иссиқхона ичида юқори намлик ҳосил бўлади ва кўпгина ўсимликларни ўстириш қийинлашади. Бироқ фақатгина ерости сувлари орқали иссиқхонасини иситаётган тадбиркорлар ҳам бор. Бу кўпроқ намсевар ўсимликлар ва кўчатлар учун қўл келади. Тепалик ерда иссиқхона учун керакли ўлчамда чуқур қазиш мумкин. Бундай усул девор қуришга кетадиган харажатни тежаш имконини беради. Шунингдек, хом ғиштдан кўтарилган ёки пахса деворлар қуёш энергиясини кундузи иссиқлик тарзида йиғиб олади ва тунда чиқаради.
Ҳисобга олинг!
Қуёш нури. Сабзавотларни етиштириш ва иссиқхонани иситиш учун қуёш нури зарур. Қуёш кеч чиқса ёки эрта ботса, иссиқхонага узоқ муддат иссиқлик тушмайди ва бу сабзавотларни етиштиришга салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, иссиқхона яқинидаги бино, иншоот, дарахт ва бошқалар ҳам соя бериши мумкин.
Шамол. Агар иссиқхона эшиги доимий шамол эсадиган томонга ўрнатилса, ташқаридан совуқ ҳаво кириши ҳисобига иссиқхона ичидаги ҳаво ҳарорати пасайиб кетади. Шу боис эшикни шамолга тескари тарафга ўрнатиш тавсия этилади.
Қор. Қалин қор ёғиши оқибатида иссиқхона тепасида кўп миқдорда қор тўпланиб, плёнкага зарар етиши мумкин. Шу боис полиэтилен билан тортилган юза нишаблиги қор тушиб кетадиган даражада бўлиши керак.
Меъёридан ошмасин
Қуёшли кунларда иссиқхона ичидаги ҳаво ҳарорати анча юқори (40°C дан ортиқ) бўлиши мумкин. Меъёрдан ортиқча исиб кетиш сабзавотларга зарар етказиш билан бирга, турли касалликлар ривожланиши ҳамда зараркунандаларнинг пайдо бўлишига замин яратади. Иссиқхона вақти-вақти билан юқорисига ўрнатилган тешиклар ва ён эшиклари очилиб, шамоллатиб турилиши керак.
Том нишаблиги
Энергия тежовчи бундай иссиқхонанинг томи нишаблиги 35°С бўлиши тавсия этилади. Қишда, офтоб энди кўтарилаётган пайтдан бошлаб, бундай қиялик қуёш энергияси тушиши энг мақбул бўлишини таъминлайди. Ёз пайтида эса қуёш тик кўтарилганда том иссиқхонанинг маълум қисмига соя беради ва унинг ҳаддан ортиқ қизиб кетиши олдини олади.
«Энерго-тежамкор иссиқхоналарни қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича қўлланма» асосида тайёрланди.