Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Аҳоли хонадонларида қўй парваришлаш

23/Noyabr/2024 07:01
  2243

Қўй инсон ҳаётида гўшти ва сути, териси ва жуни билан катта аҳамиятга эга.

Зотлари: ҳозирги кунларда аҳоли хонадонларида қўйларнинг жайдари, ҳисори гўштдор-жундор думбали зотлари ва уларнинг дурагайлари боқилмоқда.

Жайдари зотли қўйлар: гўшт-ёғ беришга ихтисослашган дағал жунли, думбали маҳаллий қўй зоти. Бу қўйлар яйлов ҳамда қишлоқ шароитига мослашган Унумдор яйловларга талабчан эмас, ўз семизлигини тезда йўқотмайди. Қўйлар 5-7 ойлигида жинсий етилади. 15-18 ойлигида қочиришга қўйилади. Бўғозлик даври 145-155 кун. Уларда битта ёки иккитадан қўзи олинади. Қўчқорларнинг оғирлиги 60-180, совлиқларники 35-110 кг атрофида. Сўйим чиқими 45-60%. Қўйларнинг жуни йилига 2 марта – баҳорда ва кузда қирқилади. 1-4 кг жун олинади. Жунлар қалин мовут, шолча, гилам тўқишда ва кигиз босишда ишлатилади. Йилига 50 кг гача сут (ёғлилиги 6-7%) беради.

Ҳисори зотли қўйлар: фермер хўжаликларида ҳамда аҳоли томорқа хўжаликларида жадал урчитилмоқда. Чунки бу зотли қўйлар бир жойда муқим сақлаб боқишга жуда мослашган. Ҳисори қўйлар йирик думбаси, тез етилиши билан бошқа думбали қўйлардан фарқ қилади. Қўчқорларининг тирик вазни 110-120 кг, совлиқлариники 80-90 кг, думбаси ўртача 15-20 кг.

Парваришлаш. Қўйхонада бир она қўйга 1,5 м2, ахта қўйларга 1 м2, катта қўчқорларга 2 м2 жой ажратилади. Бир бош қўй ҳар куни 200-300 г омихта ем, 1 кг майдаланган пичан ва сабзавот чиқиндиси, макка силоси, сенаж, сомон ва керагича туз билан боқилади.

Қишда қўйнинг семизлигидан қатъий назар, кунига 0,5 кг.дан майдаланган пичан берилади.

Бўғоз қўйларга катта эътибор бериш керак. Уларга туғишида бир ой илгари ҳар куни 0,4 кг.дан омихта ем едирилади.

Қўйларни қочириш. Совлиқларни қочиришга тайёрлаш керак. Улар қанчалик семиз бўлса, шунчалик яхши куйикади ва бақувват қўзи туғади. Август ойидан бошлаб совлиқларнинг кунлик рационига бир килограмдан дон аралашмаси ёки буғдой, сули, икки дона тухум қўшилади. Озиқани тўйимли оқсил ва туз билан бойитиш учун лизунец аралаштирилади. Қочириш учун наслли қўчқорлар танланади. Сунъий қочириш иши иқлим шароитига қараб 17-25 кун давом этади.

А.Нурматов, Б.Аллашов


Улашиш: