Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Наманган шаҳрида анънавий 58-гул байрами бошланди

16/Aprel/2024 04:58
  1981

Кеча Наманган шаҳрида 58-гул байрами тантаналари бошланди. Ушбу байрам 1960 йилдан буён анънавий тарзда ўтказиб келинади, дея хабар беради ЎзА.

Эътироф этиш жоизки, 1960 йилдан буён анънавий тарзда ўтказиб келинаётган нафосат ва гўзаллик тантаналарига бу йил ўзгача тайёргарлик кўрилди.

Гул байрами таровати ва фусункорлигидан эрта тонгданоқ шаҳар аҳли ва меҳмонлари чин юракдан ҳис этишди. Боиси, гуллар билан безатилган юзга яқин турли русумдаги машиналар Наманган халқаро аэропортидан йўлга чиқди. Ислом Каримов ва Амир Темур кўчалари бўйлаб машиналар паради “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими биносигача барчага хушкайфият бағишлади.

Таъкидлаш жоиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тавсиялари асосида Наманганда гулчиликни ривожлантириш маркази ташкил этилди. Наманганлик бир гуруҳ моҳир гулчилар Тошкентдаги “Ботаника” илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда Голландия, Туркия, Бельгия, Корея давлатларига бориб, гулчиликни ривожлантириш бўйича тажриба алмашдилар. Бугунги кунда марказда Россия, Голландия, Германия ва Хитой мамлакатларидан келтирилган энг замонавий ускуналар билан жиҳозланиб, биотехнология асосида ишлайдиган лаборатория фаолият олиб бормоқда. Айни кунларда марказда фаолият олиб бораётган лабораторияда 200 мингга яқин манзарали дарахтсимон, хонаки ва замонавий ландшафт яратувчи нодир безак гул навлари парваришланмоқда. Эътиборлиси шундаки, Наманган муҳандислик-технология институтида гулчилик йўналиши очилиб, янги ўқув йилида 40 нафар талаба ўқишга қабул қилиниши кўзда тутилган.

Йиғилганлар эътиборига гул байрамининг логотипи намойиш қилиниб, унинг гимни ёш хонандалар ижросида илк маротаба ижро этилди. Бу ҳам байрам кўламини янада ортишига хизмат қилиши шубҳасиз, албатта!

Гўзаллик шайдолари – наманганлик гулчилар нафосат айёмини ҳар йилгидан ўзгача ўтказиш мақсадида 150дан ортиқ турдаги 2 миллион туп ноёб навли гул кўчатлари парваришлашди. Декорация ва конструкциялар ҳам шунга монанд, бежирим, беқиёс ва бетакрор.

Бундан ташқари Наманган шаҳри ва туманлари, Фарғона, Андижон, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳридан келган гулчилар томонидан 3 миллиондан зиёд тувакда парваришланаётган гуллар кўргазмаси ва савдоси ташкил этилди.

Гул байрами доирасида ташкил этилаётган маданий тадбирлар, танлов ва мусобақалар, кўнгилочар ўйинлар, аския ва ҳазил-мутойибалар, учрашув ва давра суҳбатлари, мушоиралар, дорбоз томошалари барчамизни бугунги кунда энг улуғ неъмат саналган тинчликнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлашга ундайди.

84.jpg (135 KB)

Қолаверса, бу байрам ёшлар маънавиятини янада мустаҳкамлашга қилиши билан аҳамиятли. Боиси, ушбу тадбир орқали ёшларнинг она табиатга, гулларга бўлган меҳри ортади, уларнинг қалбида гўзал юртнинг фарзандлари эканлигидан фахрланиш туйғулари жўш уради. Хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши фаоллари иштирокидаги меҳр-шафқатга эҳтиёжманд болаларга ёрдам кўрсатишга мўлжалланган “Биз сен билан” ижтимоий акцияси эътирофга молик бўлди.

Халқаро мақомда ўтказиладиган гул байрамида минглаб ҳамюртларимиз қатори хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этишди. Гул байрами вилоятда ички ва ташқи туризм, хусусан, экотуризимни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Гул сайлининг илк кунида Туркия, Саудия Арабистони, Бангладеш, Қувайт, Баҳрайн, Қирғизистон, Тожикистон, Россия давлатларидан келган меҳмонларни учратдик.

Маълумот ўрнида, Наманган шаҳридаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бошланган гул байрами расман бир ҳафтага белгиланган бўлса-да, сайиллар бир ой давом этади.

Манба: ЎзА. Муаллиф: Оқилхон Дадабоев.

Улашиш: