Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Кузги буғдойдан сўнг экиладиган такрорий экинлар экиш бўйича тавсиялар

23/Noyabr/2024 11:31
  2103

Мамлакатимизнинг турли тупроқ ва иқлим шароитларидан келиб чиқиб, тупроқ унумдорлигини сақлайдиган ва оширадиган, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини таъминлайдиган қишлоқ хўжалик экинлар турини тўғри танлаган ҳолда ерлардан самарали фойдаланиш ҳозирги кун талаби бўлиб қолмоқда.

Бу борада дуккакли дон ҳамда сабзавот экинларини экиш, ушбу экинларни асосан такрорий экин сифатида етиштириш ҳам мақсадга мувофиқ.

Маълумки, дуккакли дон экинларидан кейин экиладиган деярли барча қишлоқ хўжалик экинлари яхши самара беради. Фермер хўжаликларида беданинг ўрнини қоплаш вазифасини бемалол дуккакли дон экинлари бажариши мумкин. Шуни таъкидлаш лозимки, дуккакли дон экинлари соя, ловия, мошни эрта баҳорда ва ёз охирида, яъни бир йилда икки марта экиш имкони мавжудлиги ҳам катта аҳамият касб этади. Улар биринчи навбатда тупроқ унумдорлигини яхшилашга, иккинчидан аҳолини қимматли, оқсилга бой маҳсулотлар ҳамда чорвачиликни тўйимли ем-хашак билан таъминлашга хизмат қилади.

Шунинг учун хам фермер хўжаликларида тупроқлар унумдорлигини сақлаш ва ошириш учун ишлаб чиқаришда кенг қўлланилиб келинаётган ғўза-ғалла қисқа навбатли алмашлаб экиш тизимига тупроқда имкон қадар кўпроқ миқдорда органик қолдиқлар қолдирадиган ҳамда тупроқ унумдорлигини тиклайдиган қишлоқ хўжалик экин турларини киритиш зарурлигини тақозо этаётганлигини эътиборга олган ҳолда, жорий этилаётган алмашлаб экиш тизимларини янги турдаги такрорий экинларни киритиш орқали такомиллаштириш талаб этилади.

Йўқотилган тупроқ унумдорлигини ошириш учун хўжаликларда имкон қадар эътиборни кузги буғдой анғизига экиладиган такрорий экинларга қаратиш, ўтмишдош экин сифатида ғўза ва кузги буғдойга тўғри келадиган, тупроқ унумдорлигини оширадиган, чорва учун тўйимли ем-хашак бўла оладиган дуккакли дон экинларни танлаш зарур.

Табиийки, ҳар бир фермер ўзи етиштираётган экиннинг ҳосили сифатли ва салмоқли бўлишини хоҳлайди ҳамда имкон борича кўпроқ даромад олиш йўлларини излайди. Ҳеч кимга сир эмаски, тупроқ унумдорлиги юқори бўлган далалардангина сифатли ва мўл ҳосил олиш мумкин. Мўл ҳосил олиш учун парваришлаш даврида бериладиган маъданли ўғитларнинг самарадорлиги ҳам тупроқда органик моддалар етарли бўлган тақдирдагина юқори бўлади. Демак, ҳар бир фермер биринчи навбатда тупроқ унумдорлигини сақловчи ва оширувчи экинлардан фойдаланиши, экинларни алмашлаб экиш тизимларига риоя этган ҳолда уларни тўғри жойлаштириши зарур.

Мамлакатимизда кузги бошоқли дон экинлари йиғиштириб олинганидан кейин, уларнинг ўрнига такрорий экинлар етиштириш учун қулай имкониятлар бор. Айтайлик, бошоқли дон экинлари 15–20 июнь муддатида йиғиштириб олинса, ундан кейин тўрт ой, яъни 120–130 кун иссиқ ва ҳароратли кунлар давом этади. Шу ойлар мобайнида 1600–800оС фойдали ҳарорат йиғиндисини заминимиз қабул қилади. Бу эса республикамизда кузги бошоқли дон экинларидан кейин такрорий экинлар экиш имкониятини беради.

Такрорий экинлар сифатида эътиборни дуккакли-дон ва мойли экинлардан мош, ловия, соя, кунгабоқар, ерёнғоқ, кунжут, зиғир, ёрма-дон экинларидан тариқ, маржумак, сабзавот-полиз экинларидан карам, сабзи, шолғом, турп, пиёз, саримсоқпиёз, қалампир, бодринг, помидор, бақлажон, батат, қовун, тарвуз, картошка, ем-хашак ва дон экинларидан: маккажўхори, жўхори, судан ўти, шоли, сидерат экинлардан хашаки нўхат, хантал, рапс, перко, жавдар, тритикале ва бошқа экинларга қаратиш зарур.

Номлари юқорида келтирилган барча турдаги такрорий экинларни экиш учун ер тайёрлаш ишлари экин турларига боғлиқ. Масалан, дуккакли дон ва мойли экинлардан мош, ловия, соя, дон экинларидан маккажўхори, кўп ўримли жўхори, ем-хашак экинлардан хашаки нўхат, хантал, рапс, перко, жавдар, тритикале каби экинларни экиш учун бошоқли дон экинлари ўриб йиғиб олиниб, дала сомон қолдиқларидан тозалангандан сўнг далани енгил суғориб, ер етилганидан сўнг буғдойпоя қатор ораларини культиватор ёки чизель-культиватор ёрдамида юмшатиб, сабзавот сеялкалари ёрдамида экиш ишлари амалга оширилади. Қолган барча экин турларини экиш учун ер тайёрлашда далалар енгил суғориб олинганидан кейин омочлар ёрдамида 20–22 см чуқурликда ҳайдалади, сўнгра борона қилинади. Ушбу такрорий экинларни республикамиз шароитида навларига қараб 1–5 июнь-10 июль оралиқларида экиш мумкин. Такрорий экинларни жойлаштиришда даланинг сув билан таъминланганлик даражасига эътибор қаратиш лозим. Сув таъминоти оғир, кучсиз шўрланган, сизот сувлари ер юзасига яқин жойлашган ҳудудларда дуккакли дон экинларидан мош, ловия, мойли экинлардан кунжут, зиғир, ёрма-дон экинларидан тариқни экса бўлади. Қолган экин турларини имкон борича сув танқис бўлмаган ҳудудларда экиш мақсадга мувофиқдир.

Соя ўсимлигини такрорий экин сифатида республиканинг шимолий ҳудудларида экиш кўзда тутилганда унинг эртапишар Орзу, Мутант–3, Олтинтож, Генетик-1, республиканинг жанубий вилоятлари шароитида Ойжамол, Нафис, Дўстлик каби навларини, мошнинг эса Победа–104, Радость, Наврўз, Каҳрабо, Дурдона навларини экиш мумкин.

Ушбу экинларни такрорий экин сифатида республиканинг шимолий ҳудудларида (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида) 10-30 июнда, марказий ҳудудларда (Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида) 15 июнь-5 июлда, жанубий ҳудудларида (Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида) 15 июнь-10 июль муддатларида экиш яхши самара беради. Экиш меъёри сояда 60–70 кг/га, мошда 14–16 кг/га, ловияда эса 80–100 кг/га миқдорида экилади. Экиш чуқурлиги 4–5 см. ни ташкил этади.

Бундан ташқари, соя, ловия ва мош экинларини такрорий экин сифатида кузги буғдой анғизига экишда ресурстежамкор технологиялардан фойдаланиш ҳам яхши самара беради. Жумладан, кузги буғдой дон ҳосили йиғиштириб олингандан сўнг дала сомондан тозаланади ва енгил суғорилади. Тупроқнинг етилиши билан культиваторлар ёрдамида 14–16 см чуқурликда юмшатилиб, СОН-208 русумли сабзавот экиш учун мўлжалланган сеялкалардан фойдаланиб ҳам экиш мумкин.

Ўсув даври давомида қатор орасига 2–3 марта ишлов берилади. Мош экини 1 марта, ловия ва соя экинлари эса 2–3 марта суғорилиб, чопиқ қилинади. Такрорий экин сифатида экилган соя, ловия ва мош экинлари соф холда гектарига 50–60 кг азот, 90–100 кг фосфор ва 60–70 кг калийли ўғитлар билан озиқлантирилади.

Дуккакларнинг 75–80 фоизи пишганда ҳосили йиғиб олинади ва қуритилади. Поялар эрталаб ёки кечқурун йиғилса дуккаги кам чатнайди ва шикастланмайди. Бунда йиғилган доннинг намлиги 14 фоиздан ошмаслиги керак.

Умуман олганда, республикамизда аҳоли сонининг ўсиши, ер ва сув ресуруслари каби табиий неъматларнинг чекланганлиги шароитида аҳолининг озиқ-овқат, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабининг йил сайин ортиши ердан самарали фойдаланиб, суғориладиган майдонлардан бир йилда икки-уч марта ҳосил олишни, тупроқнинг мелиоратив ҳолати ҳамда унумдорлигини яхшилаш орқали экинлар ҳосилдорлигини оширишни, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришни тақозо этмоқда.

Б.Ҳолиқов

Улашиш: