Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Насилли молларни етиштиришда бузоқларни парваришлашга оид тавсиялар

22/Noyabr/2024 11:41
  1323

Бузоқларни сут ичиш даврида парваришлаш. Маҳсулдор моллар етказиш аввало соғлом бузоқлар олишдан бошланади. Ҳомила она қорнида меъёрида ўсиши сигирларни бўғозликнинг 8–9-ойларида тўйимли озиқлантиришга боғлиқ. Сигирлар бўғозлигининг сўнгги 60–65 кунида тирик вазни 50–55 килограммга ўсишини таъминлаш керак. Бу даврда ҳомиланинг вазни туғилган бузоқлар вазнининг 70 фоизини ташкил қилади. Бўғоз сигирларни туғишидан олдин тоза жойларда сақлаш, туғдириш ҳамда бузоқларни биринчи 2–3 кун давомида онаси билан тоза ва қуруқ хоналарда бирга сақлаб, мумкин қадар оғиз сутига тўйдириш керак. 

  Шундан сўнг бузоқлар онасидан ажратиб олиниб, алоҳида уйча-профилакторияларда парвариш қилинади. Уйчаларда ветеринария-санитария тозаликни таъминлаш, бузоқларни сақлаш ва озиқлантириш технологик усулларига риоя қилиниши талаб этилади. Бузоқларни озиқлантириш тартиби ва меъёри махсус тасвир асосида амалга оширилади. Профилактория хоначаларига олинган бузоқларга биринчи ўн кунликда ўз онасининг сути берилади. Сўнгра эса ферма ёки подада соғиб олинган умумий сутдан озиқлантирилади. Бошқа озуқаларга (майин ем, беда пичани ва ҳоказо) ўргатиш бузоқларнинг 15 кунлигидан бошланади. 

    Бузоқларга сут ичиш даврида 350 кг қаймоғи олинмаган сут, 400 кг қаймоғи олинган ёки сунъий сут, 45–50 кг омухта ем, 50 кг пичан, 30 кг силос ва 21 кг сенаж бериш тавсия этилади. Шунда давр охирига бориб уларнинг тирик вазни 95–105 кг. га етади. Бу даврда бузоқларга сомон ва бошқа дағал хашакларни бериш умуман мумкин эмас. 

 Пода тўлдирувчи ёш молларни озиқлантириш.  Бузоқлар 3 ойлигидан      6 ойгача бошқа хоналарга ўтказилади ва 10 бошдан гуруҳларга бўлинади. Бу даврда 135–140 кг. дан омухта ем, 450 кг кўк ўт, қиш пайтида шу миқдорда омухта ем, 180 кг пичан, 120 кг сенаж ва 620 кг силос берилади. Бу пайтда бузоқларнинг кундалик семириши 700–750 граммни ташкил этиб, давр охирига бориб уларнинг тирик вазни 175–180 килограммга етади. 

   Бузоқлар 6 ойдан 12 ойгача 10–15 бошдан гуруҳ қилиб боғламасдан боқилади. Бу даврда бузоқларнинг ҳар бошига 4,5–5 озуқа бирлигида озуқа бериб борилади. Бундай боқишда 1 ёшга тўлган бузоқларнинг тирик вазни 285–306 кг. га етади. 12–18 ойлик таналарнинг кунлик семиришини 500–550 г. га, давр охирига бориб тирик вазнини 360–385 кг. га етказиш учун 6,5–7,5 озуқа бирлигида озиқлантириш тавсия этилади. 

Улашиш: