Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Cабзининг фомоз касаллиги ва унга қарши кураш

23/Noyabr/2024 11:46
  1168

Сабзининг фомоз касаллигини Phoma rostrupii замбуруғи қўзғатади. Ўсимликларнинг барг, барг томирчалари ва бандларида кулранг-қўнғир чизиқчалар ва узунчоқ доғлар пайдо бўлади. Илдизмевалар устида бироз ботиқ, кулранг-қўнғир доғлар, улар остидаги тўқималарда қуруқ чириш ривожланади. Тўқималар тўқ кулранг-қўнғир тус олади, ичи оқ моғор билан тўлган ғоваклар пайдо бўлади.

Омборхонага қўйилган сабзининг чириши кучаяди ва фомоз бошқа соғлом меваларга тарқалади. Қиш ўрталарида зарарланган тўқималарда, қора нуқталар шаклида замбуруғ пикнидалари пайдо бўлади. Улардан споралар суюқликда оқиб чиқади, натижада сабзининг усти илвиллаб кетади ва пушти тус олади. Споралар сабзи кўмилган қумни, омборхонанинг пол, девор ва бошқа жойларини зарарлайди. Омборхонада муайян паст ҳарорат таъминланса, фомоз кам тарқалади. Уруғлик олиш учун фомоз билан ҳатто кам зарарланган илдизмевалар баҳорда экилганда, уларнинг кўпчилиги (60% гачаси) гуллашгача бўлган даврда чириб кетади, қолганларидан зарарланган уруғ олинади. Бундай уруғ экилганида унмасдан чирийди, ёки униб чиққан ниҳоллар чириб кетади. Инфекция ўсимлик қолдиқларида 3 йилгача сақланади. Фомоз енгил, қумоқ тупроқларда кучли ривожланади.

Кураш чоралари. Олдин сабзи экилган далага сабзини 3-4 йилдан кейин экишни кўзда тутувчи алмашлаб экишни жорий қилиш (энг яхши ўтмишдошлар – эртаги картошка, помидор, пиёз); тупроққа фосфор ва калий ёки фақат калийнинг юқори меъёрини (180 кг/га) киритиш; ортиқча азотли ўғит бермаслик, айниқса мавсумнинг иккинчи ярмида ортиқча азот берилганда илдизмевалар сифати бузилади ва омборхонада сақлаш жараёнида тезда чириб кетади; биринчи йил ҳосили ва уруғлик олиш учун экиладиган далаларни бир-бирига яқин жойлаштирмаслик; экишдан олдин уруғни ҳарорати 52-53оС бўлган сувда 15 мин қиздириш, сўнгра қуритиб, стимулятор ва самарали фунгицид билан дорилаш; уларни экишдан олдин 50-60 соат давомида ивитиш; уруғ олиш учун экилган ўсимликларга ўсув даврида фунгицид пуркаш; омборхоналарга қўйиш учун кечки экин ҳосилини ишлатиш ва соғлом сабзиларни танлаб олиш; йиғилган ҳосилни далада уюмларда ва илиқ хоналарда узоқ сақламасдан, иложи борича тез совутиш ва омборхонага жойлаш; ҳосили узоқ муддат давомида сақлашга мўлжалланган экин даласида ҳосилни йиғиб олишдан 2-3 ҳафта олдин суғоришни тўхтатиш; уруғлик учун ажратилган илдизмеваларга фунгицид пуркаш; сақлаш даврида аниқланган чириган сабзиларни чиқариб, йўқотиш; сабзини сақлашга қўйишдан 15-20 кун олдин омборхона деворлари ва шифтини (10 л сувга 1,5-2 кг оҳак ва 100 г мис сульфат эритмаси билан) оқлаш, хоналарини олдинги маҳсулот қолдиқлари ва бошқа чиқиндилардан пухта тозалаш, хлорли оҳак (10 л сувга 400 г “хлорка”) ёки бошқа бирор дезинфектант билан дезинфекциялаш ва яхши қуритиш; сабзини кўмиш учун фақат тоза, зарарланмаган қум ишлатиш; омборхоналарда тавсия қилинган ҳарорат ва нисбий намликни (0-2oC ва 80-95%) таъминлаш лозим.

Шахсий томорқада етиштирилган ҳосилни сақлаш учун Бошқиртистонда қуйидаги усулни ишлатиш тавсия қилинган: илдизмевалар суюқ лойга ботириб олинади ва 1-2 кун давомида қуритилади. Сабзи устида пайдо бўлган лой пардаси уни сўлишдан ва чиришлардан самарали ҳимоя қилади ва баҳоргача яхши сақлаш имконини яратади. Агар қишда баъзи сабзилар чириса, улар эҳтиёткорлик билан олиб ташланади.

Ўзбекистонда ўтказилган кузатувларда омборхонада сақланаётган сабзи касалликлари орасида фомоз учраши бўйича оқ, кулранг ва қора чиришлардан кейинги 4-нчи ўринни эгаллаган.

Манба:  Ҳасанов Б. А., Очилов Р.О., Гулмуродов Р.А. (2009). Сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларининг касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент.

Улашиш: