Калифорния қалқондори – мевали ва манзарали дарахтлар зараркунандаси
Зарари. Мевали дарахтларга, резавор мева, буталарга ва манзарали ўсимликларга зарар етказади. Калифорния қалқондори (Diaspidiotus perniciosus Comst) кўпайиб кетганда дарахт пўстлоғи узунасига ёрилиб, шохларни ва бутун дарахтларни қуритиб қўяди, мевалардаги ширани сўриб, тўқ қизил доғ туширади. Мевали дарахтни шох, новда, барг, дарахт пўстлоғи ва мевасини зарарлайди. Натижада дарахтлар кам хосил беради, ёш дарахтлар қуриб қолади.
Таърифи. Қалқони юмалоқ, анчагина япалоқ, оч жигар ранг, кул ранг тусда бўлиб, диаметри 1,0–1,5 мм дан 2 мм гача. Қалқоннинг четлари ўртасига қараганда оч тусда бўлиб, эркагининг қаноти бир жуфт бўлади. Ёш личинкаси озиқ лана бошлаганда оқимтир шира чиқаради, бу шира кейинчалик қалқонга айланади.
Ҳаёт даври. Биринчи ёш личинкалари шох ва новдалардаги қалқон остида қишлайди. Баҳорда, дарахт куртаклари бўрта бошлаганда озиқланишни бошлайди ва пўст ташлаб жинсий етук урғочи ва эркак зотларга айланади. Урчиган урғочи зот 1 ойча етилгач 100–120 тадан тирик личинкалар туға бошлайди. Туғилган «дайди» личинкалар қалқон остидан чиққандан сўнг бир неча соат давомида дарахт бўйлаб тарқалиб пўстлоқ ва меваларга ёпишган ҳолда ўзига қалқон ясай бошлайди. Озиқланиши давомида пўст ташлаб иккинчи ёшга ўтган личинкалари жинсий етук урғочи ва эркак зотларга айланади ва 2-авлод «дайди» личинкалари пайдо бўлади. Шу тариқа йил давомида 3–4 та авлод беради. Одатда ҳар бир авлод биринчи ёш личинкаларининг бир қисми қишлашга қолади. Кўчат ва зарарланган мева орқали жойдан– жойга тарқалади.
Уйғунлашган кураш чоралари. Эрта кўкламда буталган шох ва новдаларни ёқиш, дарахтлар танасини тозалаб, эски пўстлоқларни ёқиш, дарахт танасини оқлаш, боғларни ёшартириш. Мавсум вақтида тухумдан чиққан қалқондорлар сонини билиш учун скочни диаметри 3–5 см бўлган шохларга ёпишқоқ тарафини тепага қилиб маҳкам боғланади. Агар маҳкам бўлмаса, ёш қалқондор личинкалари тагидан ўтиб кетади. Бир боғдан камида 10 та дарахтнинг 2 та шохига скочни боғлаб чиқилади. Ҳар ҳафтада янги скочга алмаштирилади. Ҳар бир жойда скочга ёпишиб қолган қалқондорларни санаб, ёш қалқондорларни қачон кўпайишини аниқлаш мумкин. Скочдаги қалқондорлар сонига қараб пестицид билан ишлов ўтказиш белгиланади. Кимёвий ишловлар қалқондорларнинг биринчи ёш личинкалари кўпайган даврда сепилади. Куртаклар бўртиш вақтида ёғли воситаларни қишлаётган зараркунандаларга қарши пуркаш энг самарали ҳисобланади.
Кураш чоралари. Куртаклар бўртиш вақтида минерал мойлар билан таркибида хлорпирифос ёки диазинон бўлган препаратларни аралаштириб ишлов берилади. Вегетация даврида эса таркибида дельтаметрин, диметоат, имидоклоприд, лямбда– циголотрин, малатион ва хлорпирифос бўлган препаратлар билан ишлов берилади.
Манба:
Олма зараркунандалари ва касалликларига қарши кураш. Маълумотнома. БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, 2016.