Иссиқхона қуришда табиий омилларни ҳисобга олиш
Қуёшдан нурланиш
Сабзавотларни етиштириш ва иссиқхонани иситиш учун қуёш нурлари зарур. Қуёш кеч чиқса ёки эрта ботса иссиқхонага узоқ муддат давомида иссиқлик тушмайди ва сабзавотларни етиштириш қисқаради. Шунингдек, иссиқхона яқинидаги нарсалар (бино, иншоот, дарахт ва ҳк.) ҳам соя бериши мумкин. Энг яхши ҳолат – қуёш эрталаб соат 9 дан аввал чиқиши ва 15:00 дан кейин ботишидир.
Шамол
Агар иссиқхона эшиги шамол эсадиган томонга қўйилса, ташқаридан совуқ ҳаво кириши ҳисобига иссиқхона ичидаги ҳаво ҳарорати пасаяди. Шунинг учун доим эшикни шамолга тескари тарафга қўйиш тавсия этилади. Шамол тезлиги ва мавсумий кўрсаткичларни гидрометеорология хизматидан билиш мумкин.
Қор
Қаттиқ қор ёғиши оқибатида иссиқхона тепасида кўп миқдорда қор қолиб кетса, унинг устига тортилган полиэтилен плёнкага зарар етиши мумкин. Кўп қор ёғадиган ҳудуларда полиэтилен билан тортилган юза нишаблиги қор тушиб кетадиган даражада катта бўлиши керак.
Баландлиги
Баландликка кўтарилиш билан ҳарорат пасаяди. Шу сабабли паст баландликдаги водийда қурилган иссиқхонанинг самарадорлиги баланд тоғ ҳудудида қурилган айни шу ўлчамдаги иссиқонадан анча юқори бўлади. Баланд тоғ ҳудудлари учун иссиқхона қурилиш тизими мукаммал бўлиши лозим. Унга иссиқликни ушлаб қоладиган, тупроқни термоизоляция қиладиган материаллардан кўпроқ ишлатиш керак бўлади ва у торроқ бўлиши зарур.
Агар қуйидаги ҳолатлар бўлса, иссиқхона қуриш учун
жой ярамайди:
1. Ер майдонинг юқори қисми жануб тарафда жойлашган бўлса, бу ҳолатда иссиқхонага тушадиган қуёш нурлари миқдори қисқаради.
2. Ер майдонида шимол томонга йўналган камар бор: бу ҳолда иссиқхона шимолга йўналган бўлади ва кўп афзалликлари йўқолади.
3. Захкаш (ботқоқли) тупроқ: тупроқ қишда тез музлаб қолади ва сабзавотлар ҳам музлаб қолиши мумкин.
4. Ер майдонида қишлоқ хўжалиги фолияти учун хос бўлган тупроққа эга эмас (тош, қум, шағал, оҳак).
Манба: mehnat.uz