Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Шафтоли етиштириш бўйича маълумотлар

22/Noyabr/2024 12:10
  1582

Шафтоли меваси жуда кенг тарқалган бўлиб, уни Ўзбекистоннинг кўпгина ҳудудларида муваффақиятли ўстириш мумкин. Шафтоли яхши ривожланиши учун ёзги мавсумда етарлича суғориш, унумдор-намликни яхши ўтказувчан ва азотга бой тупроқ, ҳамда мевалар сийраклаштирилиши, шу билан бирга шафтолининг барг бужамайиши ва монилиоз касалликларига қарши  кимёвий препаратлар қўлланилиши талаб этилади.

Шафтоли дарахти қисқа умр кўради (15-20 йил). Шафтолилар (шу жумладан туксиз турлари ҳам) ўз-ўзини уруғлантира олгани сабабли, чанглатувчи дарахтга мухтож эмас.

Тупроқ шароитига бўлган талаблар. Шафтоли дарахтлари қисман pH даражаси (тупроқдаги водород ионлари миқдори) бироз юқори 6.0 ва 6.5 бўлган тупроқларни хуш кўради. Бу кўрсаткич бир оз кўп ёки кам бўлса ҳам дарахт ўсавериши мумкин, аммо бундай шароит унинг саломатлиги ва ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатади. Шафтоли дарахтлари қумоқ ва сувни яхши ўтказувчан тупроқларда яхши ривожланади. Агар тупроқнинг сув ўтказувчанлиги суст бўлса, унга гўнг, қум ёки торф (ўсимлик чириндилари) қўшиб чуқур чизел қилиб аралаштириш тавсия қилинади. Юқоридаги тупроқ таркибини яхшилашга мўлжалланган махсулотларни айнан кўчат экилиши режалаштирилаётган чуқурчага солиш тавсия қилинмайди.

Шафтоли дарахтларининг томирлари яхши сув ўтказмайдиган тупроқларда ўсишдан тўхтайди ва нобуд бўлади.

Аксарият мевали дарахтлар тупроқ таркибидаги pH кўрсаткичи 6.5га яқин бўлган шароитларда яхши ўсади. Ўзбекистонннинг аксарият ҳудудларида тупроқ рН кўрсатгичи юқори бўлганлиги сабабли дарахт экишдан олдин гипс қўшиш орқали унинг рН кўрсатгичини нормаллаштириш мумкин. Тупроқнинг pH кўрсаткичи ва унумдорлик даражасини аниқлаш учун тупроқ анализи натижаларидан фойдаланинг.

Суғоришга бўлган талаблар. Шафтоли дарахти энг кўп сувни  ёшлик даврида истеъмол қилади. Бир йиллик кўчатларни ҳафтада бир маротаба ёки ёз фаслида, ҳафтада икки маротаба суғориш тавсия этилади. Калифорния Университетининг Катта Боғбони Стив Альбертнинг тавсиясига кўра тупроқ етарли миқдорда нам ушлаб турилган шароитларда мевали дарахтлар ҳосилдорлиги юқори бўлади. Шафтоли дарахти сув етишмаслик ҳолатида ҳам мева бериши мумкин аммо дарахт стресс ҳолатига тушади ва мевалар майда бўлиб қолади. Тупроқ намлигини сақлаш учун дарахт танаси атрофига мулча (майдаланган ўсимлик ва дарахт қолдиқлари) солинади, лекин мулча дарахт танасига тегмаслиги керак.

Ўғитлантириш тартиби. Тўғри вақтда ўғитлаш ривожланаётган (актив) озуқа етказиб берувчи илдизларнинг озиқлантирувчи моддаларни ўзлаштириб олиши учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Қишнинг ярмидан Март ойигача бўлган тиним даври оралиғида экилган шафтоли кўчатлари Август ойига қадар ўғитлантирилиши тавсия қилинмайди. Икки йиллик ёки тўлиқ ривожланган дарахтлар танаси атрофига Июнь-Август ойларида 1 стакан (250гр) ўғит, аммоний сульфат ёки кальций нитрати қўлланг, аммо озуқани дарахт танасига яқин жойга йиғилиб қолиши олдини олинг. Ҳар мавсумда март ойининг бошида эса дарахт танаси атрофи бўйлаб "NPK 10-10-10"формуладаги комплекс ўғитдан фойдаланинг. Ушбу ўғит таркибида 10%дан азот, фософор ва калий мавжуд. Ўғит қадоқланган идишда кўрсатилган йўриқномага риоя қилинг. Ўғитлардан нормадан ортиқ фойдаланиш мева сифатига салбий таъсир кўрсатиб, кейинги йилги ҳосилдорлик даражасини пасайтириб юбориши мумкин.

Шафтоли дарахтлари азотга бой бўлган тупроқларда яхши ривожланади ва уларга биринчи галда талаб қилинадиган озуқавий моддалар қаторига азот, кальций, фосфор, магний, олтингугурт ва калий кабий элементлар киради. Ушбу озуқавий элементлар маълум бир даражада тупроқ таркибида бўлсада, тупроқни лабаратория ёрдамида анализ қилдириш уларнинг мавжудлик ва етишмаслик даражасини аниқлашга ёрдам беради. Камроқ даражада талаб қилинадиган озуқавий моддалар таркибига хлор, темир, марганец, бўр, мис, рух ва молибден киради. 

Шафтоли дарахтларини парваришлаш

Тиним даврида охирида

Калифорния қалқандориси (щитовка) ва шафтоли пўстлоқ битига қарши дарахтларга ёғли аралашма сепинг.

Шафтоли барг бужамайиши касаллиги олдини олиш учун куртак ҳаракатга келишидан олдин 3%ли ва гул тўкилгандан сўнг 1%ли бордо суюқлигидан фойдаланинг.

Қуёш нури дарахт ичига яхши кириши ва ортиқча мевани назоратга олиш учун ҳар йили ўтган мавсумда ўсган шохларни 50%га қисқартириб, буталанг. Бу янги шохларни яхши ривожланиши ва келгуси йилги ҳосил учун замин вазифасини ўтайди. Дарахт ичини сўрувчи шохлардан мунтазам равишда тозаланг.

Дарахт гуллаган пайтда

Мева чириши (монилиоз) касаллиги олдини олиш учун дарахт куртаклари оқарганда (очилган бодроқ ҳолатига келганда) ва тўлиқ гуллаган вақтда фунгицидлардан фойдаланинг. 

Ёш кўчатларни апрелдан ойидан бошлаб ҳар ойда азот билан озиқлантиринг. Бир мавсумда ҳар бир кўчатни 220 грам карбамид билан 6-7 мартага (дозага) бўлиб озиқлантиринг, балоғатга етган дарахтлар учун ушбу нормани 50%га кўп қўлланг.  

Юқори сифатли мева олиш учун мевалар ғўра бўлганда 15 см узоқликда тоқаланг. Тоқалаш мевалар сонини камайтиради, лекин уларнинг ҳажмини катталаштиради ва шохлар синиши олдини олади.

Ёзги ўсиш даврида

Ёш кўчатларни ҳар ойда азот билан озиқлантиринг. Бир мавсумда ҳар бир кўчатни 220 грам карбамид билан 6-7 мартага (дозага) бўлиб озиқлантиринг, балоғатга етган дарахтлар учун ушбу нормани 50%га кўп қўлланг.  

Агар ариқ билан суғорилса ҳар 10 кунда бир марта ёки томчилатиб ҳар 2 кунда бир суғоринг.

Дарахтлар остини бегона ўтлардан тоза тутинг.

Куз, мева териш мавсуми

Тешикчали доғланиш (клястероспориоз) замбуруғига қарши ёмғирли мавсум бошланишидан олдин, барглар 60-70% тўкилганда 3%ли бордо суюқлиги сепинг.

Мева териб олингандан сўнг дарахтларни озиқлантиринг.

Шафтоли паршаси ривожланиши олдини олиш учун, кеч куз тўкилган баргларни боғдан чиқаринг ёки плуглаб тупроқ билан кўмиб ташланг.  

Дарахтда мумланиб (қуриб) қолиб кетган меваларни қиш мавсумига қолдирмай териб ташланг.


Манба: mevazor.uz

Улашиш: