Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Cоя – ҳам ерга, ҳам деҳқонга фойда

22/Noyabr/2024 01:58
  1442

Маълумки, юртимизнинг суғориладиган тупроқлари шароитида такрорий экинларни экиб ўстириш, ҳар бир гектар ердан қўшимча маҳсулот етиштиришга имконият яратади. Такрорий экин сифатида соя, мош, фасоль-рус ловияси каби дуккакли дон экинларидан фойдаланилганда эса, нафақат ушбу экинларнинг дони, балки уларнинг соя ва бошқа чиқитлари чорва моллари учун сероқсил чорва озиқаси сифатида фойдаланилса, буғдой сомонига қараганда чорва молларига "юқадиган" озиқа бўлади.

Сабаби бу экинлар қолдиқларининг ҳар 100 килограммида 38-52 озиқа бирлиги бўлиб, таркибида камида 5.8-6.3 кг.гача ҳазмланадиган, ҳайвонлар организмига энг зарур аминокислоталар билан тўлиқ таъминланган протеин сақлайди. Бу экинларнинг энг муҳим хусусиятларидан бири улар ўсув даври давомида нафақат дон ва чорва озиқаси етиштириб беради, балки ўзлари ўсган тупроқларда ўртача 65-105 кг.гача, улардан кейин экилган барча экинлар тўлалигича ўзлаштира оладиган биологик азотни «текинга» ҳаводаги молекуляр азотни фиксациялаб тупроқларимизга тушириб беради ва тупроқларимизнинг экологик-микробиологик жиҳатидан сезиларлик даражада яхшилаб беради.

Соя жаҳондаги саноати ривожланган мамлакатлар деҳқончилигида салмоқли ўринни эгалловчи, саноатбоп, озиқ-овқат экини ҳисобланади. Соя ўзининг ишлатилишидаги универсаллигига кўра, ўстириладиган барча ўсимликлар орасида тенгсиздир. Чунки, соя дони таркибида юқори сифатли, аминокислоталар билан таъминланганлиги жиҳатидан гўшт, сут, тухум каби энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари билан рақобатлаша оладиган 28-52 фоиз оқсил, 18-27 фоиз экологик тоза ўсимлик мойи, кўплаб миқдорда минерал тузларни, дармондориларни сақлаш билан алоҳида аҳамиятли ҳисобланади.

Бугун кўптармоқли фермерларимиз хорижий, наслли қорамол ва товуқларни олиб келиб парваришлаш жараёнида соянинг чорва моллари озуқаси рационидаги аҳамиятини яхши тушуняптилар. Чунки рационга соя маҳсулотлари аралашмаса, зотдор чорва молларидан кўзланган даромадга эришиш мумкин бўлмай қолди. Соя кунжараси, соя изоляти каби маҳсулотларга талаб ошгани сари нархи қимматлашиб бормоқда.

Энди ўзимизнинг маҳаллий соямизни ишлаб чиқариш керак бўляпти. Бунинг учун барча шарт-шароитлар мавжуд.

Қишлоқ хўжалик фанимизни ривожланиши туфайли соянинг маҳаллий ГМОсиз серҳосил, эртапишар «Тўмарис», МАН-60, «Олтин тож», «Ойжамол», Генетик-1, «Орзу» сингари қатор навлари яратилиб Давлат реестрига киритилди. Улар республикамизнинг барча вилоятларининг суғориладиган тупроқлари шароитида кузги буғдой ва бошқа эртаки экинлардан кейин такрорий ўстиришга яроқли ҳисобланади.

Соядан дон олиш учун такрорий қилиб ўстиришда ерни ҳайдашдан аввал ҳар гектарига 90 кг дан Р2О5, 60 кг дан К2О ҳисобидан маъданли ўғитлари билан ўғитланиб, сўнг экишга тайёрланиши шарт. Тупроқни экишга тайёрлаш ишларини имкон қадар тез амалга оширилиши соянинг ҳосилдорлигини белгилайди, чунки уруғ вақтида экилади. Соя уруғининг экишни энг оптимал муддати 15 июлгачадир, ундан кечикиши дон ҳосилини камайишига олиб келади.

Юқоридаги навларнинг уруғликларидан гектарига 330-400 минг дона унувчан уруғ ҳисобида ва қатор орасини 60-70 см, уруғларни экиш чуқурлигини эса 6-8 см қилиб белгилаш керак. Такрорий соя етиштиришдаги энг муҳим тадбир майдонларни экилган куннинг ўзида уруғ суви билан суғорилишига эришиш ҳисобланади, бу гектардаги майсаларни тўлиқ бўлишини таъминлайди.

Соя ниҳолларида 1-3 та барг чиқиши билан ҳар гектари камида 150 кг гача азотли ўғит билан озиқлантирилади. Ўсув даври давомида тупроқ шароитига боғлиқ равишда 4-5 мартагача суғорилади. Айниқса, донни тўлишиш даврида сувдан қолдирмаслик зарур. Қатор ораларига 2 марта ишлов берилади. 2-3 марта зараркурандаларга айниқса, кўсак қуртига қарши ишлов берилиши талаб этилади. Имкон қадар соязорларни бегона ўтлардан, ҳашаротлардан ҳимоялаш энг муҳим агротехник тадбирлардан ҳисобланади ва булар ҳосилдорликни белгилайди.

Шундай қилиб ўстирилган такрорий соязорнинг ҳар гектаридан ўртача 1,8-2,5 тоннагача дон ва камида 6,8 тоннагача сомон йиғиштирилиб олиш мумкин. Илмий тадқиқотлардан маълумки, соя такрорий ўстирилганда, донидаги ўсимлик мойи ўртача 3.5 фоизгача кўпаяди. Ҳар тонна соя донидан ўртача 200-220 кг.гача экологик тоза ўсимлик мойи ажратиб олиниши ва унинг ҳар бир килосини чакана нархи 8500-10000 сўмни ташкил қилишини ҳисобга олинса, гектаридан фақат мойидан олинадиган даромад 1700000-2200000 сўмни ташкил қилади. Қолган соя кунжараси 780-800 кг.га тенг бўлиб, унинг ҳар бир килоси бугун 5500-6100 сўмдан сотилаётганини ҳисобга олсак, унинг умумий нархи 4 290000-48 800000 сўмни ташкил этишини ҳисоблаб чиқариш қийин эмас.

Демак, такрорий соядан олинган ҳар бир тонна донни қайта ишлаб, ўсимлик мойи ишлаб чиқаришдан олинадиган кунжарасини ҳам қўшиб ҳисобланса, даромад 4290000-9760000 сўмни ташкил қилар экан. Бу рақамларни гектардан олинадиган соя дони ҳосилига монанд ҳисоблаш қийинчилик туғдирмайди. Демак, такрорий соя етиштириш ўта рентабеллик ҳисобланади.

Дон ва дуккакли экинлар

илмий-тадқиқот институти


Улашиш: