Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўзбекистон ва Кореянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлиги

24/Noyabr/2024 03:50
  1261

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегациясининг Корея Республикасига ташрифи чоғида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Корея форуми ташкил этилди, деб хабар беради ЎзА, "Дунё" АА берган маълумотларига асосланган ҳолда.

Тадбирда икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат соҳаси вакиллари, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди. Унда мамлакатларимизнинг аграр соҳадаги сиёсати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва ҳудудлар кесимида тақсимлаш, Ўзбекистонда ўсимлик ва ҳайвонлар карантини тизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда кореялик ишбилармонларга мамлакатимизда ишбилармонлар учун яратилаётган шароитлар, имтиёзлар, экспорт учун яратилган қулайлик ҳақида маълумот берилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари хусусида сўз юритилди.

Форумда қайд этилганидек, мамлакатларимиз бугун барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам фаол ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунда Ўзбекистон ва Корея давлат раҳбарларининг ўтган йил ноябрь ойидаги олий даражадаги учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ўрин тутмоқда. Илк бор ўтказилаётган мазкур форум ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш, соҳага оид маълумотлар алмашиш имконини беради.

Корея қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти институти қошидаги Халқаро алоқалар маркази директори Ли Дэ Соб мамлакатимизда етиштирилган мевалар ўзининг мазаси, тотлилиги билан ажралиб туришини таъкидлар экан, ўзбекистонлик ишбилармонлар учун Корея бозорларида рақобатлашиш имконини юқори баҳолади. Биргина мисол. АҚШдан Корея бозорига экспорт қилинадиган бир килограмм гилос ўртача 9,9 АҚШ долларини, Янги Зеландиядан келтириган гилос нархи эса 12,5 АҚШ долларини ташкил этади. Ўзбекистонлик бободеҳқонлар етиштирган ушбу маҳсулот Корея бозорларида 4,2 АҚШ долларига баҳоланмоқда.

Учрашувда Корея томони маҳсулотнинг нарх қиймати занжирини яратиш мақсадида экинларни парваришлаш, карантин, ишлаб чиқариш инфратузилмасини модернизациялаш, уруғчилик, транспорт-логистика йўналишларини, хорижий ҳамкорлар кўмагида савдо тармоғини яратиш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: