Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ерёнғоқ етиштириш бўйича тавсиялар

22/Noyabr/2024 17:00
  1548

Одатда бу экин  апрель-май ойларида экилади ва ҳосил сентябрь-октябрь ўрталарида йиғиштириб олинади.

Ерёнғоқ яхши ўтмишдош ҳисобланади. Озуқа унсурларига таъсирчан, ўртача 1 га ерга 20 тонна гўнг, 100 кг азот, 100 кг фосфор, 50 кг калий солинади. Ўғитлар ер ҳайдашдан олдин, экиш билан бир вақтда ва ўсув даврида солинади. Экиш учун сифатли уруғ танлаш лозим, жумладан, уруғ тозалиги 90%, унувчанлиги 85 % дан кам бўлмаслиги керак.

Уни  кенг каторлаб экиш мақсадга мувофиқ, шунда навига қараб қатор ораси 60 - 70 см, қаторда ўсимликлар ораси 10 - 15 см қилиб экилади. Экиш учун уруғ ёки бир уруғли дуккаклар ишлатилади. Экиш чуқурлиги 6-8 см, экиш меъёри гектарига 200-250 минг дона  уруғ. Бир гектарга 70 - 100 кг уруғ сарфланади.

Ўзбекистоннинг иқлими қуруқ, ёғингарчилик миқдори камроқ, шу боис суғоришда қулай бўлиши учун экинни томчилатиб суғориш усулида суғориш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу сувни иқтисод қилиш, керакли вақтда озуқа моддаларни бериш имконини яратади. Ҳосил экилган вақтдан бошлаб 100 кун ичида етилади.

Уруғ пишаётган даврда унинг ёғ, фосфатидлар, ёғсимон моддалар, бўёқ ва минерал қўшилмалар тўпланади бегона ўтлар чиқмаслиги учун уруғларни қора плёнка остига экиш мумкин. Ҳосил йиғилгач, сувда чайиб олинади ва 3 - 5 кун қуритилади. Яхши қуриган ҳосил силкитганда ўзидан товуш чиқаради.

Уруғлик учун сақланадиган уруғнинг намлиги 8 % дан ошмаслиги керак. Ерёнғоқ ўз-ўзидан чангланадиган ўсимлик бўлиб, 1,5 м гача масофада тармоқланиб ўсади. Ерёнғоқ поясининг пастки бўғинларидан ўсиб чиққан томирчалар гинофорлар деб аталади. Гинофорлар ерга 8-10 см чуқурликкача кириб боради. Унинг илдизи ўқ илдиз бўлиб, ҳосилли қисми ҳар томонга тармоқланади ва илдиз тупроққа 90 см гача кириб боради. Илдизларида асосан пишиб етилиш даврида кўп миқдорда тугунаклар ҳосил бўлади.

Ерёнғоқ сувга талабчан, айниқса гуллаш давридан мева ҳосил бўлгунгача сувни кўп талаб этади. Шу пайтда тупроқнинг намлиги 70% дан кам бўлмаслиги керак. Гуллай бошлагандан кейин суғориш лозим. Бу  даврда сувни етарли бўлмаслиги гуллаш ва мева ҳосил бўлишини тўхтатади, натижада дуккаклар ҳосили кескин камайиб кетади. Йирик уруғлар серҳосил бўлади. Майда ва пуч уруғлар экиш учун ишлатилмайди. Ерёнғоқ суғориладиган ерларда, етиштириш технологиясига риоя қилинганда гектаридан 30-40 ц ҳосил бериши мумкин ва  ҳар гектарда 100-120 кг биологик азот қолдиради. У органик ва маъданли ўғитларга жуда талабчан. Фосфорли, калийли ўғитлар ерни ҳайдашдан олдин, азотли ўғит экиш олдидан берилади.

Улашиш: