Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Асаларичиликда баҳорги тадбирларни сифатли ўтказиш бўйича тавсиялар

22/Noyabr/2024 01:48
  1570

Баҳорги мавсумда асалари қўйиладиган майдончалар яхши жойдан танланиши, яъни боғ, мевазорлар атрофида бўлиши мақсадга мувофиқ бўлади. Майдонча тоза ва қуруқ бўлиши, катта сув ҳавзаларидан ҳамда чорва моллари сақланадиган молхоналардан узоқроқ бўлиши керак. Танланган майдончаларда асалари қутиларини жойлаштиришга алоҳида эътибор бериш лозим. Улар бир текисда шахмат усулида қаторлаб қўйилиши керак ва уядаги рақамлар очиқ кўриниши лозим. Асалари қутилари қуёш тиғидан ҳимояланиши ҳамда асалариларнинг мўлжал олиб учишига ёрдам берувчи дарахтлар, иншоотлар бўлиши керак.

Асалари қутилари остида махсус қозиқлар бўлиши, уларнинг устига қўйилган қутилар озгина нишаб қўйилиши лозим, чунки шундай қилинганда ёмғир сувлари уя ичига сингиб кетмасдан, тезда пастга оқиб тушади. Асалари оиласига баҳорги биринчи қаров ўтказиш ишлари қуёшли кунларда, ҳаво ҳарорати +14–15оС дан паст бўлмаган даврда ўтказилади. Баҳорги қаров ўтказишнинг асосий мақсади шундан иборатки, унда асалари оиласининг қишловдан сўнгги ҳолати аниқланиб, уларнинг ривожланиши учун қулай шароит яратиб берилади.

Ҳар бир асалари оиласи ҳолати текширилиб, унинг кучи (рамкалар асалари билан тўлиқ қопланганлиги), она асаларининг борлиги, рамкалардаги очиқ ва ёпиқ наслларнинг сони, уядаги озуқа асал миқдори, асалари уяси ҳолати (уянинг қуруқлиги, ифлосланганлиги, ўлик асаларилар миқдори) каби кўрсаткичлар ҳисобга олинади. Асалари оиласини баҳорги қаров ўтказиш даврида уядаги рамкаларни тўлиқ олмаслик ҳам мумкин, чунки яхши ривожланган оилаларда она асалари рамкаларга тўлиқ, сифатли тухум қўйганлиги кифоя бўлади. Уядаги асаларилар ва унинг насли, озуқа асални эса уядаги рамкаларини озгина кўтариб кўриб, кўз билан чамалаб кўрилади.

Асалари оиласида нормал ҳолат кузатилса, яъни ҳар хил ёшдаги насл ва тухум бўлса, демак, оиладаги она асалари сифатли бўлишидан дарак беради, уни қидириб кўриш лозим эмас. Шунингдек, рамкалар устидаги мум ўсимталарни ва прополисни ҳам искана билан қириб олмаслик лозим, бу ишни кейинроқ ҳаво исиб кетганда, уядаги мумлар анча юмшаб қолган даврда бажариш керак.

Қишловдан ёмон чиққан асалари оилаларига биринчи ёрдам бериш ишлари бошлаб юборилади. Бунинг учун озуқаси кам бўлган асалари оилаларига асал озуқали ва гулчангли рамкалардан берилади; ҳар бир оилага ўртача 8–10 кг озуқа асал ва 1-2 та рамка гулчанг бўлишига эришилади, ортиқча рамкалар, ифлосланган, нотўғри тўқилган, қийшиқ, бўш рамкалар уядан олинади. Асалари оиласига биринчи баҳорги қаров ўтказиш даврида асалари уясининг таг қисмини тозалаш мақсадга мувофиқдир.

Бунинг учун асалари уясидаги остки учиш туйнукларида тўпланиб қолган ахлат ва асалари ўликлари, симдан тайёрланган қармоқча ёрдамида тозалаб олинади, чунки бундай ахлатларнинг тўпланиб қолиши уядан асалариларнинг учиш фаолиятига халақит беради, уя ҳавосини бузади, уларнинг чириши натижасида ҳар хил касалликларни вужудга келтириши мумкин.

Асалари уясидаги ахлатларнинг миқдорига қараб, асалари оиласи қишдан қандай чиққанлигини билиб олиш мумкин. Ахлатлар орасида асал кристаллари кўп бўлса, демак оиладаги озуқа асал сифатсиз бўлган. Бундай асалари оилаларига тезда ёрдам бериш чораларини кўриш керак. Асалари оиласи юқумли касалликлар оқибатида ўлиб қолган бўлса, у ҳолда тўпланган ахлатлар ёқиб юборилади.

Қишловдан чиққан асалари оилаларининг айримларида она асалари ўлган бўлиши мумкин. Бунда онасиз қолган оилаларга зудлик билан она асалари топиб бериш ёки уларни бошқа оилаларга қўшиб юбориш мақсадга мувофиқдир. Яхши ривожланган асалари оиласи ҳаёти давомида керакли миқдорда ўзидан иссиқлик ажратиб чиқаради. Асаларичининг вазифаси – ана шу иссиқликни исроф қилмасдан, хусусан, баҳор ойларида асалари оиласининг ривожланиши даврида уни эҳтиёт қилиб сақлаш чораларини кўриши лозим.

Асалари уясини қисқартириш мақсадида уядаги эски, сифатсиз, моғорлаган асалари рамкаларини олиб қўйиш лозим. Шундай қилинганда, асалари уясида керакли миқдорда иссиқлик сақлаб қолинади ва асаларилар эса кам энергия сарфлашга ҳаракат қилади.

Хусусан, бу ишларни баҳор ойларида бажариш катта аҳамиятга эга, чунки баҳорда асалари оиласи ривожланадиган вақт бўлиб, унда она асалари кўп тухум қўя бошлайди, ёш асалари насли уяда кўпроқ бўлади, уларнинг ривожланиши учун уяда нормал – 34-35оС даги ҳарорат керак, акс ҳолда уларнинг ривожланиши секинлашади ёки тўхтаб қолади. Бу эса асалари оиласида ҳар хил юқумли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Шуларни ҳисобга олиб, асалари оиласига керакли миқдордаги рамкаларни сақлаб қолиш ва бу рамкаларнинг тўлиқ асалари билан қопланиши мақсадга мувофиқдир.

А.НУРМАТОВ, Б.АЛЛАШОВ, Б.ЖУМАДУЛЛАЕВ, Р.РЎЗИЕВ, О.ТЎРАЕВ



Улашиш: