Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Анор парвариши

26/Noyabr/2024 19:50
  1705

Экиш учун тавсия этиладиган олма навлари: Қизил анор, Аччиқ дона, Қозиқи анор, Туятиш, Улфи, Десертный ва ҳ.к.

Кўчатларни экишга тайёрлаш ва экиш. Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдонини яхши текисланади, сўнг ерга етарли миқдорда – гўнг, чиринди, фосфорли, калийли ва азотли ўғитларни солиб, чуқур қилиб ҳайдалади.

Анорни экиш схемаси – 4×2–3 м, кўчатларни экиш март ойи давомида амалга оширилади.

Кўчат экиш учун чуқурлиги ва кенглиги 50×50 см бўлган чуқурчалар ковланади. Чуқур қазишда тупроқ устки қисмини 20–25 см қатлами ўранинг бир томонига олиб, қолган қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Кўчатни экишдан олдин тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилиб, қаймоқсимон масса тайёрланади) ботириб олинади сўнгра экилади.

Кўчат ўрага тик қўйилиб, олдин олинган тупроқ чуқур тагига солиниб кўмилади. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўла сув қуйилади. Бунда тупроқ зичланиб, кўчат яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб тўлдирилади. Кўчатлар тупроқ намлигига қараб суғориб турилади.

Парваришлаш. Анор қишга кўмиладиган субтропик экин тури бўлганлиги учун уни бутасимон шакллантириш энг мақбул ҳисобланади. Бунда асосий 3 та йирик шох қолдирилади. Йирик шохлар ерга нисбатан 45 градус қияликда шакллантирилади. Вақт ўтиши билан ҳосил тупнинг марказидан четга чиқа бошлайди, шунинг учун новдаларни қисқартириш талаб этилади.

Томорқадаги анор тупларига 250–300 г азотли, 200–220 г фосфорли ва 180–200 г калийли ўғитлар соф ҳолда солиниши тавсия қилинади. Азот ўғити иккига бўлиб, 30–40 физи кузда, қолгани апрель ва июль ойларида тенг миқдорда солинади. Ҳар 2–3 йилда ўртача 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликни ошишига ижобий таъсир этади.

Бўз тупроқларда анор ўсув даври мобайнида 6–10 марта, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Анор дарахтини асосан ўргимчаккана зараркунандаси зарарлайди.

Ўргимчакканага қарши 17,5 фоизли Перфекто сус.к. (10 сотих майдон ҳисобига 15–20 мл) пуркалади.

Ҳосилни йиғиштириш. Анор навлари куз ойларида пишиб етилади. Ҳосилни йиғиштиришда мевани бир қўл билан оҳиста узиб олинади ва яшикларга тахланади. Анор мевалари турли шикастланишларга чидамли бўлгани учун уларни узоқ муддат сақлаш ва қатор-қатор қилиб тахлаш мумкин.

Ш.Аҳмедов, " Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги "

Улашиш: