Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Дайкон етиштириш ҳақида нималар биласиз?

22/Noyabr/2024 23:25
  1326

Дайконнинг  пайдо бўлганига минг йил бўлган. Ёввойи  дайконнинг келиб чиқиши Шарқий Осиёга бориб тақалади. Минг йил давомида унинг турли шаллари пайдо бўлди, олимлар унинг янгидан янги шаклларини яратишди. Хусусан, япониялик селекционерлар уни маданийлаштириб, таъми ва шакли турлича бўлган кўплаб янги навларини яратишган. Маълумотларга қараганда, Хитойнинг шимолида етиштирилувчи лобо навли турп  қачонлардир Японияга келтирилади. Кунчиқар мамлакат  тупроғининг ўзига хос таркиби, оролнинг иқлими ва давомли селекция лобонинг янги нави,  дайкон яралишига туртки бўлган экан. Орадан минг йил ўтсада у ҳануз Япония ва Кичик Осиё давлатларида энг севимли ҳамда асосий сабзавот сифатида қадрланади. Шу боис дунёдаги энг катта экин майдонлари ҳам Япония ҳиссасига тўғри келади ва бу ерда  унинг  100 дан ортиқ тури етиштирилади.   

Унинг  таркиби  озиқ моддаларга бой бўлиб, С ва В витаминлари, оқсил, пектинга ниҳоятда бой. У кам калорияли маҳсулот саналади, калорияси 18 ккалга тенг. 

Дайконнинг эътиборга молик муҳим жиҳати - у тупроқдаги зарарли моддаларни ўзлаштирмайди. 

Уни экишдан аввал ерни чуқурроқ ҳайдаш керак бўлади. Енгил тупроқда сабзавот мўл ҳосил беради. Экилаётганда уруғ 3 - 5 см чуқурга қадалади. 5 - 7 кундан сўнг у ниш уриб чиқади. Сабзавотни етиштиришда асосий жиҳат - тўғри танланган экиш муддати. Уни икки муддатда экиш мумкин. Бугунги кунда дайконни иссиқхона шароитида ҳам етиштирса ҳам бўлади. Ҳосил  навига қараб 40 - 70 кунда етилади. Теримни қуруқ об - ҳаво шароитида амалга ошириш лозим. Яна бир жиҳат, ҳосил ерда қолиб кетмаслиги керак, йўқса у товар кўринишини йўқотиб, гуллаб кетиши мумкин. Кечпишар дайкон 2 - 3 ой давомида яхши сақланади. Ҳосилни сақлашда албатта навни ҳисобга олиш керак. Ёзгилари   кам сақланади. Қишқи  навлари узоқ вақтгача яхши сақланиши мумкин. Бунинг учун  90 % намлик бўлиши керак. Сақланаётган  дайконлар қаватма - қават терилади ва орасига  қум сепилади. Бу ўсимлик Кореяда ҳам кенг тарқалган бўлиб, Ўзбекистон-Копиа маркази ходими уни етиштириш борасида тавсияларини бериб ўтади.

- Сизда турп қанчалик севиб истеъмол қилинса, Кореяда дайкон шунчалик севимли. Сабаби дайкон  овқат ҳазмини яхшилайди. Ушбу сабзавотни йил давомида етиштириш мумкин. Кўриб турганингиздек,  у  илдизмева, аммо унинг барги ҳам истеъмолга яроқли.  Шу боис уни ташлаб юборишга шошилманг. 

 Дайконни етиштириш жуда осон. Бунинг учун бир неча агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш зарур холос.  Сабзавотнинг уруғи йирик бўлгани учун уни аввал кўчат шаклида ўстириб олиш шарт эмас.  Уруғ шундайлигича ерга қадалади. Албатта дайкон етиштириладиган майдонни аввал тайёрлаб олиш керак бўлади. Ер яхшилаб кавланади, илдизмева ерга чуқур кириб боргани учун ерни чуқур қилиб кавлаш керак, бу иш амалга оширилгандан сўнг унга  органик ва минерал ўғитлар сонилади. Ер тайёр. Энди унга бемалол уруғ қадаса бўлади.  

Эндиги қадам  эгат тайёрлашдан иборат бўлади ёки  пол қилиб ҳам етиштириш мумкин. Уруғ бир - биридан 60 см кенгликда қадалади. Агар ҳосилингиз йирик бўлишини истасангиз уруғни худди шу тартибда қадайсиз. Майдароқ ҳосил олмоқчи бўлсангиз, уруғ 25 - 30 см атрофида экилади. Ораси зич бўлса, кўчат ёнга ўсмай юқорига қараб ўсади.  Ерга албатта уруғ қадашдан аввал яхши чириган органик ўғит солинади. 10 сотихга 3 тонна гўнг солиниб ер яхшилаб ағдарилади. 1 та тешикка 2 донадан уруғ солиш мақсадга мувофиқ. Бунда уруғнинг унишига қараб  яхши ўсгани қолдирилади, кичиги ягана қилинади. Агар бир дона уруғ қадасак у унмай қолса, ҳосилдорлик камайиб кетади. 3 - 4 тадан уруғ қадаш  ягана қилишни қийинлаштиради.  Шунинг учун бир тешикка 2 тадан уруғ қадаган маъқул. Экилгандан кейин уруғ униши учун томчилатиб суғориш мақсадга мувофиқ.  Дайконнинг уруғи катта бўлгани учун  кўп сув талаб қилади. Ривожланишининг  дастлабки босқичида ўсимликни яхшилаб суғориш керак, шунда у яхши унади. 

Қисқаси, сабзавотнинг агротехникаси жудда оддий ва осон. Кичик томорқалардан тортиб катта майдонда ҳам уни бемалол етиштириш мумкин. Оралиқ экин сифатида ҳам дайконни боғ қатор орасида етиштириш имкони мавжуд.  



Улашиш: