Чорвачиликда баҳорги тадбирларни сифатли ўтказиш бўйича тавсиялар
Чорвачиликда баҳор фасли масъулиятли фасл ҳисобланади, чунки баҳорда ҳаво исий бошлайди, янги озуқалар чиқа бошлаши билан чорва ҳайвонларининг озиқлантириш рационлари ўзгариши, озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида озуқабоп экинларни экиш, оралиқ экинларни парваришлаш каби муҳим ишлар авж олади. Чорвачилик тармоқларида баҳор ойлари бошланиши билан қуйидаги тадбирларни амалга ошириш тавсия қилинади.
Қорамолчиликда. Шахсий ёрдамчи, аҳоли ва фермер хўжалигидаги қорамолларни қишдан чиққанидан кейин 10-15 кун давомида аста-секин баҳорги яйловда боқишга ўтказиш лозим. Агар моллар шу кунларда силос, сенаж ва пичан ҳамда илдиз-мевалар билан боқилган бўлса, бу муддат 5-7 кунгача қисқартирилиши мумкин. Дастлабки кунларда молларга олдин хашак бериб, сўнгра аста-секин кўк озуқа билан озиқлантиришга ўтилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Очиқ ҳавода юрадиган, боғламай боқиладиган ҳайвонларда моддалар алмашинуви жадал борганлиги учун, уларга озуқа меъёрлари одатдагидан кўра 8-10% оширилган бўлиши керак. Силос, сенаж, илдиз-мевалар ва дағал озуқалардан иборат асосий рациондаги озуқалар уларга яйратиш майдонида едирилади. Дағал ва сершира озуқаларда етишмайдиган озиқ моддалар концентрат озуқалар ҳисобига тўлдирилади.
Ёш қорамолларни баҳорги озиқлантириш. Ёш молларни тўғри боқишни ва озиқлантиришни ташкил этиш қорамолчиликнинг энг муҳим масалаларидан биридир. Амалда ёш молларнинг ўсиши икки даврга, яъни сут ичадиган ва сутдан ажратилган даврларга бўлинади. Бузоқларнинг сут ичадиган даври сут ва сут-гўшт учун боқиладиган қорамолчиликда, одатда 4-6 ойгача ва гўшт учун боқиладиган қорамолчиликда 7-8 ойлик бўлгунча давом этади. Бу даврда бузоқлар рационининг кўпчилик қисми қаймоғи олинмаган сут билан ва ёғи олинган сутдан иборат бўлади. Сутдан ажратилгандан кейинги давр 24 ойлик бўлгунгача давом этади. Бу даврда моллар рационидан сут чиқарилиб ташланади ва улар дағал, сершира ва концентрат озуқалар билан боқилади. Ёш моллар сутдан ажратилгандан кейинги даврда ҳар бир ёш гуруҳ – моллар вазнининг ортиб бориш режасига мувофиқ белгиланган меъёрда боқилади. Ҳар бир гуруҳдаги ёш молларга ой сари рацион тузилиб турилади. Уларнинг рациони сифатли дағал ва ширали озуқалар, қўшимча минерал озуқалар, туз, бўр, суяк уни, трикальцифосфатдан иборат бўлади. Ёш моллар силосга ва сенажга бой рацион билан боқилганда яхши ўсиб ривожланади. Бунда рациондаги концентратлар улуши камаяди. Ёш молларга кунига 3 марта озуқа ва сув бериб турилади. Баҳорда ёш моллар, одатда алоҳида-алоҳида қурилган молхоналарда ёки айвончаларда боғланмасдан боқилади.
А.НУРМАТОВ, Б.АЛЛАШОВ, Б.ЖУМАДУЛЛАЕВ, Р.РЎЗИЕВ, О.ТЎРАЕВ