Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Чорва молларида учрайдиган касалликлар ва уларнинг аломатлари

22/Noyabr/2024 23:46
  2361

Куйдирги касаллиги. Бу касаллик ўткир юқумли касаллик ҳисобланади ва ҳайвонларнинг ҳамма турларига, шунингдек, одамга ҳам юқади.

Бу касалликда ҳайвон жуда ҳам бўшашиб, иштаҳаси йўқолади, тана ҳарорати 41–42,5ºС га кўтарилади, шиллиқ пардалари кўкаради, ҳайвон ҳаллослайди.

Кўп ҳайвонларнинг терисида шишлар пайдо бўлади, қорамол вақти-вақти билан безовталанади, ич кетиши ва сийдик қизариши каби клиник белгилар намоён бўлади.

Бруцеллёз касаллиги (қораоқсоқ касаллиги). Мазкур касалликда ҳайвонларда ҳомила тушиши, йўлдошнинг ушланиб қолиши касаллик белгилари бўлиб ҳисобланади. Ҳомиланинг тушиши кўпгина ҳолларда буғозликнинг иккинчи ярмида кузатилади, касаллик инсонга юқади.

Бундай белги билан касалланган ҳайвонларга аниқ диагноз қўйилгунча сутини истеъмол қилмасдан туриш керак.

Туберкулёз (сил) касаллиги. Туберкулёз касаллиги сурункали ўтувчи характерли бўлиб, организмнинг ўпка, ичак, лимфа тугунларида ўзига хос турдаги туберкула тугунакларини ҳосил қилади, бу касаллик билан инсонлар ҳам касалланади.

Қутуриш касаллиги. Бу касаллик билан барча турдаги иссиқ қонли ҳайвонлар ва шунингдек одамлар ҳам касалланади.

Касаллик белгилари кўпчилик ҳайвонларда ўхшаш бўлиб, қўзғалувчанликнинг ортиши, атрофга жавоб рефлексларини бузилиши, иштаҳасизлик, еб бўлмайдиган нарсаларни тишлаши, кўплаб сўлак ажратиши билан характерланади. Бу ҳолат 2 кун давом этиб, ҳайвоннинг шол бўлиб ўлиши билан якунланади.

Оқсил касаллиги. Мазкур касаллик қорамолларда оғир кечувчи хусусиятга эга, касаллик оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватларида, елин терисида ва оёқларда яраларнинг ҳосил бўлиши билан характерланади.

Қорасон касаллиги. Бу касаллик 3 ойликдан 4 ёшгача бўлган қорамолларда кўп учрайди.

Касал молнинг тана ҳарорати кўтарилади, мускулли қисмларидаги шишган жойларда оғриқ ва ғижирлаш пайдо бўлади, ҳайвон 1–3 кун давомида нобуд бўлади.

Сальмонеллёз касаллиги. Касаллик билан бузоқлар 10 кунлигидан 2 ойлик ёшгача зарарланади. Касаллик сут, обрат орқали ва нафас олиш жараёнида юқиши мумкин.

Касал бузоқларда лоҳасланиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, бел қисмининг букчайиши, кўзларининг ярим юмилиши ва ёш оқиши, ич кетиши, жунининг хурпайиши каби белгилар кузатилади.

Метрит касаллиги. Бу касаллик бачадоннинг яллиғланиш касаллиги бўлиб, сигирларда кенг тарқалган ва турли кўринишларда кечади. Касаллик бачадоннинг шикастланиши, йўлдошнинг ушланиб қолиши ва бачадонга микроб тушиши натижасида келиб чиқади.

Касалланган молларда ҳолсизланиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, нафас олиш ҳамда юрак уриши тезлигининг ортиши, иштаҳа йўқолиши, инграш ва букчайиш каби аломатлар намоён бўлади.

Мастит касаллиги. Сут безларининг бир қанча турдаги бактериялар томонидан зарарланишидир. Сут безидаги яллиғланиш даражасига қараб касаллик белгилари ҳар хил бўлади.

Касалликнинг оғир кўринишларида елин шишиб кетади, унинг касалланган маҳаллий қисмларида ҳарорат кўтарилади, кучли оғриқ пайдо бўлади, натижада сигирнинг иштаҳаси йўқолади. Сурункали кўринишларида эса елин паллаларидан бири ёки бир нечтаси шишган ҳолатда бўлиб, сут ўзига хос бўлмаган ириган кўринишда бўлади.

Туққандан кейинги фалажлик касаллиги. Касаллик туғишдан кейин рўй беради. Сигирлар кўп миқдорда сут ишлаб чиқариши давомида катта миқдорда кальций ва бошқа қимматли минерал моддаларни организмдан чиқариб юбориши натижасида вужудга келади.

Касалликнинг биринчи белгиси бу – гандираклаш, ётгандан кейин тура олмаслик, сигирлар ётиб қолганда бошини қорин устига қўйиб ётиши кабилардир. Касал сигирга ўз вақтида зарурий чоралар кўрилиб ёрдам берилмаса, у нобуд бўлади.

Туёқ касаллиги. Касалликнинг келиб чиқишига сабаб – туёқнинг шикастланиши, туёқлар орасидаги терининг ёрилиши ёки шилиниши каби ҳолларда, шу жойга бактериялар тушиб зарарлайди ва касаллик келиб чиқади.

Касаллик белгилари шундан иборатки, молда борган сари оғирлашадиган оқсоқлик пайдо бўлади, туёқ атрофида шиш ҳосил бўлади, қўланса ҳид пайдо бўлади. Касаллик инфекциясининг оёқ бўғимларига ўтиши оқибатида мол нобуд бўлиши мумкин.

Чорва молларининг қон-паразитар касалликлари. Республикамиз ҳудудида кўп учрайди касаллик яйлов каналари томонидан юқтирилади.

Касалланган ҳайвонларда тана ҳарорати кўтарилади, иштаҳаси йўқолади, қон камаяди (анемия), сийдик тўқ қизил тусга киради, шиллиқ пардалар сарғаяди.

Касалликнинг олдини олиш учун молхоналарнинг деворларида тирқиш ёриқлар бўлмаслиги керак. Деворларни сувоқ қилиб, оқлаш мақсадга мувофиқ. Қорамолларни баҳор-ёз даврида ҳар 15–20 кунда чўмилтириб туриш, полиамидин, беренил, азидин препаратлари билан ҳар 100 кг тирик оғирлигига 5 мл ҳисобида олдини олиш тадбирларини ўтказиш тавсия этилади.

Оғиз сутини бузоққа тўлиқ тўйганича эмизилади. Бузоқ иссиқроқ жойда сақланади, айрим кишилар молхонасида махсус бузоқхона ҳам қурдиради ва унга эркин қўйиб юборади.

Сигирни соғишдан олдин, унинг елини олдин иссиқ сувда намланган латта билан артилиб, кейин қуруқ латта билан суртиб тозаланади.

Сигирни сақлайдиган жой тоза бўлиб, нам бўлмаслиги керак. Молхона ҳар 3–5 кунда исириқ (адарасмон) тутатилиб, дезинфекция қилиб турилади.

Бузоқни соғлом қилиб ўстириш учун, бузоқ ўзи озиқланадиган давргача, яъни 40 чиққанча эмчакнинг 2 та сўрғичини бузоқ эмиши учун қолдириш шарт.

Бузоқни ҳар куни тоза ҳавода яйратиш, яъни бўш қўйиш керак. Бошқа озуқалар билан озиқлана бошлагандан кейин қўшимча озиқлантирилади.

Сигирларни боқишда озиқлантиришга катта эътибор бериш лозим, уй шароитида боқилаётганда берилаётган озуқага ёт нарсаларнинг бўлмаслигига эътибор бериш зарур.

Сигирлар дамлатадиган озуқаларни истеъмол қилиб, дамлаб кетса қуйидагиларни бажариш лозим. Ҳайвонни югуртириш, тоза сут ичириш, устидан яхтак сув қуйиш, оғзига яхши чайналадиган дарахтларнинг (толнинг) новдасидан солиб боғлаб қўйиш.

Чўл, дашт зоналарида яйловга боқиладиган ҳайвонларда дала каналари ҳайвонларда учраши мумкин. Канани эса ўлдирувчи воситалар билан (керосин, какра қайнатмаси ва бошқа замонавий дезинфекторлар) ювиш керак.

Бузоқ, умуман ҳайвонларнинг ичи кетса, сариқ ўтнинг қайнатмасидан ичириш лозим.

Ҳайвон сақланадиган молхонани, ҳайвон молхонадан чиққандан кейин (баҳорнинг охири, ёз ойларининг бошларида) тозалаб, оҳаклаб қўйиш керак. Ҳайвон молхонага кириш олдидан ҳам шундай қилиш лозим.

Сигир туққандан кейин, тезда қуйга келиб, янгидан қочириш учун уни ҳар куни энг камида 1–1,5 км юргизиш зарур.

Қорамолларни бўрдоқига боқишда салқин, қоронғироқ жой мақсадга мувофиқ бўлади. Берилаётган озуқага эътибор бериш керак ҳайвонни озуқа билан бўктириб қўймаслиги лозим.

Ёз кунлари ҳар куни чўмилтирилса семириб, тозаланади. Семираётган мол жуда нозик дидли бўлади, агар озуқани кўнгилдагидай емаса, бошқасига алмаштириш зарур.


Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги

Улашиш: