Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Лимон қандай етиштирилади?

20/Noyabr/2024 16:03
  1543

Цитрус ўсимликлари иссиқсевар бўлганлиги боис совуққа чидамсиз, мевасининг етилиши учун жуда кўп фойдали иссиқ ҳарорат йиғиндисини талаб қилади, ўсув даври анча узоқ. Шунинг учун республикамизда цитрус ўсимликлари ҳосили иссиқхона ва траншеяларда етиштирилади.

Цирус ўсимликлари нормал ўсиб ривожланиши ва ҳосил тугиши учун 4000°С дан ортиқ фойдали ҳарорат йиғиндисини талаб қилади. Масалан, апельсин меваси пишиб етилиши учун 4500°С иссиқлик зарур.

Улар орасида иссиққа энг талабчани апельсиндир. У нормал ҳосил тугиши учун суткалик ўртача ҳарорат 220-240 кун давомида 10°С дан юқори бўлиши керак.

Илмий-тадқиқотлар ва илғор хўжаликлар тажрибаси шуни кўрсатдики, суғориладиган ҳудудда лимоннинг “Мейер” навидан сифатли, мўл ва мунтазам ҳосил олиш имконини бермоқда.

Бу нав бўйи нисбатан кичиклиги ва эрта ҳосил бера бошлаши билан бошқалардан ажралиб туради. Кўчати ўтқазилганидан 2 йилдан сўнг ҳосилга киради. Маҳаллий шароитга кўпроқ мослашган, бироқ совуққа чидамли бўлмаганлиги боис иссиқхоналарда ўстирилмоқда. Яхши парвариш қилинганда ҳар тупидан 400-500 тагача лимон мевасини олиш мумкин.

Иссиқхоналарда суткалик ўртача ҳарорат 10°С дан юқори бўлганида лимон новдаси ўса бошлайди.

Суткалик ўртача ҳарорат 16-18°С га етганида лимон қийғос ғунчалайди, 18-22°С да эса гуллайди.

Лимон ўз-ўзидан ва четдан чангланадиган ўсимлик. Четдан чангланиши асаларилар ёрдамида ўтади, бу тугунчаларининг кўпроқ ҳосил бўлишига ёрдам беради. Ўсиш ва шаклланиш даврида (апрель-май) 20-25°С қулай ҳарорат ва ҳавонинг нисбий намлиги 70-80% бўлганида фойдали гуллаши 22-25% га етади. Ҳаво қуруқлиги ва ҳароратнинг кескин ошириш тугунларнинг кўплаб тўкилиб кетишига олиб келиши мумкин.

Лимон ўсиши ва ривожланиши учун тупроқ шароити муҳим аҳамиятга эга. Сизот сувлар яқин шўр ерларда ва структураси соз тупроқларда ўса олмайди. Зичлиги ўртача қумоқ тупроқли ерлар ва сув, ҳаво ўтказувчанлиги енгил тупроқларда яхши ўсади.

Иссиқхоналар лимон кўчатларини экишдан олдин тупроқ яхшилаб текисланиб, гектарига 60-80 тн чириган гўнг, 600 кг суперфосфат ҳамда 150 кг калий ўғитлари солиниб, 50-60 см чуқурликда ер ҳайдалади.

Кўчати 4х3 м схемада экилади. Кўчатларни экиш пайтида ҳар бир чуқурга 10-15 кг чириган гўнг, 100-150 г суперфосфат ва 50 г калийли ўғитлар тупроқ билан аралаштириб солинади.

Бир ёшли ўсимликларда 3-4 та биринчи тартиб пишган новдалари ва танасининг йўғонлиги 0,7-0,8 см бўлиши керак. Икки ёшли кўчатда иккинчи тартибдаги новдалар, танасининг йўғонлиги эса камида 1 см бўлиши лозим. Кузги лимон кўчати илдизига ёпишган тупроғи билан экилади. Акс ҳолда ўсимликнинг бир қисми нобуд бўлади.

Ўтказишдан олдин боғ қайчи билан охирги ўсиш даражасининг учдан бир қисми, шунингдек ортиқча новдалари, илдизнинг синган қисми кесиб ташланади. Кўчат ўтказилганда кўчатларнинг илдиз бўғзи тупроқ сатҳидан 2-3 см юқорида бўлиши керак. Кўчат ўтказилгандан сўнг атрофидаги тупроқ зичланади ва бир челакдан сув қуйилади. Сўнгра ҳар бир қаторнинг иккала томонидан туплар танасидан 25-30 см масофада олинган эгатлар бўйлаб суғорилади.

Кўчатлар чуқурлиги 15-20 см.ли қилиб олинган ариқлардан жилдиратиб тупроқ 40-50 см чуқурлигида намлангунича суғорилади. Тупроқ вегетация давомида доимо нам ҳолатда бўлиши керак. Учинчи йилда суғориш эгатлари ўсимлик танасидан 50 см.гача кўчирилиб, 30-40 см гача чуқурлаштирилади.

Цитрус ўсимликлари нормал ўсиши ва яхши мева бериши учун тупроқнинг оптимал намлиги 70-85% ни ташкил этиши керак. Суғоришлар бўлиб-бўлиб (мавсумда 25 мартагача) ўтказилади. Уларнинг миқдори об-ҳаво ва ўсимлик ҳолатига қараб белгиланади.

Қишда иссиқхоналарда тупроққа гўнг ва суперфосфат солиниб 25-30 см чуқурликда ишлов берилади. Тупроққа ишлов беришда ўсимликнинг 15-35 см чуқурликкача етган илдиз системасини шикастламаслик учун эҳтиётлик билан иш кўрилади. Бегона ўтларни ўташ ва уларни иссиқхонадан чиқариб ташлаш зарур, чунки улар ўсимликни шира ва бошқа зараркунандалардан зарарланиши учун манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Лимон туплари биринчи марта қишда вегетация бошлангунча, иккинчи марта гуллаш олдидан ва 3-4 марта тугунлар тўкилгандан сўнг ва мевалар ўсиши даврида 20-25 кун оралатиб шатмоқ билан суғорилади. Шатмоқ сигир, қўй-эчкиларнинг ва парранда гўнгини (2:1:1) ариқ сувида яхшилаб эзиб, суғориш эгатларига қуйилади. Ёзда шатмоқ кечқурун ва эрталаб берилади.

Юқори ва мўл ҳосил олиш учун тупларнинг фақат меъёрда озиқланиши, ўсиши ва ривожланиши билан кифояланиб бўлмайди. Ўсиб кетган ва шаклланган новдаларни дарахт ёшига, муносиб равишда сийраклаш, чилпиш ва буташ зарур. Бунда тупнинг ўсиши ва мева бериши яхшиланади.

Цитрус ўсимликлари кўпинча сохта қалқондор, ўсимлик битлари, каналар билан зарарланади. Қалқондорларга қарши 0,3% ли Фазолон эритмаси 5-6 кун оралатиб 2 марта пуркалади. Каратэ препаратини 0,3% ли қилиб сепса ҳам бўлади. Бунда ўсимликнинг ҳамма қисмини, айниқса, баргларини пастки тарафидан ҳўллаш зарур.

Ўсимлик ғунчалаган ва гуллаган даврида пуркаш мумкин эмас. Ишлов эрталаб ва кечқурун ёки булутли кунларда ўтказилади.

Қора куясимон замбуруғлар барглар ювилганда кетмайди. Барглар 1% ли бордо суюқлиги эритмаси ёки 0,5% мис, хлор оксиди эритмаси билан қўшимча пуркалгандагина холос этади.

Ўргимчакканага қарши 0,2% ли Кельтан ёки 1% ли Данитол эритмасини пуркаш яхши самара беради. Вақти-вақти билан ювиб туриш ҳам фойдали.

Ўсимлик танаси гоммоз елим оқиш билан касалланганда, касалликнинг илк босқичида шикастланган пўстлоқ қисми ва ёғочи соғлом қатламгача кесиб ташланади. Бундан сўнг тозаланган жой 3% ли мис купороси билан дизенфекция қилинади ва боғ қатрони билан шувалади. Қатрон тайёрлаш учун канифоль ва асал ари мумига (2:1) оз миқдорда мол ёғи қўшиб эритилади.

Гоммоз билан зарарланган ва қуриган дарахт танаси атрофи илдизи билан қазиб олиниб ёндирилади, тупроғи эса 1% ли формалин эритмаси билан дизенфекция қилинади.

Р.Абдуллаев, Ж.Агзамходжаев


Улашиш: