Маккажўхорини такрорий экин сифатида етиштириш бўйича тавсиялар
Уруғ танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиладиган маккажўхори уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун (синмаган), тўқ, текис (зарарланмаган) бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади. Уруғлик экиш олдидан илмилиқ сувда 10–12 соат ивитиб қўйилади.
Ер тайёрлаш. Ер ўтмишдош ўсимликлар қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозалангач, 1 сотихга 250–300 кг (10 сотихга 2,5–3 т) тоза, чириган гўнг солиниб, камида 18–20 см чуқурликда юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланади ва ер текисланади.
Экиш муддати. Экиш ишлари шимолий ва марказий иқлим минтақаларида дон учун 20 июнгача, силос учун 20 июлгача, жанубий минтақаларда дон учун 1 июлгача, силос учун 30 июлгача амалга оширилади.
Экиш схемаси ва меъёри. Маккажўхори уруғи 60×21×1 (60 см – қатор орасининг кенглиги, 21 см – уялар ораси, 1-дона – уядаги уруғлар сони), 70×18×1, 90×14×1 схемада унувчанлиги ва уруғ тозалигига қараб 1 сотихга 220–250 граммдан (10 сотихга 2,2–2,5 кг) экилади.
Парваришлаш. Маккажўхори ўсимликлари биринчи марта биринчи ўғитлашдан сўнг, иккинчи марта иккинчи ўғитлашдан сўнг, учинчи марта султонлар чиқариб, гуллаш даври бошланганда, тўртинчи марта эса доннинг сут-мум пишиш даврида суғорилади. Агарда ер қумлоқ бўлса, тупроқ ва ўсимликнинг ҳолатига қараб қўшимча суғорилади.
Қатор ораларини юмшатиш: ўсимликлар униб чиқиб, 5–6 чинбарг ҳосил қилгач, ҳар бир қатор ораси 6–8 см чуқурликда чопилади. Кейинги чопиқ ўсимликлар 8–10 барг ҳосил қилганда 8–10 см чуқурликда ўтказилади.
Ўғитлаш. Кузда чопиқ олдидан фосфорли минерал ўғит сотиғига 0,9 кг, калийли ўғит 0,6 кг меъёрида солинади. Ўсимлик 5–6 та чинбарг чиқарганда 2,2 кг, 10–12 та чинбарг чиқарганда ҳам 2,2 кг азотли ўғит билан озиқлантирилади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Зарур бўлганда маккажўхорининг асосий зараркунандаларига қарши курашда бракон ва трихограмалари қўлланилади. Касаллик ва зараркунандалар турига қараб Каратэ, Суми-Алфа каби кимёвий воситалардан фойдаланилади. Сўта донлари сут-мум пишишга кирганда, кўсак қуртига қарши трихограмма ва етук ёшдаги қуртларига қарши бракон энтомафагидан фойдаланилади. Ўсимликда 6–8 барг ҳосил бўлганда тушадиган кўсак қуртига қарши кимёвий курашда Каратэ эритмаси яхши самара беради.
Бегона ўтларни йўқотиш учун қўлда чопиқ ишлари амалга оширилади.
Ҳосилни йиғиштириш. Маккажўхори сўталари дон учун тўлиқ пишиш даврида, силос учун эса поялар сут-мум пишиш даврида қўл кучи ёрдамида йиғиштириб олинади.