Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хитой атиргули (гибискус) - бахт ва қувонч гули

23/Noyabr/2024 15:49
  1995

Хонаки гулларнинг инсонга бахт келтириши ҳақида эшитганмисиз?  Бунга кўпчилик ишонмаслиги мумкин, аммо Хитойнинг фэн-шуй таълимотига кўра биз уйимизда меҳр билан парваришлаб ўстирадиган кўпгина хонаки гулларнинг ўзига хос “каромати” бўлиб, уларнинг бири хонадонингизга даромад келтирса, яна бири бахт, бошқаси эса қувонч олиб келиши мумкин. Тиниб-тинчимас мутахассислар оилага бахт ва қувонч олиб келувчи гуллар рейтингини тузишга ҳам улгурдилар. Унга кўра, 1- ўринга спатифиллум яъни, аёл бахти гули муносиб топилди. Иккинчи ўрин сенполия гулига насиб этди. Учинчи поғонадан эса гибискус яъни хитой атиргули жой олди.

Гибискуслар гулхайридошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимликдир. Бу гул Эски ва Янги дунё тропик ва субтропикларида кенг тарқалган. Гавайяда гибискус миллий бойлик ҳисобланади, шунингдек, “Гўзал аёллар гули” сифатида қадрланади.  Гибискуснинг 500 дан зиёд шакл ва тури мавжуд бўлиб, улар орасида дарахтсимон, бутасимон ва ўтсимон турлари бор. Уй шароитида гул шайдолари томонидан асосан, хитой атиргули номи билан аталувчи гибискус тури парваришланади.

Манзарали ўсимлик сифатида хонадонларда ўстирилувчи, гулхайридошлар оиласига мансуб ушбу гул ватани-жанубий Хитой ва Ҳиндистон ҳисобланади.  Яхши парваришланган гибискуснинг бўйи 3 метргача етади. Унинг ялтироқ яшил барглари тез ўсади.  Оқ, сариқ, пушти, қизил рангли гуллари билан бошқа ўсимликлардан ажралиб туради.

Баъзи ташаббускор тажрибали  гулчилар гибискуснинг “судан атиргули” деб номланувчи чой тайёрлашда фойдаланилувчи турини ҳам хонадонларда муваффаққият билан етиштиришга эришмоқдалар.

Хитой атиргулининг  доим яшил новдалари  четида тишчалари бўлган чўзиқ шаклдаги ёрқин зангори барглар кетма-кет жойлашган. Бувижонларимиз ўстириб келган оддий турида гулининг диаметри 15 см бўлган бўлса, селекционерлар томонидан чатиштириб олинган янги навларида  гулбарглар диаметри 20 см.ни ташкил этади. Гуляпроқларнинг ранги ҳам турфа ва беқиёс: пушти, қизил, сариқ, оловранг ва оқ.  Шунингдек унинг шу қадар чиройли тусга эга турлари борки,  таърифига тил ожиз. Яхшиси бу гўзалликни ўз кўзингиз билан кўрганингиз, бор тароватидан бахраманд бўлганингиз маъқул.

Қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, гибискус дунёнинг кўплаб энг гўзал гуллари билан бемалол рақобатлаша олади.

Баъзи гуллар тинчлик-осойишталикни ёқтиради. Бундай гулларга алоҳида диққат билан қаранг ва кузатинг. Агар сиз гулларнинг тинчлигини бузсангиз улар касалликка чалиниб қолиши мумкин. Хона гулларининг доимий жойи бўлиши керак. Уларнинг жойини тез-тез ўзгартириш тавсия этилмайди. Ҳар бир жой алмаштириш гуллар учун катта бир йўқотиш бўлиши мумкин.

Серяпроқ гибискус тури ҳам бошқа хитой атиргулларидан фарқ қилмайди.  Асосий тафовуд гулида. Унинг гуляпроқлари бир неча қатор жойлашиб, қат-қат бўлиб очилади. Бу эса ўсимликка янада жозиба бағишлаб, унга нисбатан эътибор ва талабни оширмоқда. Бу пахмоқ, серяпроқ гули сабаб  ўсимлик оддий навли  хитой атиргулидан фарқли равишда яққол кўзга ташланмай қолмайди.

Ҳар бир очилган гул фақат бир кун узоғи билан икки кун яшайди. Аммо ғунчалар кетма-кет очилиб навбати билан янги –янги  ҳосил қилаверади. Шу зайлда баҳордан кузгача  гуллашда давом этаверади. Бироқ ўсимликнинг мунтазам барқ уриб гуллаб туришини истасангиз, уни парваришлашнинг белгиланган техникасига амал қилишингизга тўғри келади.

Ҳўш, хонаки гибискусни парваришлашда нималарга алоҳида аҳамият бериш лозим? Умуман олганда гибискус деярли жой танламайдиган ўсимликлардан ҳисобланади. Кўпинча уни момоларимизнинг токчаларида очилиб турган холида кўрамиз. Бу гулни ёшу қари, тажрибали ва ҳаваскорлар ҳам бирдек парваришлай олади, фақат унга муҳаббат ва меҳр берилса бўлгани.

Гибискусни парваришлашнинг талабларидан бири унга тўғри шакл беришдир. Бунинг учун асло мутахассис гулчи бўлиш шарт эмас, ким хоҳласа уни тик  ўсувчи дарахт холига келтириши мумкин. Бу жараён - чиройли шаклини сақлаб қолган бутада гулларнинг домий  очилиб туришини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Гул куртаклари гибискуснинг янги новдасидан чиқади, шундай экан эски шохлар кесиб ташланмаса, унинг гуллаши бутунлай тўхташини тахмин қилиш қийин эмас.

Гибискус, ўғитли озуқани ҳуш кўради. Бу унинг гуркираб гуллаши учун ҳам керак.  Шу боис, ҳафтада бир марта суғориш чоғида  гуллайдиган хонаки ўсимликлар, ёки махсус хитой атиргули учун мўлжалланган озуқа билан тўйинтириш лозим. Ёз ойларида гибискус тоза ҳавода мамнуният билан ўсади, шунинг учун гул экилган тувакларни боғ ёки айвонга очиқ ҳавога олиб чиқиш керак  ва шарт. Қуёшнинг тўғри тушувчи нурлари тафтида ўсимлик барглари қизиб кетади ва сўлиб, кўркини йўқотади.  Демак уни ёруғликдан сиқмаган ҳолда офтобдан сақлаш лозим.

Ҳар баҳорда ёш ўсимликни  кенгроқ тувакка кўчириб ўтқазиш, унумдор-озуқага бой  тупроққа олиб ўтиш тавсия этилади. Одатда кўчириб ўтқазгандан сўнг узун шохлари  эҳтиёткорлик билан кесиб тартибга келтирилади.

Шу ўринда гулларни суғоришга доир кичик бир эслатма:

Гул тувагига керагидан ортиқ сув қуйманг. Икки уч соат давомида сувни шимиб олмаса, гул тувагидан сувни тўкиб ташланг. Акс ҳолда ёш илдизчаларни чиритиб юборади.

Ўсимлик айни ривожга кирган паллада унга мўл сув қуйиш лозим. Бироқ суғоришдан олдин тувакдаги тупроққа разм солинг, устки қатлам селгиб, қуриган бўлса сув қуйинг, хали нами кетмаган бўлса суғоришни бир-икки кундан кейин амалга оширганингиз маъқул. Жазирама ёз кунлари барча ўсимликлар каби гибискус ҳам кўп сув ичади. Бу мавсумда одатдагидан кўпроқ, яъни  тез-тез суғориб турилади. Сув пуркаш йил мобайнида қишин-ёзин амалга оширилади,  бироқ намлик меъёрини ошириб юбормаслик керак. Имкон қадар хитой атиргулининг асосий кушандаси бўлган ўргимчак канага қарши профилактик воситалар билан чўмилтирган маъқул. Акс ҳолда гибискусга ўч бўлган бу зараркунанда унинг шох ва баргларини еб битиради.  Агар ҳаво намлиги узоқ вақт мобайнида паст, ҳарорат эса юқори  бўлса, бу зараркунанда босқинидан  қутилиш қийин кечади.

Гибискуснинг гуллаш жараёни узоқ вақт давом этишини истасангиз, вегетация даврида ойда бир маротаба таркибида азот мавжуд бўлган озуқа билан таъминлаш мақсадга мувофиқдир.

Хитой атиргулини декабрдан феврал ойигача безовта қилмаслик керак. У қуёшсевар бўлгани учун офтоб нури тушадиган ерда сақлангани маъқул. Гибискусни кўпайтириш учун одатдагидек, новдасини сувга солиб илдиз оттирилади. Яна бир йўли: кесиб олинган новдачасини тувакка экиб, устидан шиша идиш тўнкариб қўйишингиз мумкин. Роппа­роса 40 кундан сўнг идишни олсангиз бўлади.

Серяпроқ Хитой атиргули поя қаламчасидан кўпайтирилади. Илдиз орттириш учун энг яхши вақт июль-август ойларидир.   Уни уруғи ёрдамида ҳам кўпайтириш мумкин, бироқ бу жараён жуда узоқ вақт давом этиб, юракни сиқади, энг мухими ҳамиша муваффаққият билан тугамайди. Таваккал қилгандан кўра қаламчасидан тез фурсатда севимли гулингизни яна биттага кўпайтирганингиз маъқул.

Гул парваришида инсон  кайфияти ва руҳияти муҳим аҳамиятга эга. Чунки тирик мавжудот ҳисобланган гуллар нафақат эшитиш, балки ўйлаш, сезиш ва ҳис қилиш хусусиятига ҳам эга. Сизнинг кўтаринки кайфиятингиз гулларнинг барқ уриб ўсишига сабаб бўлганидек, тушкун кайфиятингиз гулларнинг қуриб қолишига олиб келишини унутманг. Агар хонадонингизда гулнинг аҳволи ёмонлашиб, барглар сарғайиб қурий бошласа, билингки, уйингизда тушкун холат пайдо бўлган. Бундай  кайфият ҳукмрон жойда гуллар ўзини кераксиз ҳис қилади ва у ерда узоқ яшай олмайди. Шундай экан, ўзингиз ва уйингизда нафас олаётган ўсимликларга соғлом муҳит яратиш учун доимо кўтаринки кайфиятда, бахтиёр умр кечиринг.

Манба: ekolog.uz. Муаллиф: Хуршида Ғуломова

Улашиш: