Помидор куяси ва унга қарши курашиш
Помидор куяси – Tuta absoluta помидор ўсимлигининг ашаддий кушандаси бўлиб, экинларнинг меваси ва баргига жиддий зарар етказади. Помидор куясининг ватани Жанубий Америка ҳисобланиб, Европа, Осиё ва МДҲ давлатларида ҳам учрайди.
Капалаги 10 мм бўлиб, ипсимон мўйловларга эга. Олд қанотларида қора доғлари бор. Тухуми цилиндирсимон сариқ ёки оқ-сариқ бўлиб, узунлиги 0,36 мм, эни 0,22 мм. Личинкасининг боши қорамтир бўлиб, ёруғ жойда яшил рангга айланади. 2 ва 4 ёшдаги личинкалари пушти рангда.
Помидор куяси помидор ўсимлигининг очиқ ва ёпиқ турдаги экинзорларида учрайди. Юқори репродуктив самарадорликка эга ҳашарот бўлганлигидан личинкаси озуқа топмагунча тинчланмайди. Личинкаси умри давомида 4 та ёшни ўтайди.
Ҳаво ҳарорати ва ташқи муҳит таъсирига қараб, ҳашаротнинг яшаш даври 29-38 кунни ташкил этади.
Помидор куяси зарарлаган меваларни патоген микроорганизмлар чиритади. Барг тўқимасини зарарлайди. Помидор ўсимлигини турли босқичларда хусусан, кўчат босқичидан ҳосил етилиш пайтигача зарарлайди. Одатда зараркунандани осон аниқлаш мумкин. Чунки у ўсимлик гули ва меваларида ривожланади. Картошка ўсимлигининг фақат юза қисмини зарарлайди, илдиз мевада ривожланмайди.
Помидор куясига ёпиқ ерларда қарши кураш чоралари:
1. Иссиқхоналарнинг тупроқларини янгилаб туриш.
2. Ойна ва ҳаво кириш жойларини ферамон тутқичи билан ҳимоялаш.
3. Кириш жойларида дизенфекцияни ташкил этиш.
4. Помидор куясини бартараф этишда ферамон ва ёпишқоқ тутқичлардан фойдаланиш.
5. Вегетация даври тугагандан сўнг тавсия этилган инсектицидлар билан ишлов бериш.
Помидор куясига очиқ ерларда агротехник ва кимёвий қарши кураш чоралари:
1. Бегона ўтларни йўқ қилиш.
2. Ҳосилни йиғиб бўлгандан сўнг ўсимлик қолдиқларини ёқиб юбориш.
3. Зараркунанда кўп аниқланганда тавсия этилган кимёвий препаратлар билан ишлов бериш.
Юқоридагилардан кўринадики, помидор куяси помидор ўсимлигининг жиддий зараркунандаси ҳисобланади. Мазкур ҳашаротга қарши агротехник ва кимёвий кураш тадбирларини вақтида ҳамда сифатли ўтказган сабзавоткор экиндан мўл ҳосил олишга эришади. Шундай экан, помидор куясига қарши курашда сабзавоткорлар эътиборли бўлишлари талаб этилади.
Манба: agro.uz. Муаллифлар: О.Хўжаев, Б.Тешабоев, М.Норматов