Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ҳосилли токларни парваришлаш

23/Noyabr/2024 04:12
  1406

Токнинг баъзи навлари – Каттақўрғон, Нимранг, Чарос ва бошқаларнинг гули урғочи типда бўлади. Мўл ҳосил олиш учун токни яхши озиқлантириш билан бир қаторда сунъий чанглантириш ҳам зарур. Ана шунда гуллари яхши уруғланади. “Оқ кишмиш”, “Қора кишмиш”, “Пушти тойфи”, “Ҳусайни” каби чанглатувчи навлар бўлиши тавсия этилади. Ўстирувчи моддаларда фойдаланиш – узумнинг уруғсиз навлари ҳосилини ошириш мақсадида гиббереллиндан фойдаланиш тавсия этилади. Гиббереллин таъсирида мевалар 2–2,5 марта йириклашади ва натижада ҳосилдорлик 50–70% ортади. Тўпгулларнинг гуллаш даврида ёки гуллаб бўлгандан 3–5 кундан кейин ишлов берилади. Ишлов бериладиган эритма концентрацияси 100мг/л, яъни 10 литр сувга 1 г модда ҳисобида олинади. Токка эрталаб барвақт ёки кечқурун, яъни эритма кам буғланадиган вақтда ишлов бериш мақсадга мувофиқдир. Эритма фақат гулига пуркалади. Гиббереллин ишлатилганда, ҳосилнинг ортиши токнинг озиқ моддаларни кўп сарфлашига боғлиқ. Шунинг учун, гиббереллин ишлатилганда токни қўшимча озиқлантириш, суғориш, юқори агротехникада парвариш қилиш керак, ана шунда келгуси йили ҳосил яхши бўлади. Табиий шароитдан тўлиқ фойдаланиш ва ҳар бир майдондан юқори ҳосил олиш учун токларни парваришлашни механизациялашда токларни ўстиришнинг турли тизимлари қўлланилади. Бунда ўсиш шароити, хусусияти ва маҳсулотдан қайси мақсадда фойдаланиш ҳисобга олинади. Ўсиш кучи турлича бўлган техник навларни, ўртача ўсадиган кишмиш ва хўраки, шунингдек, лалми ерларда ўстириладиган токларни тик симбағазда, кучли ўсувчи, хўраки ва кишмиш навларни қайирма симбағазда ўстириш керак. Ўстириш тизимига кўра ток тупларини шакллантириш учун кўчат ўтқазилгандан сўнг иккинчи йили устун ўрнатилиши зарур. Темир-бетон устунлар узоқ хизмат қилади ва иқтисодий жиҳатдан фойдалидир. Ёғоч устунларни акациядан ясаш мақсадга мувофиқ бўлиб, уларни темир-бетон асосга ўрнатиш зарур, бу уларнинг мустаҳкамлигини оширади.

Манба:  Узум етиштириш ва майиз қуритишнинг замонавий технологияси – Тошкент: «Sharq», 2013.

Улашиш: