Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Топинамбур шунчалик ноёб ўсимликми?..

23/Noyabr/2024 08:22
  1950

Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 60 %и қишлоқ жойларида яшашини эътиборга олган ҳолда, иқтисодиѐтни асосан инновация қишлоққа: жумладан аҳоли бандлигини таъминлаш орқали, янги нав қишлоқ хўжалик маданий ўсимликларини ўстириш ва уларни сифатли қайта ишлашдир. Бу борада топинамбур (ер ноки) бирдан бир перспектив қишлоқ хўжалиги маданий ўсимлиги бўлиб, ундан хар хил инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин. Топинамбур дунёда кенг тарқалган ва хар хил мақсадларда ишлатилади. У қимматли, кенг қамровли фойдаланишга яроқли экин. Мураккабдошлар (Asteraceae) оиласига мансуб, кўп йиллик, туганак мевали баланд поя хосил қилувчи, инулин сақлайдиган ўсимлик (1-расм).  Ўсимликни асосий маҳсулоти ер устки қисми поя, барглари ва ер остки қисми туганаги ҳисобланади. Ер ноки навлари бизнинг шароитимизда октябрь ойида йиғиштирилади.

Эндокринология илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан сўнгги ўн йиллик кузатишлар натижаси таҳлил қилинганда, республикамизда қандли диабет билан оғриётган беморлар сони ортиб бораётганлиги қайд этилган. Маълумки, қандли диабет касаллигини даволашда таркибида инулин моддаси бўлган препаратлардан кенг фойдаланилади. Беморларнинг қон таркибидаги қанд миқдорини доимий равишда бир меъёрда сақлаб туриш учун эса, инсулин таблеткаларини деярли ҳар куни истемол қилишга тўғри келади. Инсулин дориларининг катта миқдори республикамизга четдан олиб келинганлиги сабабли нарх­лари ҳам юқори бўлиб, бу оилада иқтисодий қийинчиликларга сабаб бўлади. Топинамбур илдиз туганаги таркибида инулин моддасининг юқорилиги билан ажралиб туради.

888.jpg (64 KB)

Топинамбур туганагида крахмал йўқ ва уни озиқавий қиймати картошканикидан камроқ, аммо топинамбур туганаклари таркибида 3,2-5,4% оқсил, 17 хил аминокислоталар аниқланган бўлиб, саккизтаси алмаштириб бўлмайдиган жумладан: валин, гистидин, изолеётин, леётин, лизин, метионин, треонин ва фенилаланин аминокислоталари ҳисобланади. Топинамбур оқсили аминокислота таркиби бўйича биологик ва юқори тўйимлилиги билан характерланади.

Топинамбурни асосий функционал актив игредиентлари сифатида инулин ва пектин моддалари ажралиб туради. Топинамбурни туганагида инулин миқдори 8-20% ташкил этади. Инулин (С6Н10О5) n-полисахаридлар группасига оид органик модда, фруктоза полимери ҳисобланади.

Топинамбур нафақат доривор, балки қимматли техник ва озуқабоп ўсимлик ҳамдир. Топинамбурнинг илдиз туганаги кўпгина қимматли кимёвий моддалар ва минерал тузларга бойлиги унинг шифобахш хусусиятга эга эканлигини ифода этади. Таркибида инулин моддасининг кўплиги, едиримлилиги эса, ундан қандли диабет билан оғриган беморлар учун турли хил парҳез озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида фойдаланиш имкониятини яратади. Топинамбурнинг илдиз туганаги, ёш барги ва новдаларидан қандли диабет, гипертония, туберкулёз, атеросклероз, кам қонлик, мадор қуриши, айрим тери касалликлари ва бошқа кўпгина касалликларни даволашда фойдаланилади.

Қандли диабет билан оғриган беморларнинг кундалик овқатланиш тартибига топинамбурнинг киритилиши қон таркибидаги қанд миқдорини доимо бир хил сақлаб туриш билан бир вақтда организмни зарур витамин ва минерал моддалар билан таъминлаш орқали ташқи муҳитга чидамлилигини оширади. Топинамбурдан уй шароитида турли хил мазали таомлар ва салатлар тайёрлаш мумкин.

Топинамбурнинг илдиз туганаги ҳамда кўк пояси чорвачилик, чўчқачилик, паррандачилик, қуёнчилик ва балиқчилик учун фойдали, тўйимли қўшимча озуқадир. Топинамбур саноатда инулин, пектин, фруктоза, целлюлоза, этанол, бутанол спиртлари ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаришда асосий хом ашё ҳисобланади. Юз килограмм топинамбур туганагидан 9- 10 кг фруктоза ва 7-8 литр спирт олинади. Бу эса, қанд лавлаги ва картошкага нисбатан 1,5-3,5 марта кўп демак.

Бир гектар топинамбур даласидан 100-110 тоннагача чорвачилик учун тўйимли озуқа (кўк масса) етиштириш мумкин бўлиб, маккажўхори пояси билан қўшиб тайёрланган сенажини қиш кунлари чорва моллари яхши истеъмол қилади.

Топинамбурнинг СО2 самарали ўзлаштириш хусусиятидан фойдаланган ҳолда саноат марказлари атрофларида яшил минтақаларни ташкил этиш билан атроф-муҳитининг экологик ҳолатини яхшилаш ҳам мумкин. Чунки 1 га майдондаги топинамбур ўсимлиги ўсув даври давомида 6 тонна СО2 ўзлаштиради. Ваҳоланки, 1 га ўрмон бир йилда 3 тонна СО2 ўзлаштириши аниқланган.

Ҳозирда Ўзбекистон Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан топинамбурнинг серҳосил иккита “Файз-барака” ва “Мўъжиза” навлари яратилган бўлиб, сўнгги йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент кимё-технологиялар институти ва бошқа илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликда турли йўналишлар бўйича илмий ишлар олиб борилмоқда.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Тошкент кимё-технологиялар институтлари олимлари томонидан топинамбур туганагидан қандли диабет касаллиги билан оғриган беморлар учун шарбатлар ва инсулин таблеткаларини ишлаб чиқиш технологиялари яратилди. Республикамиз олимлари шу билан чекланиб қолмасдан, топинамбур поясидан сифатли қоғоз (целлюлоза), туганакларидан эса, пектин, фруктоза, этанол ва бутанол спиртларини ажратиб олиш услулларини ҳам ишлаб чиқишди.

Маълумки, юқорида қайд этилган, яъни топинамбур экинидан қайта ишлаш жараёнида олинадиган маҳсулотларнинг салмоқли қисми республикамизга катта валюта ҳисобига хориждан олиб келинади. Республикамизда топинамбур етиштиришини йўлга қўйиш эса юқоридаги маҳсулотларнинг таннархини бир неча бор арзон бўлишини таъминлайди. Чунки, топинамбур ўсимлиги турли эколого-географик шароитларга тез мослашувчан ўсимлик бўлиб, ўсув даври давомида ортиқча эътибор талаб этмаслиги билан бирга унумдорлиги паст тупроқларда ҳам яхши (15-20 т/га) ҳосил бериш имкониятига эга.

Ўзбекистон Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти олимлари Қорақалпоғистон Деҳқончилик илмий-тадқиқот институти олимлари билан ҳамкорликда шўрланган тупроқларда, турли йўналишларда (чорвачилик, уруғчилик ва қайта ишлаш учун) топинамбур етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотлар ўтказиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтида топинамбурнинг “Файз-барака” ва “Мўъжиза” навларининг бирламчи уруғчилиги ташкил этилган.

Фойдаланилган адабиётлар:

А. Рустамов, Аманова М., Уббиниязова Д. (2012). Топинамбур-ноёб ўсимлик. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали. Ҳавола: http://agro.uz/uz/services/useful/4305/.

Рахимов Д.А., Абдуазимов Б.Б., Салихов С.А. (сентябрь, 2011). Ўзбекистонда яратилган топинамбурнинг  “Файз барака” нави углеводлари ва уларни қўлланиш  имкониятлари. “Иқтисодиёт ва инновацион технологиялар” илмий электрон журнали. № 1.

Улашиш: