Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Зиғир: хусусиятлари ва лалмикор ерларда етиштириш

23/Noyabr/2024 14:38
  1370

Зиғир хусусиятлари. Мамлакатимизнинг лалмикор майдонларида қадимдан экиб келинаётган муҳим мойли экинлардан бири зиғир ҳисобланади.

Зиғир уруғидан сифатли парҳез хусусиятига эга бўлган қимматбаҳо мой олинади. Уруғи таркибида 30–47,8%, яхшиланган навлардан эса 47–50% мой олиш мумкин.  Мойи саноатда лак, бўёқ, линолеум, плёнка ва бошқа ёмғир ўтмайдиган материаллар тайёрлашда ишлатилади. Кунжараси таркибида 33,3% оқсил ва бошқа тўйимли моддалар бўлади. 100 кг кунжарасида 186 озиқа бирлиги бўлиб, тўйимлилиги жиҳатидан юқори экин ҳисобланади, бундан ташқари зиғир пояларидан сифатли қоғоз тайёрланади ва тола олинади.

Зиғир махсарга нисбатан тупроқ унумдорлигига талабчанлиги анча юқори бўлиб, оғир тупроқли, зичлиги юқори бўлган, озиқа моддалар билан кам таъминланган тупроқларда ҳосилдорлиги ва мой чиқиш даражаси кескин пасаяди.

53-4.jpg (112 KB)

Зиғирни экиш муддати текис қир-адирлик минтақада март ойининг биринчи ярми, тоғ олди ва тоғли минтақаларда март ойининг охири-апрель ойининг дастлабки ўн кунлиги ҳисобланади.

Уруғи +5оС да уна бошлайди. Униб чиққандан гуллагунча ҳавонинг ҳарорати ўртача 15–17оС, пишиш даврида 19–20оС талаб қилади, майсалар -6оС совуққа чидайди. Лалмикор минтақалардаги оч тусли бўз ва тўқ тусли бўз, тоғли минтақада чимли бўз тупроқлар зиғир учун қулай ҳисобланади.

Унинг “Бахмал–2” ва “Баҳорикор” навларини экиш мақсадга мувофиқ.

Экиш меъёри текислик минтақаларда 16–18 кг/га, тоғолди минтақасида 20–22 кг, тоғли минтақада эса 25–30 кг/га бўлиб, уруғлар тупроқнинг намлигига қараб 4–6 см чуқурликка экилади. Тупроқдаги намлик ва ҳарорат етарли бўлганда уруғлар 6–12 кунда униб чиқади.

Зиғир ўсимлиги дастлабки босқичларда жуда секин ўсади ва бегона ўтлар томонидан қисиб қўйилади. Шу сабабли зиғирни бегона ўтлардан тозаланган майдонларга экиш мақсадга мувофиқ.

 

Манба:  Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали

Улашиш: