Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкани ўғитлаш (1-қисм)

24/Noyabr/2024 04:01
  1155

Сабзавот экинлари бошқа деҳқончилик экинларига нисбатан тупроқ унумдорлигига анча талабчан бўлади. Бунинг сабаби сабзавот экинларининг ҳозирги навлари узок  вақт давомида яхши ўғитланган унумдор томорқаларда етиштирилиб, илдизи сустлашиб қолганлигидадир. Натижада уларнинг илдиз тизими саёз ривожланиб, тупроқнинг устки қатламидаги озуқалари билан озиқланади холос. Сабзавот илдизларининг сўрувчи кучи жуда заиф.

Азот сабзавотларнинг вегетатив аъзолари, поя ва барглари ўсишига ёрдам беради. Карам, салат, исмалоқ ва бошқа барги учун ўстириладиган сабзавотлар азотга, айниқса кўп муҳтождир. Лекин азотнинг ҳаддан ташқари кўп бўлиши сабзавот ўсимликларининг палаги ғовлашига, гуллаш  ва мева тугиши секинлашувига олиб келади, натижада ҳосил камайиб кетади ҳамда сабзавотнинг сифатига ҳам салбий таъсир этади. Карам тез ва кучли ўсиб, карам бошлари ёрилиб кетади, картошка туганакларининг ичи говак бўлиб қолади ҳамда ундаги крахмал миқдори камаяди, қовунларда ширадорлик пасаяди. Илдизмевалар, картошка, пиёз ва бошқа сабзавот маҳсулотлари узоқ сақлашга яроқсиз бўлиб қолади.

Фосфор ўсимликларнинг палаги ўсишини сусайтиради, уруғи, туганаклари, пиёз бошлари, илдизмевалари тез пишиб етилишига ёрдам беради, мевалар таркибида қуруқ моддаларни кўпайтиради, крахмал ва шакар миқдорини оширади. Помидор, бақлажон, шолғом, редиска ва салат фосфорга талабчан бўлади. Уруғини олиш учун ўстириладиган барча икки йиллик сабзавотлар ҳам фосфорга талабчандир.

Сабзавот экинлари калийни жуда кўп ўзлаштиради. Калий кул таркибига киради ва ўсимликларда углеводлар ҳосил бўлишида катта аҳамиятга эга. Ўсимликларни калий билан яхши озиқлантириш механик элементлар ( луб) ҳосил бўлишига ёрдам беради ва пояларнинг мустаҳкамлигини оширади. Экинга калий етишмаса, ўсимликлар азот ва фосфорни ёмон ўзлаштиради, уларнинг вирусли ва замбуруғли касалликларга чидамлилиги пасаяди. Картошка, лавлаги ва сабзи тупроқда калий кўп бўлишини талаб этади.Ўсимликларнинг минерал озуқага талабчанлиги уларнинг бирламчи товар ҳосил билан тупроқдан олган озуқа элементларининг миқдорига асосан характерланади. Бу асосан ўсимликларнинг биологик хусусияти, эртапишарлиги, ўсиш тезлиги, ер устки қисмини ва илдиз тизимининг ривожланганлигига боғлиқ. Сабзавотларнинг ўсиш ва ривожланиш даври давомида тупроқдан озиқ моддаларни ўзлаштириши ва талабчанлиги кескин ўзгариб туради. Уруғлар униб чиқаётганда ўзининг захирасидаги моддаларни сарфлайди, тупроқдан минерал моддалар олишга муҳтож эмас. Уруғ захираси тугагач, ниҳол илдиз орқали озиқлана бошлайди. Гарчи ёш ниҳоллар бу даврда тупроқдан жуда оз миқдорда минерал моддалар олсалар ҳам тупроқ таркибида бирор озиқ модданинг етишмаслиги экиннинг ўсиши ва кейинчалик ривожланишига салбий таъсир қилиши мумкин. Ёш ўсимликнинг тупроқ озуқасига талабчанлиги юқоридир.

Ёш ниҳоллар илдизи калийни, айниқса, фосфорни азотга нисбатан анча суст ўзлаштиради. Айниқса, 1-1,5 ойлик помидор фосфорни ёмон ўзлаштиради. Ёш сабзавотлар илдизининг сўриш кучи заиф бўлгани учун фосфор ва калийга муҳтожлик сезади. Ривожланиш бошланишида экинга фосфор етишмаса ғунчалашга ўтиши кечикади. Шунинг учун кўчатларни фосфор билан озиқлантириш ҳосилга ҳосил қўшади. Вегетация бошида барг поялари нимжон бўлганлиги сабабли сабзавот ўсимликлари азотни катта миқдорда талаб қилмайди. Унинг ортиқчаси углевод кам бўлган ёш ўсимликни аммиак билан заҳарлаши мумкин. Ўсимлик ўсиш ва ривожланиш жараёнида барг поялари ва илдиз тизими катталашиб бориши билан бирга уларни янги минерал озуқаларга бўлган талаби ҳам ортади. Агар вегетация бошида фосфор ўғитлари муҳим аҳамиятга эга бўлган бўлса, вегетатив органлари интенсив шаклланаётган, гуллаётган ва мева тугаётган даврда азот ва калий ўғитларининг аҳамияти биринчи даражага эгадир.

Бу пайтда, айниқса, азотни сингдириш интенсивлиги ортади. Шу муддатда азот етишмаса, ўсимлик ўсиши ва гуллаши кескин сустлашади, бу ҳосилнинг камайишига олиб келади. Мева берадиган сабзавотларнинг гули ва меваси шаклланаётган даврда, икки йилликларда захира органлари пайдо бўлаётганда тупроқда фосфор ва калий ўғитларини осон ўзлаштирадиган шаклларининг тупроққа киритилиши ҳосилни кескин оширади ва сабзавотларнинг кимёвий таркибини яхшилайди.

Манба:

Б.Қ.Мухаммадиев (2015). Ўсимликларни озиқлантириш  ва зараркунандалардан  ҳимоя қилиш. Тошкент.

Улашиш: