Томорқани кул билан ўғитлаш
Тажрибали томорқачилар оддий кулнинг жуда фойдали ўғит эканини яхши билади. Кулда ўсимликлар учун ўттизга яқин фойдали, озиқавий унсурлар мавжуд. Уларнинг асосийсини эса азот ва йод ташкил этади. Айниқса, кул қаттиқ ва «ориқ» тупроққа, унга экилган ўсимликларга ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, қумоқ, лойли тупроқлардаги кислоталиликни камайтиради, унинг таркибини яхшилаб, ҳосилдорликни оширади. Сланецли кулда 65–80 фоиз оҳакли унсурлар бўлса, тошкўмир кули кальцийга бой. Ҳар иккаласи ҳам оғир тупроқлар тузилмаси ва таркибини яхшилайди.
Одатда кул тупроққа кузда сепилади. Бунинг натижасида тупроқда ўсимликлар учун керакли бўлган азот миқдори ошади ва улардаги микроорганизмлар фаолияти тезлашади. Кўпинча картошка (1 квадрат метрга 60–100 грамм) ва нўхат (1 квадрат метрга 200 грамм) пояси остига кул сепилади. Аммо унутманг, кул билан керагидан ортиқ ишлов бериш тупроқ тузилмасини ишдан чиқариши мумкин. Кулни чиринди, гўнг, майда қум билан аралаштириб ҳам сепиш мумкин. Аммо парранда гўнги, оҳак ва азотли ўғитлар билан аралаштириб ерга солиш тавсия этилмайди. Иссиқхоналарда эса сувга аралаштириб сепиш яхши самара беради. Йўл четларидаги дарахт ёғочи кули таркибида қўрғошин моддаси кўп бўлгани учун ўсимликларга зарар қилади.
Мутахассисларнинг айтишича: қайин ўтини кулида 37 фоиз кальций, 14 фоиз калий ва 7 фоиз фосфор; тол ўтини кулида 43 фоиз калий; кунгабоқар кулида 36 фоизгача калий ва 18 фоизгача кальций; буғдой ва жавдар сомони кулида 5–6 фоиз фосфор; картошка пояси кулида 20 фоиз калий, 8 фоиз фосфор ва 32 фоиз кальций бор.
Манба: mehnat.uz