Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Маржумак етиштирасизми?

22/Noyabr/2024 23:37
  1512

Маржумак, гречиха  — торондошлар  оиласига  мансуб ўтсимон ўсимликлар туркуми, дон экини бўлиб, фанга унинг 4—5 тури маълум. 

Маржумакнинг  бўйи 50—150 см. га боради. Пояси шохланган,  яланғоч,  қиррали,  қизғиш-яшил тусда.  Гуллари  оқ,  пушти,  қизил,  асал ҳидли,  қалқонсимон,  йирик,  нектар миқдори кўп. Меваси 3 қиррали, қўнғир, қора ёки кулранг тусда бўлади. Дони таркибида 12—18% оқсил, 59—62%  азотсиз  экстрактив моддалар, 2,5—3% гача мой бор; фосфор, органик кислоталарга бой. Маржумак  дони юқори  сифатли  озиқ-овқат  маҳсулоти ҳисобланиб, сифат  жиҳатидан  буғдой  донига  яқин туради. 

Маржумак  намсевар, иссиқсевар, баҳорги экин саналгани боис ниҳоллари — 2°C ҳароратда зарарланади.  Вегетация  даври 70—90 кунни ташкил этади. Ўсимлик асаларилар ёрдамида чангланади. Маржумак асалширали  ўсимликлар туркумига  киради. Маълумотларга кўра 1 гектар гречиха экилган майдондан 60 кг.гача асал олиш мумкин экан.

Гречиха баҳорда тупроқ яхши исиганда  оддий  қаторлаб  ёки  кенг  қаторлаб экилади.  Ўз вақтида қилинган ўтоқ ҳосилдорлик миқдорининг кўтарилишида муҳим аҳамият касб этишини унутмаслик лозим. Гуллаш ва дон ҳосил  қилиш  даврида  албатта экинни албатта суғориш  керак. Донларнинг 2/3 қисми қўнғир тусга киргач ўримни бошлаш мумкин бўлади. Гречка ҳосили вақтида йиғиб олиниши керак, акс ҳолда доннинг анча қисми тўкилиб кетиши мумкин. Шу сабабли экин пишиғи энг масъулиятли палла саналади.  Тупроқ унумдорлигига  қараб  ҳосилдорлик гектарига 30—44 цни ташкил этади.  Донларининг йирик ва тўла бўлиши суғоришга боғлиқ.  

Ä°lgili resim

Гречка ўсимлигининг ривожланиш даври навнинг хусусияти, экиш муддати ва ривожланиш давридаги агротехник тадбирларнинг ўтказилишига қараб 50 кундан 120 кунни ташкил этади. Гуллаб бўлгандан сўнг ўсимликда кичик учбурчак уруғчалар пайдо бўлади ва улар сентябрь – октябрь ойида етила бошлайди. Уруғлар тўқ жигарранг тусда бўлиб, ўлчами 5-7 мм атрофида, узунлиги 3-6 мм.га яқин ва  уч қиррали ёнғоқча кўринишида бўлади. Гречканинг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳосил бир текис етилмайди. Энг аввал поянинг пастки қаватида жойлашган донлар пишади ва осонгина синиб, тўкилаётган бир вақтда ўсимликнинг тепа қисми ҳали гуллаб турган бўлади.  Шунинг учун ҳам  пастки ярусдаги донлар йирикроқ ва тўқроқ бўлади. 

Гречкани экиш майдонининг ҳажмига қараб қўл меҳнати ёрдамида ёки комбайнда ўриб олиш мумкин. Терим қўл меҳнати ёрдамида амалга оширилса, маржумак  дони 70-75% , комбайн билан ўрилганда эса 80-85 % пишганда бошлаш керак ва бу жараён  4-5 кун ичида тугалланиши лозим. 

Унинг  ривожланиш даври навнинг хусусиятлари, экиш муддатлари ва ривожланиш давридаги агротехник тадбирларнинг ўтказилишига қараб 50 кундан 120 кунгача узунликдаги муддатни ташкил этади.  Гречиха ҳарорат ўзгаришига талабчанлиги боис об-ҳавонинг  кескин ўзгариши ўсимликнинг ривожланишдан тўхташига сабабчи бўлиши мумкин. Донларнинг униши учун тупроқ қатлами яхши исиган, ҳарорат эса плюс 8 дан паст бўлмаслиги лозим. 

Гречка  уруғи қадалгандан сўнг саккизинчи куни униб чиқа бошлайди. Поя ривожининг 5 чи кунда биринчи чинбарг ҳосил бўлади, 20 чи куни шоналашга киради; биринчи гул шоналашдан сўнг 20 чи кунда кўринса; битта – иккита ҳосил нишоналари гуллашдан 22  кун ўтиб кўринади; ҳосил нишоналарининг етилиш даври 20 чи кундан бошланади. Таъкидланганидек, бу ўсимлик учун сув муҳим омил бўлиб, экин сувни жуда  яхши кўради. Шунинг учун ундан мўл ҳосил олиш истагида бўлсангиз, суғориш  меъёрларига эътибор қаратиш лозим ва  бу тадбир вақтида амалга ошириш керак бўлади. Бундан ташқари экинга бутун мавсум давомида минерал  озуқалар бериб борилади. 

Гречкани такрорий экин сифатида август ойининг 1 – 10 кунларида экиш мақсадга мувофиқ. Маҳаллий шароитида гречкадан юқори ҳосилга 1-10 августда уруғни қалин қилиб экиш ҳисобига эришиш мумкин.

Гречка экилган майдонларда, ўсимлик гуллаган пайтда, уларнинг ўз-ўзидан чангланиши яхши бўлмаганлиги сабабли ҳар 1 гектар майдонга чанглатувчи сифатида камида 3 та асалари уясини олиб келиш яхши натижа беради. Аниқроғи, гречкадан юқори ҳосил олишга эришилади, сабаби, асаларилар ҳосилни 50 - 60% гача кўтаришга қодир бўлса, бундан ташқари гектаридан 40-60 кг гача асал тўплаш ҳам мумкин бўлади.

 

 

 

 

 

 

 

Улашиш: