Харид Қилиш Саватчаси

Жами

БОРДО суюқлиги ҳақида маълумот

22/Noyabr/2024 18:22
  2589

Одатда боғбонлар мевали боғларни турли касаллик, зараркунанда ва ҳашаротлардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Бунинг учун кенг қамровли даво чоралари қўлланади. Аммо кўп ҳолларда улар камчиқим, самарали, халқона усуллардан кўра, кимёвий дорилашни афзал билади. Нима  учун шундай?  Боғбонлардан бу ҳақда сўраганимизда, синовдан ўтган безарар дори воситаларини тайёрлашни билмасликлари маълум бўлди. 

Мутахассисларнинг  таъкидлашича, ўсимликларнинг замбуруғли ва бактериал касалликларига  карши  ишлатиладиган  препарат – Бордо суюқлиги деб номланади. Бу мис  купоросининг оҳак  эритмаси  билан 1:1  нисбатдаги  аралашмаси бўлиб, у  фақатгина сепиш  олдидан  тайёрланади.  Ўзбекистонда  мис  купороси ва оҳакнинг қоришмасидан ҳосил бўлган эритма фунгицид сифатида боғ ва далаларда тарқалган замбуруғли инфекциялар, меваларнинг барг бужмайиши, калмараз,  антракноз,  шунингдек  беда, сабзавот  ва  бошқа  экинларнинг  қўнғир доғига ҳамда шу каби бошқа замбуруғли касалликларга  қарши  қўлланади. Ишчи эритма таркибидаги кальций унумсиз тупроқларда ўсувчи мевали дарахтларга унинг ўрнини тўлдиришга ёрдам беради. Бундан ташқари эритма таркибидаги мис  узоқ вақт давомида дарахтни замбуруғ ва паразитлардан ҳимоялайди. Бордо суюқлигининг таъсир механизми мис ионининг замбуруғга салбий таъсирига асосланган. Илмий адабиётларда келтирилишича, 10 литр 1% ли Бордо суюқлигини тайёрлаш учун 100 г мис купоросига 3 — 4 литр иссиқ сув қуйиб, ёғоч, шиша ёки сопол идишда аралаштирилади, сўнг қолган сув совуқ ҳолда 5 литрга етгунча қўшилади. Бошқа идишда 5 л сувда 150 г оҳак эритилади. Мис  купороси эритмаси оҳакли эритма  устига қуйилади, аксинча мумкин эмас.  Аралашма таркибидаги оҳак миснинг кучли таъсирини юмшатади ва ўсимликда узоқ вақт қолиш имконини беради.  Мазкур суюқликни тайёрлаш кўп вақтни талаб қилмагани ҳолда, профилактик чора сифатида яхши самара беради. 

Суспензия ҳолида суюқликнинг муҳити нейтрал ёки кучсиз ишқорий бўлиб, ишлатиш вақтидан бир оз олдин 1 ёки 3% ли қилиб тайёрланади. Агар ҳосил бўлган суспензия қуйқаси идиш тубига чўкса, бундай эритма қўллашга яроқсиз ҳисобланади. Бордо суюқлигини тайёрлаш технологияси тўғри бажарилганда ҳосил бўлган суспензия қўлга худди совун кўпиги каби илашади. Бордо суюқлиги суспензиясини узоқ муддат сақлаб бўлмайди, негаки   коллоид заррачалари бирлашиб, катталашиб, тезда чўкма ҳосил бўлади. Шуни унутмангки, мис купороси эритмасини "оҳак сути" билан бир-бирига иссиқ ҳолатда қўшиш мумкин эмас. Тасвирланган реакция жараёни жуда тез суръатлар билан содир бўлса, ўсимликни ҳимоя қилиш жараёни қисқа муддатли бўлади, бунда ҳатто ўсимлик баргларида куйиш ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин. Уруғмевали дарахт куртакларининг уйқу даврида 3% ли, куртаклар уйғониб барг ва мева туганаклари шакллана бошлагандан сўнг баргларда куйиш содир бўлмаслиги учун 1%ли ҳолатида пуркалади. Бордо суюқлиги уруғ мевали боғларда цитоспароз касаллиги таъсирини олдини олишда энг самарали усул бўлиб, уни махсус пуркагичлар ёрдамида дарахтнинг ер устки қисмига йил давомида олти марта тўлиқ сепиш тавсия қилинади. Оҳак билан ишлаётганда пластмасса идиш  ишлатиш тавсия этилмайди. Сабаби у эриб кетиши мумкин. Бундан ташқари эритма тайёрлаш учун қўлланиладиган оҳак ёпиқ идишда сақланган бўлиши лозим, очиқ ҳолдаги оҳак кислород ва карбонат ангидрид билан реакцияга киришиб, ўз хусусиятини йўқотади. 

Ишлов гуллашдан аввал амалга оширилади. Бордо суюқлигини дарахтлар гуллагандан сўнг сепиш тавсия этилмайди. Акс ҳолда дарахт барглари куйиши, меванинг сифати бузилиши мумкин. ушбу суюқликни эрта баҳорда қўллаш мевали боғларнинг замбуруғ билан касалланишининг олдини олади. Ишчи эритмани сепиш вақтига ҳам қатъий амал қилиш кутилган натижага эришишга сабаб бўлади. Ишни албатта эрта тонгда ёки кечқурун, булутли ва шамол бўлмаган вақтда амалга ошириш керак. Жазирама иссиқ ва ёмғир ёғаётганда бордо суюқлигини сепиб бўлмайди. Бу дарахт барги ва новдаларнинг куйишига олиб келади.  Бундан ташқари хавфсизлик нуқтаи назаридан иш жараёнида суюқликнинг ерга тушишининг олдини олиш керак. Эритманинг энг муҳим ҳусусияти шундаки, у ҳатто муттасил ёмғир ёғиб турганда ҳам ювилиб кетмайди.  Бордо суюқлиги пуркалган сабзавотларни 20, меваларни  15, резавор меваларни эса 25 кундан сўнг истеъмол қилиш мумкин бўлади. Ушбу  эритмани тайёрлаган куни ишлатиб юбориш тавсия қилинади. аммо суюқликка, масалан 10 литрга 5 грамм миқдорида шакар қўшиб бир кун сақласа бўлади. 

Бордо суюқлигининг қўлланилиш тарихи ҳақида гап кетганида  мазкур эритма илк бор 19 асрда Франциянинг Бордо шаҳрида тайёрланган ва кенг миқёсда қўллана бошланганлигини айтиб ўтиш жоиз. Шаҳарнинг номи эса эритма учун асос қилиб олинган.  Француз дорилаш воситаси ҳозирда дунёнинг кўплаб саноат боғларида профилактика ва даво сифатида қўлланилади. 

Тайёрланган эритмани сепишдан аввал унга мих, пичоқ ёки сим учини ботириб кўриш тавсия этилади. Нотўғри тайёрланган эритма қизил  қатлам қолдиради. Бу эритмада мис сульфати кўплигини билдиради. У эса куйдириш хусусиятига эга. Агар эритма шундай белги қолдирса, демак у ишлатиш учун яроқсиз саналади. Бордо суюқлиги асосан олма ва нок кушандалари билан яхши курашади. Маълум сабабларга кўра ишлов бериш вақти ўтган бўлсаю, дарахтлар замбуруғ билан кучли зарарланган бўлса, уни дарахтлар куртак ёзиши билан сепиш тавсия этилади. Бундан ташқари ушбу эритма ёрдамида токни ҳам даволаш мумкин. Ишловдан  сўнг дарахтлар  ҳаворанг тус олгани учун кўпчилик ушбу тадбирни  ҳаворанг пуркаш деб атайди. Пуркаш жараёнида суюқлик дарахтнинг бутун танага сепилишини назорат қилиш керак.У дарахтларни бир ой давомида ҳимоя қилади. Аммо ҳарорат ва намлик орта бошлагач, ҳимоя вақти қисқаради.


Улашиш: